СУДЛАНГАН ШАЙТОН

 (аччиққина ҳажвия)

Ҳар куни минглаб гуноҳ ишлар ўзига тўнкалаверганидан сабр косаси тўлган шайтоннинг асаби қаттиқ бузилиб, «нервинний» бўлиб қолибди.

— Нега доим менга туҳмат қилишади-а?! — ёзғирибди у. — Одамлар кўра била туриб гуноҳ қилишади-ю, айбни менга ағдариб, ўзлари оппоқ бўлиб тураверишади. «Шайтон йўлдан оздирди», дейишади-я! Ҳов номард, ўзи аслида мен сен туфайли Арши аълодан ҳайдалганман-ку! Тўғри, бошида аччиғим чиқиб, унда-бунда ишни лойлаштирган бўлишим мумкиндир. Аммо ҳар доим ҳам сенинг елкангга миниб, гуноҳ қилишга ундамаганман. Ахир мен бир ўзим бўлсам, сенлар эса етти миллиарддан ошдиларинг…

Майли, гапимдан чалғимай… Мана яқинда пора олиш гуноҳ эканлигини прекрасна биладиган бир амалпараст пора олиб қўйибди. Олибди-ю, қўлга тушибди! Кеча одам топмас жойда якка ўзим, энди бундан буёғига одамлардан бутунлай қутулишни орзу қилиб, қаерга қочсам экан, деб бошим қотиб турувди, «соткам» жиринглаб қолди. (Ҳа энди, бизам замонавий шайтонмиз-да, «сотка»сиз ҳозир шайтонлик қилиб бўлмайди).Қисқаси, агентларимдан бири қўнғироқ қилиб, менга яна бир туҳмат бўлаётганини айтди. Эшитдим-у, думим тикка бўлиб кетди. Бояги порахўр бутун айбни менга ағдариб, ўзига шерик қилиб олибди! Уни пора олишга мен ундаганмишман. Вой туҳматчи-ей! Ишонинг, бу ишга менинг сира алоқам йўқ. «Бу серёзний иш», дедим ўзимга ўзим. Туҳматни бўйнимдан соқит қилишим керак. Энди-и, мен одамларчалик хитрий бўлмасам ҳам, ҳарқалай шайтон деган номим бор. Мени қамай олмайди. Лекин туҳмат ёмон нарса, номимни қора қилиб қўяди. Олдини олиш керак.

Шу хаёллар билан одамга ўхшаб кийиниб, суд залига кириб бордим. Залда одам кўп экан. Ановини темир катакка қамаб қўйишибди.

Судья залга қараб:

— Гумондор Шайтон Лаинов келдими? — деб сўради.

Мен қўл қовуштириб, «Келдим», дедим. Судья менга бошдан-оёқ қараб чиқди-да:

— Шайтон эканлигингизга ҳужжатингиз борми? — деди.

— Ҳурматли судья, бизга қоғозга ёзилган ҳужжат берилмаган. Аммо шайтонлигимни исботлайдиган далилим бор. Хоҳласангиз думимни кўрсатаман, — десам, судья ғазабланиб кетди.

-Ҳали сен бизни масхара қиладиган бўлдингми! — деди-да, мелисаларга: -Буни обиск қилинглар, — деб буюрди. Чўнтагимдан ҳеч нарса чиқмади. Ҳамма нарсамни ташлаб келгандим-да. Сабаби, бир марта одамга ўхшаб юрганимда бозорда бор-йўғимни киссавурлар уриб кетишган…

Мелисалар чўнтагимдан ҳеч нарса топа олишмагач, шимимнинг ичида турган думимни пайпаслаб, бир-бирларига маъноли қарашди.

— Ўртоқ судья, ҳақиқатдан ҳам шимининг ичида думи бор экан.

— Яхши, — деди судья қониқиш ҳосил қилиб. — Лекин биз барибир шайтон эканлигингизга думингизни кўриб ишонч ҳосил қилишимиз керак. Аёллар қарамай турсин, сиз думингизни бизга бир кўрсатиб қўйинг… Ҳа-а, мана энди биз сизнинг чиндан ҳам Шайтон Лаинов эканлигингизга ишондик. Котиба, протоколга ёзиб қўйинг, гумондор Шайтон Лаинов судга келди ва эллик сантиметрлик думини кўрсатиб, ўзининг шайтон эканини исбот қилди.

Хуллас, суд бошланди.

Порахўр бутун айбни менга тўнкади. Буни суд инобатга олди. Жоним халқумимга келди.

— Буни исботланг! — деб бақирдим.

— Исбот қиламиз, — деди судья хотиржам. — Биздаги маълумотларга кўра, сиз олдиндан, қасддан одамларни жиноятга бошлагансиз ва доим ўзингиз сувдан қуруқ чиққансиз. Сиз туфайли қанча-қанча оилалар боқувчисиз қолди, аёллар ёмон йўлга кириб кетди, қанча-қанча одамлар умрларининг анча қисмини тиканли сим ортида ўтказди… Мана, ниҳоят қўлга тушдингиз!

Кейин мелисаларга қараб буюрди:

— Бунинг қўлига кишан солинглар!

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ўша пайтда шайтонлигимдан асар ҳам қолмади. Қўлларимни қайириб, ҳамма чўнтакларимни қайта титиб чиқишди. Ё тавба… Мана, панжара ортида ўтирибман пешонамга муштла-аб…

— Ҳов нодон! — деб сўкаман ўзимни. — Шайтон бўлмай ўл! Нима қилиб қўйдинг ўзи?!.. Ахир одамлардан қўрқиб қолгандим, аллақачонлардан буён одамлар орасида яшамаётгандим. Шу ҳолимга «геройлик» қилиб, одамларга ишониб, судда бегуноҳлигимни исботлашга бало бормиди! Ана энди яна номим қора бўлади. Устига-устак, ўтириб чиққанингдан кейин любой жойга борсанг, судланган шайтон ҳисобланасан…

Шу нарсаларни ўйлаб қамоқда ўтиргандим, камерадошларимдан биттаси бошқа бировига ёзғириб қолди:

— Мени шайтон йўлдан урди-да, оғайни, бўлмаса шу ишни қилармидим?!

— Эй, нимасини айтасан, — деди шериги. — Ҳаммамизни шайтон йўлдан уради. Лаънати!..

Юрагим шув этиб кетди. Яхшиси, шайтонлигимни билдирмай, одамга ўхшаб жимгина-а ўтираверай. Бўлмаса ҳолимга вой бўлиши аниқ. Ахир буларни одам деб қўйибди!

— Оғайни, сиз нима иш қилиб қамалдингиз? — деб сўраб қолишди мендан.

— Менинг айбим йўқ, — дедим шоша-пиша. — Мени ҳам падарингга лаънат шайтон йўлдан урди…

Абдужаббор ИСОМИДДИН

2018 йил 16 феврал сонидан олинди

1+