ШАРМАНДАЛИККА КЎНИКМАЙЛИК

Янги кўчиб борган кўп қаватли уйимизнинг бир хонадонида чақалоқ туғилди. Эри хорижда ишлаётган аёлни иккинчи фарзанди билан ҳамма табриклаб, кўнгил яқинлар йўқлаб ҳам чиқишди. Болакай “дом”имизнинг эркатойи бўлиб, атак-чечак юра бошлаганида отаси уйга қайтди. Уч-тўрт киши билан турмуш ўртоғим ҳам кириб, танишиб чиқди.

— Шўрликкина фарзандини энди кўрди-я, — дедим унга, ачиниш билан. – Бола ҳам дадасини танимайди. Тирикчилик ҳам қуриб кетсин, ота-болани бири-бирига зор қилган.

— Ота-боламиш!.. Сиз айтаётган ўша ота уч йил олдин кетган экан Россияга.

— А? Қанақасига?

— Ээ… Хотини олдин ҳам бошлиғи билан гап-сўз бўлиб, жанжаллашиб юришган экан. Бола ўшанданлигини бутун маҳалла биларкан. Лекин ҳамма жим. Эр ҳам ҳеч нарса бўлмагандек, ғойибдан келган ўғилчасини кўз-кўзлаб, етаклаб юрибди.

— Ё алҳазар! – ёқамни ушладим мен. – Наҳотки?..

Бу гаплардан анча вақт ўзимга келолмай юрдим. Юрагимни бир оғир ўй кемирарди: қачондан бери биз беномусликка индамай кўнадиган, кўз юмиб яшайдиган бўлиб қолдик?..

Эсимда, қишлоғимиздаги Норбой аканинг бола кўрмай ажралишиб келган қизи бедазор қоровули билан дон олишиб юриб, охири битта бола орттириб олган. Гумонаси билинган кундан тортиб уни уй қамоғида ушлаган ота-онаси эл-юртга қўшилолмай қолганлар. Айниқса, она шўрлик тўйларга бир-икки кун аввал оқшом пайти паналаб келиб, атаганини берган-у, келолмаслигини айтиб, узр сўраб кетган. Одатда яқинларидан бири вафот этган азадорлар шундай қилишарди. Бу аёлнинг номуси, ори ўлган, у маънан азадор эди…

Жувоннинг кўзи ёриди. У пайтлар машина кам эди, болани туғруқхонадан олиб келгани депарадаги биронта одам кўнмаган. Кўнгилчанлигидан ёки болаликдан дўсти Норбой акага раҳми келибми, чақалоқни отам “Жигули”сида олиб чиққанлар. Бундан хабар топган онам қанчалар қаттиқ хафа бўлганларини унутолмайман. Отам: “Чақалоқда гуноҳ йўқ ахир!” дейишига қарамай, опам икковимизга машина салонини қайта-қайта ювдирган, анчагача отамдан ўпкалаб юргандилар…

Ҳа, бир пайтлар битта валади зино чиқса, бутун қишлоққа иснод саналарди. Нега ҳозир ундай эмас? Эрларда ҳамият, аёлларда ҳаё заифлашиб қолдими? Яқинда кўпни кўрган қадрдоним анча йиллар илгари бўлиб ўтган фожиа ҳақида гапириб берди. Қизининг мазаси бўлмай, иштаҳаси йўқолганидан ташвишга тушган она фарзандини шифокорга олиб боради. Шифокор унга етти ухлаб тушига кирмаган гапни айтади: қизи… ҳомиладор экан! Онанинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Суриштирса, қўшниси, оилали эркак билан учрашиб юрган экан! Номус!!! Номус эса ўлимдан қаттиқ… Шармисорлик аламидан, ғазабдан кўзи қонга тўлган аёл қизини ўз қўллари билан бўғиб ўлдириб қўяди!..

Фарзанди ва набирасининг қотилига айланган ўша аёл қилмишини оқлашдан йироқмиз, қотиллик ўз номи билан қотиллик. Қолаверса, кўз олдидаги қизи наҳс ботқоғига ботгунча сезмай, ғафлат босиб юрган онанинг айби ҳам ўзига етарли. Бу ерда гап номус, ўзбек аёлига сув билан ҳаводек зарур бўлган ҳаё ҳақида кетяпти!

Ҳа, биз зинокорлардан шу даражада нафратланадиган эл эдик. Энди-чи? Қизимиз аразлаб келса: “Қўявер, ҳозир кўча тўла ажрашган!” деб юпатамиз, боласи гап-сўзга қолган танишимиз нолиганда: “Эээ, гапирганлар ўзини билсин, ўзлари тўғри эканми?” деб тасалли берамиз… Ҳамма хато шундан бошланмаяптими?

Яқинда таҳририятга ёлғиз она эканлиги, қўлидаги бир ярим яшар боласи билан ота уйида сиғинди бўлиб яшаётганини айтиб арз-дод қилиб келганаёл билан суҳбатлашарканмиз, аввало боланинг отаси ҳақида сўрадик. “Отаси Россияда, шунчаки бирга яшаганмиз. Энди тан олмаяпти, аввалги танишимга тўнкаяпти”. Бу гапларни у қай аҳволда айтди, деб ўйлайсиз? Бир мўйи ҳам қимирлаб қўймади! Қайтанга биз уялдик, биз қизардик… Энг ёмони, ўша “бечора” онани тоғаси етаклаб келган, “Бу бечорага мундай ёрдам беринглар, боласини ёлғиз боқяпти”, деб иддао қиларди…

Энди мақсадга ўтсак: мана шундай беору беномусларга бугун биз қандай муносабатда бўляпмиз? Ўз ишидан уялишлари, шармисорлик кўчасидан қайтишлари учун бирон ишора ёки сўз айта олдикми? Тан олайлик, кўзимизни чирт юмиб апоқ-чапоқ бўляпмиз, ё бундан ҳам баттари – давраларнинг тўрини бериб қўйяпмиз. Бу билан “Нима қилсанг қил, бизга фарқи йўқ” дегандек, беҳаёнинг чироғига мой қуймаяпмизми? Маънавий жиноятга жазо йўқми? Закий муштарий бу мулоҳазалардан мақсад кимнидир яккалаб, жамиятдан супуриб чиқариш эмас, биргалашиб, маънавий таъсир воситасида ёмон йўлдан қайтариш эканлигини англагандир.

Модомики гап миллат маънавияти ҳақида кетаркан, бу ҳаммамизга дахлдор. Қолаверса, маҳаллаларда айтишга, аралашишга наинки ваколатли, балки масъул бўлганлар бор-ку, уларнинг йўлини тўсаётган нарса нима? Лоқайдлик, муросасозликдир? “Суҳбатлашдик, тартибга чақирдик” дейилган жараёнлар фақат ҳисобот учун, қоғозларда бўлса-ю, аҳвол сира ўзгармаса, бундай “суҳбат”лардан не наф?

Шу мавзуда баҳсга киришсангиз, “Гапириб балога қолайми?!”, дегувчилар кўп бўлади. Беҳаёликнинг касри миллатга урмасин, аслида бало деб шунга айтилади. Бундан Ўзи асрасин…

Дилсўз УМАР қизи

2018 йил 2 феврал сонидан олинди

1+