ҚЎЛДАН ЧИҚАЁТГАН ИМКОНИЯТЛАР

Кеч куз тонги. Вашингтондаги метро станцияларидан бирида бир мусиқачи скрипкада машҳур композитор Бах асарларини маромига етказиб ижро эта бошлади. Ишга, ўқишга шошаётган одамлар бу мусиқачига ортиқча эътибор бермадилар. Кимлардир унинг қаршисида бир-икки дақиқа туриб, мусиқа тинглашар, кейин чўнтакларидан майда пул чиқариб, мусиқачининг оёғи остига ташлагач, яна йўлларида давом этаверишарди. Ўтган қирқ беш дақиқа давомида минглаб одамлар келиб-кетадиган метро станциясида бу мусиқачига эътибор берган одамлар сони ўн нафардан ошмади. Фақат кичик ёшдаги болакайларгина унга айрича қизиқиш билан боқишар, лекин улар ҳам ота ёки оналарининг қистови билан мусиқачидан узоқлашишга мажбур бўлишарди. Мусиқачининг қаршисида энг узоқ қолган  «мухлис» — беш ёшлардаги болакай бўлди. У мусиқачининг қўлидаги ярақлаб турган скрипкага, санъаткорнинг қашшоқ мусиқачиларникидан кескин фарқ қиладиган юз ифодаларига диққат билан тикилганича, ўн-ўн беш дақиқа мусиқа тинглади. Аммо у ҳам мусиқачига менсимайгина бир доллар узатган онасининг қистови билан бу ердан узоқлашишга мажбур бўлди…

Скрипкачи бир соатга яқин мусиқа чалиб, 32 доллар тўплади. Аммо бу вақт ичида ҳеч кимса унинг дунёга машҳур скрипкачи Жошуа Белл эканини, шу ўтган вақт ичида у қўлидаги уч ярим миллион доллар турадиган скрипкаси билан дунёнинг энг яхши мусиқаларини чалганини фаҳмламади. Ажабланарлиси шуки, икки кунгина аввал у шаҳарда катта концерт берган ва минг-минглаб одамлар бу концертга қиммат нархларда чипта сотиб олиб кирган эдилар. Концерт афишалари шаҳарнинг энг кўзга кўринган жойларига илинган бўлиб, бу афишаларда қўлида ўша машҳур скрипкасини тутган Жошуа Белл катта планда тасвирланган эди…

Эртаси куни айни ижтимоий тадқиқотнинг ташкилотчиси бўлмиш «Washington Post» газетасида шу ҳодиса ёритилган мақола чоп этилди. Унда жумладан шундай дейилган эди:

«Дунёнинг энг машҳур санъаткори дунёдаги энг яхши мусиқаларни шундоққина қаршингизда ижро этаркан, унинг қаршисида беш-ўн дақиқа ўтириб мусиқа тинглашга вақтингиз бўлмаса, шундоққина ёнингиздаги иқтидорни фарқламаётган, танимаётган бўлсангиз, қаршингиздан чиққан гўзалликни, зарифликни кўрмасангиз… ажабо, ҳаётда яна қандай имкониятларни қўлдан чиқараётган экансиз?!».

Шаҳина ЮСУФ тайёрлади

2018 йил 20 январ сонидан олинди

1+