ЮЛДУЗИМИЗ

Ҳар бир давлатнинг байроқ, гимн, герб сингари рамзлари бор. Булардан давлат нашидаси – гимн мусиқий санъат турига мансуб бўлса, байроқ билан герб визуал – кўриб англанади. Шу билан бирга, ҳар бир давлатнинг ўз юлдузи бор. Аксар ҳолларда юлдуз тасвири байроққа туширилади ёки герб устида юлдуз тасвири муҳрланган бўлади. Кўрамизки, юлдуз ҳам муҳим рамзлардан, у алоҳида ҳолда ҳам, гербда ҳам, байроқ узра ҳам намоён бўлади.

 1991 йил 18 ноябрда тасдиқланган Ўзбекистон байроғининг юқори қисмида ўн иккита юлдуз уч қатор қилиб жойлаштирилган. Бу – ўн икки дона беш қиррали юлдуздир. 1992 йил 2-июлда тасдиқланган Ўзбекистон гербининг энг юқорисидаги ҳилол тасвири ичида ҳам юлдуз тасвири туширилган. Ҳар иккиси – Давлатимиз байроғида ҳам, гербида ҳам юлдузлар беш қиррали. Аммо кейинчалик саккиз қиррали октаэдр (иккита квадратнинг кўндаланг қўйилиши) шаклидаги юлдуз қўллана бошлади ва бизда икки хил юлдуз пайдо бўлди. Ҳозир кўп идораларининг дарвозаю панжараларида, идора ходимларининг бош кийимию погонларида саккиз қиррали юлдуз бор.

 Аслида, ҳар бир давлатнинг герби, байроғи битта бўлганидай, юлдузи ҳам бир хил бўлар эди. Бизда эса ҳозир икки хил юлдуз порлаб турибди, улардан бири бешқирра, иккинчиси эса саккиз қиррали.

 Ўзи, аввало, давлат рамзи сифатида юлдуз нимани англатади? Нима сабабдан дунёдаги деярли барча давлат байроқларига гул ё балиқ эмас, айнан юлдуз қадалган бўлади? Нега айрим давлат байроқларида битта, бошқасида эса учта, бешта, элликта ва ҳоказо юлдуз тасвири чизилган?

Геральдика, нумизматика ва ҳоказо илмлар борки, булар турли замонларда турли давлатларда қандай рамзлар қўлланганини тадқиқ этади. Каминангиз бу илмлардан унча баҳраманд эмас, аммо кузатишимча, ҳар бир давлат байроғининг рангида ҳам, ундаги тасвирларда ҳам катта ижтимоий-сиёсий маъно намоён бўлади (масалан, Саудия Арабистони байроғи яшил – исломий тусда. Совет давлати байроғи эса қип-қизил бўлиб, бу инқилоб учун жангларда яраланган ё ҳалок бўлган йўқсулларнинг қонли кўйлаги байроқ қилиб кўтарилган деб талқин этиларди).

Давлат рамзлари деган бирикмадаги «рамз» калимаси муайян белги ортида қандай маъно борлигига диққат қилиш лозимлигини кўрсатади. Гап юлдуз ҳақида борар экан, қайд қилиш керакки, дунёдаги аксар давлатларда юлдуз беш қиррали. Бу унинг чақнаб туришини яхшироқ ифода этади. Аммо қирралар сонининг нечта эканлиги сиёсатга кўпам дахли йўқ. Зеро собиқ Шўро давлатида ҳам, мафкура жиҳатидан унинг зидди бўлган АҚШнинг ҳам, Доминикаю Жибутининг ҳам, Хитой ва Албаниянинг ҳам, Покистон ва Чилининг ҳам, Буркина-Фасо ва Венесуэланинг, Гана … хуллас, ўнлаб давлатлар юлдузи беш қиррали.

Юқорида ҳарбийлар, милиционерлар ва ҳоказолар погонида саккиз қиррали юлдуз қўлланаётганини қайд этган эдик. Аммо у «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»да юлдуз деб эмас, «давлат ҳурлиги рамзи» деб таърифланган: «Гербнинг юқори қисмида давлат ҳурлигининг рамзи сифатида 8 бурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвири бор» (3-жилд, 154-б.). Тилга олинган ярим ой (ҳилол) қўйнидаги юлдуз эса беш қиррали. Ҳилол бизнинг тарихий анъаналаримиз руҳини ифодаласа, юлдуз, одатдагидай ўз ўрнида келган. Кўрамизки, миллий энциклопедия ҳам беш қиррали юлдузни юлдуз деб тақдим этаётир.

