ТЕЛЕВИЗОР КЎРАДИГАНЛАРНИ КИТОБ ЎҚИЙДИГАНЛАР БОШҚАРАДИ

Китоблари йўқотилган юртлар ҳамиша таназзулга юз тутади. Шунинг учун ҳам, босқинчилар босиб олган юртларининг энг аввало маданиятини, маънавиятини, ота-бобосидан қолган тарихини — КИТОБини йўқотишга ҳаракат қилганлар. Китоби йўқ халқ — ўзгаларнинг китобини ўқишга мажбур бўлади, ўзгаларнинг ёзган китоблари асосида яшайди.

Тасаввур қилайлик: боғ ичида китоб варақлаётган қиз ёки унинг телефон ўйнаётган тенгқури. Метрода бирор қизга тегажоқлик қилаётган ё-да китоб ўқиб кетаётган йигит. Хўш, сизнингча, қай бири гўзалроқ? Қай бири маънан соғломроқ?

Истайсизми-йўқми китоб ўқиётган инсонни қалбан ҳурмат қилишга ўзингизда мойиллик сезасиз. Телефонда ҳам, компьютерда ҳам турли китоблар ўқиб кўрганман, аммо Ҳофиз Шерозий ёки Машраб девонини ёнингизга қўйинг-да, унинг «электрон нусхаси»ни ҳам очинг. Сатрларни ўқий бошласангиз Ҳофиз ёки Машраб китоб шаклида, сатрлар ичида шивирлаб тургандай бўлади. «Электрон нусха»да эса буни ҳис қила олмайсиз. Фақатгина шеърнинг таъмини сезасиз.

«Қуръони карим»ни электрон ва КИТОБ шаклида бир ўқиб варақланг… Китоб шаклида варақласангиз истайсизми-йўқми СЎЗ билан СИЗнинг орангизда тўсиқ йўқдек, унга яқиндек ҳис қиласиз ўзингизни.

Мутолаа жараёнида инсон шунақанги таассуротлар, туйғулар оламига шўнғийдики, буларни на кино, на театр, на мусиқа, на рассомларнинг асарлари бера олади. Таъбир жоиз бўлса, инсонда туйғуни фақат китоб шакллантиради.

ФАРИШТАЛИ КИТОБЛАР

Тангри таоло одам аталмиш махлуқотни бошқа махлуқотлардан сўзи билан, онги билан фарқ қиладиган қилиб яратган. Илоҳий ҳақиқатлар тан олинмаган замонда ёлғон китоблар кўпаяди. Вақти келиб улар ўз-ўзидан йўқликка юз тутади. Буни англаш учун эса ортга бурилиб Совет иттифоқининг ёлғонларига назар ташлаш кифоя.

Устозим бир пайтлар шундай деганди: «Китоб ёзаётганингда ўчирасан, ёзасан, ўчирасан, ёзасан ва охири ўчирмай қайсидир сатрларни қолдирасан. Ўчирганларинг ўзинг ёзганларингдир, ўчирмай қолдирганларинг эса «фаришта»лар ёзганидир, ана шу сатрлар яшаб қолади». Шу сўзларга қиёсан айтадиган бўлсам, «китобларнинг қанотлари»да «фаришталар» яшайди.

Китоб шундай — фариштаси бор китоб яшаб қолади, «чин» китоб яшаб қолади. «Улуғ» китоблар қанча тазйиққа учраса-да яшаб қолаверади. Гўёким «Аҳура Мазда» ва «Аҳриман» китоблар қатида ҳам тинимсиз курашда бўлади. Эзгулик ғолиб бўлаверади.

Китоб миллат онгини тарбиялайди, чархлайди, комилликка чорлайди, Ҳаққа яқинлаштиради. Лўттибозлик, маддоҳлик, кўзбўямачилик анқиб турган, мазмуни саёз, маза-матрасасиз китоблар эса миллатни, халқни алдайди. Уларнинг таъсирида инсон ўткинчи дунёнинг ёлғонларига учади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарликнинг илк дамларидан эътиборини китоб мутолааси сиёсатига қаратгани миллатимизнинг катта ютуғи бўлди. «Онг» ва «ривожланиш» яна-да тезлаша бошлади. Аксарият аҳоли китобга эмас, бу бозор дунёнинг «енгил бозори»га ўрганиб қолган эди. Қуроллар жаранги остида қонун овози эшитилмаганидек, «бозор расталари»лари ичра ҳам китобнинг варақланиши деярли эшитилмаётган эди.

