УНВОНИНГИЗ ҚАНАҚА?

«Инсон номи мағрур жаранглар!» деган эди Максим Горький. Баландпарвозлик йўсинда айтилган бўлса-да, йўқсиллар куйчисининг бу таърифи айни ҳақиқат. Бироқ биз, хом сут эмганлар ана шу мўътабар маснад бу ёқда қолиб, кўпинча маврид-бемаврид ўткинчи мансабу мартабаларимизни пеш-писанда қилмоққа ошиқамиз. Ишонмасангиз, газеталарга бир назар ташланг – шапалоқдеккина матннинг остида ё устида гоҳо ундан-да мўлроқ ўрин эгаллаган қатор-қатор унвону замзама! Айниқса, таъзияномаларни айтинг. Ўлган  бир одам, (Худо раҳмат қилсин), қолган мусибатдорнинг бор мансабу унвонлари қўша-қўша санаб берилади. Астағфируллоҳ дейсиз – худди шуларни элга кўз-кўз этмоқ учун пайт пойлаб юргандек!

Баъзи таржимаи ҳоллар, тавсияномаю тавсифномалар, тўйхату таклифнома ва бошқа «нома»лардаги… бир вақтлар мактабда ёшлар етакчиси бўлиб, фахрий ёрлиқ олганимиз, ҳарбий хизматда кўрсатган намунали фаолиятимиз учун раҳматнома эшитганларимиз, бугун ҳеч кимсанинг эсида қолмаган майда-чуйда анжуманларда маърузаларимиз ижобий баҳолангани, бир замонлар аллақандай ҳайъатларга сайланганимиздан тортиб шу кунда тўнғич ўғлимиз Мирзоулуғбекжон қайси хорижий юртда магистратурада таҳсил кўраётгани-ю, кенжатойимиз Дурдонахон мактабида қандай танловларда ғолиб деб топилганигача ижикилаб битилган рўйхатларни ўқиб, ерларга кириб кетгудай бўлмайдими киши?! Гўёки шуларни қўшмасак, биров бизни одам санамайдигандек, гўё ана шундай омонат тиргакларсиз қурт еган дарахт мисоли қулаб тушадигандекмиз!

«Унвону мукофотлар ортидан югурманг, лойиқ кўрилсангиз – олинг-у, унутинг, кўрмагандек бўлиб юраверинг», деган экан бир донишманд. Ибратли гап, тўғрими? Лекин негадир эсдан чиқиб кетаверади-я?

Бир вақтлар аэропортда Расул Ҳамзатовни кутиб олган бир оқсоқол адибимиз мансабу мартабасини, қўлга киритган унвону мукофотларини дастурхон қилиб, ўзини таништирганида, машҳур шоир кулимсираб, «Мен Расул Ҳамзатовман холос», дея қўл узатган экан.

…Бу мулоҳазалар анча илгари туғилган, қоғозга ҳам тушган, аммо баъзи бир андишалар қўлни боғлаб юрар эди. Бугун бир газетада тағин шундай бир ношойиста ҳолатга кўз тушди-ю, ортиқча истиҳолани четга сурдик – айб этмассиз, ҳурматли газетхон…

Эркин АЪЗАМ

2018 йил 16 феврал сонидан олинди

1+