ЎЗБЕКНИНГ ПОЛВОНЛАРИ

Ўзбек полвонларини даврага билагидаги кучи, белидаги қуввати эмас, юрагидаги ҳовури олиб чиқади. Даврада ор учун, ҳалоллик учун, ҳурмат учун, қадр учун кураш кетади.

УСТОЗИНИНГ ЁҚАСИДАН ТУТМАЙДИГАНЛАР

— Зулфиқор полвонникига суннат тўйига-а-а!

Тўй бекаси эшикма-эшик юрди. Хонадонларни алоҳида-алоҳида айтди.Кейин, Зулфиқор полвон от минди. Эл-юртни ўз номидан айтди. Эл-юрт кўнгли нозик-да. Тўй бекаси айтган бошқа, тўй хўжаси айтган бошқа. Болалигимда кўча ўйинларига ўч эдим:

— Ҳой, сен фалончининг ўғлимисан, отангга айт, эртага тўйга борсин, — дегувчилар бисёр эди. Уйга қайтиб, жарчининг сўзларини отамга айтсам: — Мени тўйга айнан ким айтди? — деб сўрар эдилар.

— Нима фарқи бор, ким бўлса ҳам айтди-да, — деб кетаверардим ёшлик қилиб. Отамнинг баъзида айтилган тўйларга ҳам бормаганини эслайман. Билсам, тўй эгаси шахсан келиб айтмаса, борилмас жойлар ҳам бор экан. Буни кейин англадим.

…Кураш. Бўри полвонга Ҳотам полвон чиқди. Оқсоқол полвонлар гўё чиппа-чиндан олишиб, даврани бошлаб беришлари лозим. Улар бир-бирларини йиқитиши шарт эмас, шунчаки бу авлодларнинг аждодларга бўлган чуқур ҳурмати.

Кейин Бўри полвон баковул бўлди. Ёнига бир полвон гурсиллаб тушди:

— Темир полвон Берди полвонни ит чилга олиб йиқитди. Берди полвон орига ўрта ёшлардаги бир полвон чиқди. Темир полвон талабгор юз-кўзига қаради. Кейин ўзига ўзи фотиҳа ўқиди. Гап йўқ, сўз йўқ, даврадан чиқди-кетди. Давра ҳайрон бўлди. Бўри полвон бориб, гапиришиб келди. Юзларида табассум ўйнади. Овози тўла фахр бўлди, овози тўла ғурур бўлди:

— Халойиқ! — деди. — Мен Темир полвон билан гапиришдим, ҳа! Қойилман деяпти! Нимага дейсизми? Манави талабгор Чори полвон ўз вақтида Темир полвонга бош-қош бўп, тўйларга олиб борган, ўзининг ҳунарларидан унга-да ўргатган экан! Шунга, Темир полвон айтяптики, у киши менга устоз бўладилар, мен устозимнинг ёқасидан ушламайман, деяпти! Сиз нима дейсиз, халойиқ?

— Отасига раҳмат, ўша полвоннинг! — деди йиғилганлар…

Шундай ҳурматни қўмсайман. Кучи билагидан тошса ҳам, устозини даврага чорламайдиган полвонларни соғинаман. Билими бошидан тошса ҳам, таълим берган устози юзидан ўтолмайдиган илм аҳлларига интиқ бўламан…

ОР ТАЛАШГАН ОҚСОҚОЛ

Ёш полвонлар олишувини кузатгансиз. Негадир мағлубнинг қасдини олувчилар кўп бўлади. Бирови қўшни, бирови жўра, яна бири қондош -барининг ботирлиги тутиб, ўч олгиси келади.

Шукур билан Эрмат полвонларнинг олишуви ҳам шундай бўлди. Шукур йиқилди.

Шукурга тарафкаш болалар бир-бирига сўз бермай талашди, баковулга эланди:

— Бова, Эрмат полвон билан мени олиштиринг, у қалин ошнамни йиқитди!

— Йўқ, Эрмат полвон билан мен олишаман. Шукур холамнинг ули!

— Бова, Эрмат полвонга мени чиқаринг, Шукур бизнинг ҳамсоямиз!