Китобдан кўра тақинчоқ қиммат мамлакатда ўғри ва чайқовчилар кўпроқ бўлади. Китоб ўқиган элат бошида қандай инсон турганини, бошида турган инсон эса қандай элатга ҳукмронлик қилаётганини яхши англайди.

ЖИНОЯТЧИЛИК КЎРСАТКИЧИ ВА МУТОЛАА

Китоб мутолаасининг жамият ҳаётидаги ўрни хусусида сўз кетганда уммон ортидаги бир ҳолат ёдга тушади. АҚШда ҳибсхоналарнинг деярли аксарияти хусусий. Йилдан-йилга янги жазони ижро этиш муассасалари қурилади. Турли штатларда бундай муассасалар сони ҳар хил. Уларнинг сони жиноятчилик ошиши ёки тушиши кўрсаткичига қараб белгиланади. Қамоқхона бизнеси билан шуғулланувчи компаниялар бундан ўн йил кейин фалон штатда қанча қамоқхона қуриш кераклигини аниқлаш учун жуда ажойиб усулдан фойдаланишади, яъни, аҳолининг китобхонлик даражасини аниқлаш мақсадида оммавий сўров ўтказишади. Мутолаа даражаси паст ҳудудларда қамоқхоналар сонини кўпайтиришади. Буни қарангки, уларнинг бу қарори тўғри бўлиб чиқади. Аниқланишича, қайси ҳудудда ёшлар қанча кам китоб ўқиса, ўша ҳудудда беш-ўн йилдан сўнг жиноятчилик ошар экан.

Китоб ўқимайдиган миллатдан, бозорчи хотин-халаждан ал-Хоразмий ёки Берунийни қайта кутиш, Ватан равнақига чин маънода ҳисса қўшадиган алломаларни кутиш бориб турган «китоб»сизликдир.

«Суқрот шундай деган экан» дейишганда, «Хўш-хўш…» дея оғиз пойлашдан кўра, «мен Суқротнинг ўзини ўқиганман!» дея жавоб бериш барча замонларда ҳам ўзини оқлаган.

Китоб мутолааси нафақат биргина инсонни, бутун-бутун халқларни таназзулга юз тутишидан сақлайди. Қадимги Рим, қадимги юнонларнинг ҳам юксалишида китоб алоҳида мавқеъ касб этгандики, ҳозиргача, ҳозирги давлатларнинг тузилмасигача, санъатигача қадим Юнонистон «китоб»лари асос сифатида хизмат қилиб келмоқда. Демократия деймизми, Сенат деймизми, Ҳайкалтарошлик деймизми ёхуд Сангтарошлик — барчасида «юнон» асоси бор. Буни инкор қилиб бўлмайди.

Мозийнинг гувоҳлик беришича, Арастунинг ишонган шогирди, ярим дунё ҳукмрони саркарда – македониялик Искандар ҳам ўзининг қисқа умри давомида китоб ўқишга, тинимсиз илм олишга мойил бўлиб яшаган. «Илиада» достонини аскарларига ҳарбий қўлланма сифатида ўқитган. Бу китоб унга барча жангларида ҳамроҳ бўлган. Ўзи азиз билиб ўқиётган китобини доимо болиш остига битта ханжар билан бирга қўйиб ётган.

«ЎРГАТИЛГАН ЁЗҒУВЧИ»

Китоблари йўқотилган юртлар ҳамиша таназзулга юз тутади. Шунинг учун ҳам, босқинчилар босиб олган юртларининг энг аввало маданиятини, маънавиятини, ота-бобосидан қолган тарихини — КИТОБини йўқотишга ҳаракат қилганлар. Китоби йўқ халқ — ўзгаларнинг китобини ўқишга мажбур бўлади, ўзгаларнинг ёзган китоблари асосида яшайди.

Буюк Римнинг таназзули Искандария кутубхонаси ёқиб юборилишидан бошланди. Олимларимиз, китобларимиз чиқиб кетиб, бизнинг таназзул бошланди. Мўғиллар босқинида маънавий ҳаёт батамом йўқотилди. Улуғбек кутубхонасини тугатилиши билан темурийларнинг парчаланиши бошланди…

Саволлар кўпаяди. Айни дам, «китобсеварлик» жараёни кечаётган пайтда ўқийдиган китобларимиз қани? Лондон музейидами, Эрмитаж музейидами?

Китобга муносабатимиз қандай?

Қанақа китоб ўқияпмиз?

ЧИН КИТОБ ўқияпмизми, «ёлғон китоб» ўқияпмизми?

Қанақа китоблар чоп қиляпмиз?

Давлатнинг пули, олам-олам қоғозлар нималарга исроф бўляпти?

