ЎЗБЕКНИНГ ЧОЙХОНАСИ БЎЛМАСА…

…Шаҳрим гулхона бўлса,

Жонон чойхона бўлса,..

Тошкент пиёласида

Кўк чой шарқона бўлса…

Бу қўшиқни «Ялла» ансамбли бутун дунё бўйлаб куйлаган.

Бизда қора чойни «памил» ҳам дейишади. Авваллари савдогарлар ўз чойларига ном қўйишган, шу ном билан сотувчилар кафолат бера олган. Чойхоначилар ҳам чойхўрлар таъбига кўра, исталган турдаги чойларни дамлаб беришган. Чойхоналарда чойлар латундан ишланган катта самоварларда қайнаб турган. Самоварларнинг ост қисми икки қават бўлиб, орасига қалай тўлдирилган. Бир қайнаб олган чой олов ёқилмаса ҳам совиб қолмаган. Чойхонага кирган одамнинг олдига нон билан бирга шарқона ширинликлар терилган патнис ҳамда чой дамлаб келинган. Чой кўнгилдагидек дамланган бўлса, чойхўрлар чой ҳақини патнисда қолдириб, миннатдорчилик билдириб чиқиб кетишаверган. Агар дамланган чойдан мижознинг кўнгли тўлмаса (бундай ҳолат камдан кам бўлган), бир ҳовуч кумуш тангани пиёлага тўлдириб, чиқиб кетишган. Бу – «Сенга пул керакми, мана ол, аммо халқни алдама!» дегани эди.  Бу ҳолатдан кейин чойхоначи «синган» ва бошқа юмуш топишга мажбур бўлган.

Менинг бобом Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси, туманда донғи кетган пахтакор, шу билан бирга ўта чойхўр инсон эдилар. Бизда катта чинни чойнакни «гардим чойнак» дейишади. Бобомга ана шу гардим чойнакда  алоҳида чой дамлаб қўйиларди. У киши меҳнатни ҳам қилар эдилар, чойни ҳам ичар эдилар.

Отам эса «афғон»ни ҳам кўриб келганларнинг бири. Ҳақиқий ватанпарвар. Миллий университетни тугатгач, шаҳарда ишга қолиб, миллий ғоя фанидан дарс бераётганимга  уч йил бўляптики, отам бир бор йўқлай демайдилар. Отамнинг феълларини яхши биламан: далага эрта кетиб, кеч қайтадилар. Ишлаяпман, чўнтагимда уч-тўрт сўм пулим бор. Отам тез-тез шаҳарга келсалар-у, меҳмон қилиб турсам, дейман. Отамнинг даладан  узоқлашадиган пайтлари аллақачон келган, аммо ҳеч рўйхушлик бермайдилар.

— Шаҳрингга боравераман-у, чойхонаси йўқ-да, — деб қолдилар навбатдаги таклифимдан сўнг. – Қорақумғонимнинг чойидан қўймасин!

— Замонавий ошхоналаримиз бор. Дунёнинг исталган таомини пишириб беришади. Тунги соатларда ҳам ишлашади, — дейман мақтаниб. — Кўнглингиздагидек қилиб чой ҳам дамлаб беришади.

— Кирганман ўша ошхоналарингга ҳам. Чой олиб, овқат олмасанг, одамларнинг кўзига жуда ғариб кўриниб кетар экансан, худди пули йўқ одамдай.  Ўзимизнинг қадим чойхоналарнинг чойини ичишнинг гашти бошқача эди-да, ўғлим. Ҳозир қаерга қарасанг, ажнабий ёзув. Қаерга қарасанг, ажнабий таомлар ошхонаси. Ўзбекнинг чойхонаси бўлмаса, ўзбек ҳар жабҳада ўзбекка ўхшамаса, сенинг ўқитаётган миллий ғоянгдан нима фойда?!  Аслида сени архитектор қилсам бўлар экан. Уйларнинг орасида гузарлар қолдириб, чойхоналар қуриб берар эдинг биз отахонларга.

— Чойхоналар ўрнига ресторанлар, миллий таомлар ошхоналари бор-ку, ота.

— Э, буларинг чойхона ўрнини босарканми?! Чойхона — ўзбекнинг дўпписи, кепка кийган ўзбекнинг миллийлиги қайда қолади? Дўпписининг остида бир чойнак чойи бўларди ўзбекнинг…

Шаҳарга қайтиб, барча нарсага отамнинг кўзи билан қарай бошладим: пешлавҳалардаги ёзувларнинг ҳар ўнтасидан биттасидагина ўзбекча сўз бор, озиқ-овқат дўконларининг пештоқида «мини маркет» деган ёзувлар, чет эл фирмаларининг номлари қатор-қатор… Ошхоналар пештоқига ҳам «Миллий ва европа таомлари» деб ёзилган. Бирорта ҳам «Чойхона» деган ёзув йўқ… Тушлик қилиш учун ўша ошхоналарнинг бирига кириб, атрофга диққатлироқ разм соламан. Ана, ёнимдаги столда ўтирган беш-олти нафар йигитлар столларга хизмат қилувчи аёлни бармоқларини қарсиллатиб чақиришяти. Кийинишлари, ўзларини тутишлари ҳам ғалати, ўзларигагина тушунарли бўлган сўзларни айтиб, баланд овозда ҳазиллашишади, қизларга ўхшаб ҳиринглаб кулишади…

Ўша тобда ватанпарвар юртдошимиз, улуғ зиёлимиз Абдурауф Фитратнинг «Юрт қайғуси» битикларида: «Дунёни «урҳо»лари билан титраткан йўлбарс юракли болаларинг қани? Ер тупроғини кўкларга учиратурғон тоғ гавдали ўғлонларинг қани?..» деганлари ёдимга келди. Отамнинг сўзлари қулоқларим остида жаранглаб кетди: «Ўзбек ҳар жабҳада ўзбекка ўхшамаса, сенинг ўқитаётган миллий ғоянгдан нима фойда?». Юрагим увишди. Умидсизлик руҳимга бостириб келган бир паллада яна Абдурауф Фитрат ёрдамга келдилар: «Қайғурма! Эски арслонларинг ҳаммаси бор, ҳеч бири йўқолмамишдир…».

Шаҳд билан ўрнимдан турдим. Ҳозироқ қишлоққа – отамнинг ёнига жўнайман. «Архитектор бўлмаган бўлсам бўлмагандирман, ота, аммо сизга, дўстларингизга – қишлоғимизнинг табаррук отахонларига чойхона қуриб бераман», дейман. «Бизнинг миллийлигимиз ҳеч қачон ўлмайди, дўппимизнинг остида бир чойнак қайноққина чойимиз ҳамиша бўлади», дейман…

Музаффар НОРИНОВ

2018 йил 2 апрел сонидан олинди

1+