Баковулга энг кўп ялинган полвон кимлигини биласизми? Бу мағлубнинг акаси…

Даврага тағин бир бола — Холёр келди. Холёр Шукурнинг бир ёш катта акаси бўлади.

— Раис бова, Холёр полвонга дуо беринг, укасининг ори учун олишсин!

Ор масаласи катталарга кўчар экан, вазият беаёв тус олади. Айниқса, ҳамма ўз қишлоғи шаъни деб олишадиган паллада. Ҳимояга билаги зўр полвон топилмай қолгани чатоқ. Ўз ерингда кураш бўлса-ю, ўзга жойдан келган полвонга тенг келмасанг — уят! Ёт полвон даврани айланаверса, айланаверса, ўзингдан ҳеч ким юрак ютиб чимаса — йигитнинг ўлгани шу!..

Ана, Нормурод полвоннинг ори келди. Бирор ёш-яланг юрак ютиб ўртага чиқмаганидан изза бўлди. Кейин оппоқ соқоли билан даврага отилди.

— Чиқмайсанми-а, чиқмайсанми? Элга эшиттириб айт! Чиқмайман, де! Қўлингни кўтариб айт! Унда, мана мен чиқаман!

Нормурод полвон баковул рўпарасига бориб чўккалади.

…Аммо шўрчиликлар Максим полвонни даврага туширмади. Боиси, Нормурод полвон кекса оқсоқоллардан эди…

БАДАРҒА ҚИЛИНГАН ПОЛВОНЛАР

Бўри полвон бешикдаги чақалоқдан тортиб, нуроний чолгача барча-барчасининг исмига полвон сўзини қўшиб айтади. Даврада курашганми-йўқми, бари бир — айта беради. Унинг бу фазилатида эр зотини полвон кўриш орзуси бор эди.

— Халойиқ, — деди Бўри полвон навбатдаги даврада, — манави икки полвон даврага гаплашиб чиқибди экан! Бировимиз астагина йиқилиб, олган қўйни сўйиб еймиз, деб келишибдилар. Буни эшитганлар менга етказди! Қолаберса, олишишлариям гап нимадалигини кўрсатиб турибди! Халойиқ, мен буларниям даврадан бадарға қиламан!

— У-у, ола желак, ундан кўра бўйнингга тўрва осиб тиланчилик қил!

— Ўл-э, шу кунингдан-эй!

— Қўй ейсан-а, қўй ейсан, заҳаримни е! — Қийқириқлар авжига чиқди.

Полвонлар даврадан бош эгиб, қуруқ чиқиб кетишди…

ЎҒИЛГА ЁН БОСМАГАН ВИЖДОН

Даврага Бўри полвоннинг ўғли Тиловберди тушди. Минг қилса ҳам баковул — отаси. Кутилмаганда Тиловберди полвон рақибини “юлдуз санатади”. Йиқитганда ҳам одамлар устига йиқитади.

— Ҳалол, — деб юборади халқ.

Биргина Бўри полвон бундан норози:

— Тиловберди полвоннинг (ўғлимнинг демайди) йиқитгани бекор! — дейди у.

— Нимага бекор бўлар экан? — дейди халқ.

— Чунки у, одамлар устига йиқитди! — дейди Бўри полвон.

— Сизга бари бир эмасми, қаерга йиқитгани? — дейди халқ.

— Йўқ! Полвон полвонни осмоннинг кўкига отсаям бекор! Полвонмисан -ернинг устига йиқит! Қани, бошқатдан олишинглар!

— Тавба, тағин ота эмиш бу одам! — дейди халқ.

Энди ўйлаб кўринг: ота ўз ўғлига шу қадар адолатсизлик қила оладими? Яна халққа қарши чиқиб-а? Бунинг отини виждон дейди, ҳалоллик дейди.

Бўри полвонлар орамизда бу қадар кўп эмасдек. Наҳот бу тахлит яшаш мушкул бўлиб қолган бўлса…

Бобур ЭЛМУРОДОВ

2018 йил 20 январ сонидан олинди

0