Пули бор одам нашриёт эгасими ёки саводи бор одамми?

Ким китоб дея халқни алдаяпти?

Кимлар китоб ўқияпти?

Ҳомий ташкилот раҳбарлари китобни фарқига боряптими ёки «Кеча ва Кундуз»дан «тўқима сериаллар»ни фарқлай олмаяптими?

Сиз-чи? Уйингизда нечта китоб бор?

Кўчалар теграсида қатор жойлашган баланд-паст уйларда нечтадан китоб бор деб ўйлайсиз?!

Мендан сўрасангиз, ҳатто менинг уйимда ҳам ўзим истаганимчалик китобим йўқ. Нари борса, уч юзта чиқар. Китоб дўконларига кирсангиз, китоб кўп. Ёзилган китоб куп. Яратилганлари кам.

Ҳайрон булманг, чин китоблар ёзилмайди, яратилади! Китоб яратган инсон Худо билан халқ ўртасидаги элчи эканлигини, вакил эканлигини ёзувчиларимиз ва «ёзғувчиларимиз» англаб етаяптимикин?

Баъзи «замонавий ёзғувчилар» Мавлавий ҳазратлари зикр тушган дам бир қўлини юқорига — Худога, бир қўлини пастга — халққа чўзиб зикр тушганини билмайди. Улар билмайдики, китобни пул дардида ёзиб бўлмаслигини. Бундай қилиш катта маънавий жиноят эканлигини ҳис килишмайди, афсус.

Бироқ улар ҳам одам. Улар ҳам шу миллатнинг вакиллари. Бу «ёзғувчилар»га миллат учун ёзиладиган китоб пул дардида ёзилса, гуноҳ бўлишини, бундай қилиш мумкинмаслигини қандай ўргатса бўлади? Ўйлаб кўринг. «Ўргатилган ёзғувчи»  қанақа одам бўлиб шаклланади? Ахир, ўргатилган маймундан кўра, ўргатилган одам хунукроқ эмасми?

Албатта, ёппасига бир рангда китоб ўқишга ўргатиб бўлмайди. Аммо, турфа китобларни ўқишга меҳр уйғотиш зарур. Бунинг учун эса энг аввало, онгни ўстириш, қонни тоза сақлашни шакллантириш керак.

ТЎКИЛИБ ҚОЛГАН БОШОҚЛАР…

Китоб мавзусида сўз кетганда ҳануз қишлоқларимизда, миллатимиз қўлида кўплаб қадимий китоблар турганлигини, сандиқларда сақланиб ётганлигини таъкидлаш лозим. Бу қадимий жавоҳирлар бус-бутун ҳолда авлоддан-авлодга етказилиши учун махсус шароитларда сақланиши зарур. Уларни чиндан миллат мулкига айланиши учун ҳеч бўлмаганда бу китобларнинг электрон нусхалари миллий фондини яратиш лозим. Ўз даврида бу заминдан юнонлар ҳосил йиғиштириб кетди, араблар ҳосил йиғиштириб кетди, мўғиллар эса йиғиштирмади, жойида олов қўйиб кетди, «қизил»лар ҳосил йиғиштириб кетди, инглизларга эса ўзимиз олиб бориб сотдик. Бу ҳосилдан баҳраманд бўлган давлатлар ўз вақтида ўзига яраша қудрат касб этди. Бугун у ҳосилларнинг тўкилиб қолган бошоқларини териб олсак ҳам, бизга етади…

Илоҳий ҳақиқат шуки, қадимги замон китоблари бўладими, чоризм даври китоблари бўладими, бугунги замон китоблари бўладими, агар чин КИТОБ бўлса, сиёсатга хизмат қилмаган. Ҳамиша холис бўлган, ҳақиқатли бўлган. Сиёсат КИТОБга, ИЛМга хизмат қилган Давлатлар эса Буюк бўлган. Бугун бу соҳада гапирса гап кўп, изтироблар кўп, ечилиши лозим бўлган муаммолар кўп. Аммо ҳаммаси яхши бўлишига умидимиз бор! Чунки йиллаб-йиғилган изтироблар барибир барҳам топади. Дунёда Ўзбек ўз иқтидорига муносиб мартабага эришади! Чунки Миллат етакчисининг китоб мутолаасига қилаётган эътибори, чиндан буюк Давлат бўлиш даъвосининг муждасидир.

***

Кеча ҳам, бугун ҳам, бундан юз йил кейин ҳам, телевизор кўраётганларни китоб ўқийдиганлар бошқаради!

Саййид Абдулазиз ЮСУПОВ

2018 йил 6 феврал сонидан олинди

1+