Аммо ушбу энциклопедиядаги жумланинг аввалги қисми савол қўзғатади: қандай асосга кўра октаэдр… «давлат ҳурлигининг рамзи» деб ҳисобланади? Унда, гербида шундай саккизқирра тасвири бўлмаган давлатлар ҳур эмас, қарам давлатлар саналадими? Биздан аввал қайси мустақил мамлакат уни ҳурлик рамзи қилиб олган? Борингки, бу миллий нақшнинг шундай бир шакли деб қабул қиладиган бўлсак, хўш, ушбу октаэдр нима учун ҳозир юлдуз ўрнида қўлланяпти?

Ажабки, гербда илк бор тасвир этилган ана шу октаэдрнинг қирралари кейинчалик янада учланиб, саккиз қиррали юлдуз шакли берилди ва у погон ва ҳоказоларга кўчиб ўтди.

Ўзбекистон бир бутун давлат. Ва унинг юлдузи – беш қиррали. Шўро давридагидан фарқли ўлароқ, унинг туси ҳақиқий юлдузлар каби оқ, нурафшон. Ўзбекистонннинг давлат байроғида ҳам юлдузлар оқ рангда.

Гербимиз ҳақидаги матнларда ўзгармаган ҳолда кўчиб ўтадиган талқиннинг рус тилидаги варианти янада антиқавор: унда «В верхней части герба находится восьмигранник, символизирующий утверждение республики», деб битилган. Бу хилдаги матнлар бизда одатда рус тилида тайёрланиб, кейин «давлат тили»га ўгириб қўйилишини ҳисобга олсак, бу жумлага ҳам этибор қилишимиз шарт: гербида ана шундай «восмигранник» бўлмаган республикалар эътироф этилмаган бўлади, деган бир хато хулоса ўз-ўзидан келиб чиқади.

Аммо бундан қатъи назар, бир нарса аниқ: байроқ ҳақидаги қонун матнидаги «юлдуз» калимасида, герб ҳақидаги қонуннинг талқин ва шарҳларида «ярим ой ва юлдуз» деганда айнан беш қиррали юлдуз тилга олинган. Чунончи, энциклопедиядаги бу мақола Ўзбекистон байроғи  ва герби ҳақидаги қонунлар матни асосида тайёрланган.

Бундан келиб чиқадиган биринчи хулоса:

Ўзбекистон Давлатининг рамзлари бўлган байроғимизда ҳам, гербимизда ҳам юлдуз – беш қиррали юлдуздир, саккизқиррали эмас. Бинобарин, энди бу икки хилликка барҳам бериш: ё барча саккиз қиррали юлдузни беш қирраликка алмаштириш, ёки Давлат Байроғи ва Гербидаги беш қиррали юлдузни октаэдрга алмаштириб, бу ҳақидаги қонунларга ҳам ўзгартиш киритиш даркор.

 Хўп, бу хато экан, аммо орадан талай йиллар ўтди, энди шуни кўтариш шартми, деб айтишлари мумкин. Бизнингча, шарт. Яъни, ё қонунга амал қилайлик, ё қонунни мавжуд ҳолатга мувофиқ ҳолга келтирайлик. Чунки бирон ижтимоий жамиятда чиқарилган қонунлар табиат қонунлари сингари абадий ўзгармас нарса эмас, ҳамиша ислоҳ этилишга, такомиллашишга муҳтож воқеликдир.

Энди иккинчи масала. Кузатишимизча, ҳар бир давлат байроғидаги юлдузларнинг миқдори аксар ҳолларда шу давлатда нечта қонун чиқарувчи орган борлигига далолат қилади. Масалан, Америка Қўшма Штатлари – федератив давлат. Унинг байроғида элликта юлдуз тасвирланган, зеро АҚШ элликта штатдан иборат. Ва ҳар бир штат ўз қонун чиқариш органига эга.

Албатта, савол беришлари мумкин: собиқ Шўро давлати ўн бешта республика (шунингдек кўплаб автоном республикалар)дан иборат «иттифоқ» бўлиб, уларнинг ҳар бирида «қонун чиқарувчи орган»лар мавжуд эди-ку, унда нимага Шўро байроғида биттагина юлдуз бор эди, деб. Сабаби шуки, Шўро давлатида иттифоқ қонунлари республикалар қонунлардан устун кучга эга эди; масалан, бирон иттифоқдош республика қонунидаги қайсидир ҳолат «Иттифоқ» қонунига зид келса, «маҳаллий» қонун доминион вазиятга тушар, яъни эътиборга олинмай, Иттифоқ қонуни қўлланар, демак, улар хўжакўрсин учун, номига эди. Америкада эса аксинча: бу мамлакатда ҳар бир штатнинг қонуни шу штат ҳудудида мамлакат қонунларидан устун туради, шунинг учун унинг байроғидаги юлдузлар сони элликта. Бирма байроғида эса битта катта бешқирра юлдуз ва унинг атрофига бешта бешқирра юлдуз доира шаклида жойлаштирилган. Чунки Бирма ўз маъмурий тузилишига кўра олти қисм – Асл Бирма (катта юлдуз), Котулей, Кая, Качин, Шан каби давлатлар ва Чин махсус округи (кичик юлдузлар)дан иборат. Буларнинг ҳар бирида қонун чиқарувчи органлар мавжуд.

Хўш, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғида юлдузлар сони нима сабабга кўра ўн иккита? Аксар матнларда бу қуйидагича изоҳланган: «Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.

Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим».

Кўрамизки, бир ҳодисага уч хил изоҳ берилган: «тарихий анъаналар, қадимги йилнома», «Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатларда нужум илми тараққий этганлиги» ҳамда «ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши»… Аслида, бу талқинларнинг ўзи изоҳга муҳтож:

қадимги йилнома дегани фақат Ўзбекистонда эмас, бутун Осиё қитъасида – дунёнинг деярли ярмида амал қилган мучал саноғидирки, унга ҳурмат билдириш учун айнан Ўзбекистон Давлат байроғида ўн икки мучални юлдуз шаклида акс эттириши шарт эмас.

 Иккинчи асос ҳам мулоҳазаталаб: бу сарҳаддаги (аслида «ҳудуд» бўлиши керак, сарҳад – чегара дегани) қадимги давлатлар «илмий тафаккурида нужум илми» (жумла ғализлигига қаранг!) тараққий этгани учун юлдузлар сони ўн иккита бўлса, унда, бу илм кўпроқ ривожланган мамлакатларнинг байроғида юлдузлар сони янада ортиқроқ бўлиши керакми?

Ва ниҳоят, «ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши» Давлатимиз байроғидаги юлдузлар сони 12 та бўлишини тақозо этмайди. Байроғидаги юлдузлари камроқ давлатлар халқларининг маданияти кейин шаклланмаган, улар ҳам комилликка интилади, ўз она тупроғини бизлардай севишади ҳам.

Такрор айтамиз,

Давлат байроғидаги юлдузлар сони шунчаки белгиланмайди, у ушбу мамлакатда нечта қонун чиқарувчи орган борлигини билдиради; қонун чиқарувчи орган сони ортса ё камайса, шунга қараб байроққа ҳам ўзгартиш киритилади.

Масалан, Америка Қўшма Штатларининг Давлат байроғи ҳозирга қадар 28 марта янгиланган. АҚШ дастлаб таркиб топганида уюшган шататлар сони 13 та бўлган ва давлат байроғидаги юлдузлар сони ҳам 13 эди,  ҳозир эса АҚШ байроғидаги юлдузлар сони 50 тага етган, чунки ҳозир бу давлат 50та штатдан иборат.

Тўғри, Ўзбекистон таркибида Қорақалпоғистон Республикаси бор ва унда қонун чиқарувчи орган – Жоқарғы Кенгес мавжуд. Аммо Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан номувофиқ келган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси қонунлари устувор ҳисобланади, бинобарин, Ўзбекистон Давлат байроғида иккита юлдуз тасвирланиши лозим эмас.

Албатта, байроғида юлдузлар сони турлича бўлган давлатлар кўп, уларнинг барчасида ҳам юлдузлар сони қонун чиқариш органлари билан мувофиқ келавермайди. Аммо бу ҳол кўпинча майда – давлат рамзлари илми шаклланмаган мамлакатларга хос. Биз эса, Давлат байроғи ҳақида қонунда дарж этилганидай, тарихий анъаналарга эга бўлган қадимий маданият соҳиби бўлган йирик бир халқ сифатида, бундай масалаларда ҳам комилликка интилиб, дунёнинг кўп жойларида ҳилпираб турган байроғимиздаги юлдузлар сонини битта қилиб тасвирласак, тўғрироқ бўлар эди.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

2018 йил 12 январ сонидан олинди

1+