САВОД ЎРГАТГАН ПЕЧЕНЬЕЛАР

Алифбо ҳарфлари шаклидаги печеньеларни биласиз. Улар жажжи болажонлар учун ҳам ҳарф ўргатувчи қизиқ восита, ҳам ширин емак ҳисобланади. Хўш, бу печеньеларнинг келиб чиқиш тарихи қандай?

XIX аср ўрталарида Англия фуқаролари орасида саводсизлар ниҳоятда кўп эди. Саводсизликни тугатиш, халқ саводхонлигини ошириш масалаларини қирол ҳузурида ёки парламентда кўриб чиқиш фикри ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган. У вақтларда Англияда мактаблар кам, катта ёшли кишиларга савод ўргатиш амри маҳол эди.

Маълумки, инглиз пазандалигида кекс, пирожний, вафли ҳамда печеньелар қадим замонлардан буён алоҳида ўрин тутади ва инглизлар бу емакларни жуда қадрлайдилар. Жонатан Керр исмли бир пазанда халқнинг бу емакларга бўлган алоҳида эътиборидан саводсизликни тугатиш борасида фойдаланишга қарор қилади. Узоқ изланишлардан сўнг у ҳарфларга ўхшаган печеньелар тайёрлайдиган машина яратади ва инглиз алифбосидаги ҳарфлар шаклидаги печеньеларни ишлаб чиқара бошлайди. Жонатан Керр одамлар шу печеньелар орқали ҳарф ўрганадилар, бу уларнинг савод чиқаришга бўлган интилиш ва эҳтиёжларини қисман бўлса ҳам қондиради, деган фикрда эди. Натижа у кутганидан ҳам зиёда бўлади. Ҳарф ўрганишга майли кучли одамларнинг кўп эканини алифбо-печеньеларга бўлган талабнинг кун сайин ортаётганидан ҳам билса бўларди. Масалан, 1840 йилнинг ўзида Жонатан Керр 500 тонна алифбо-печенье тайёрлаб сотгани ҳақидаги маълумотлар турли тарихий манбалар орқали бизгача етиб келган.

Жонатан Керр бу кашфиёти ортидан ниҳоятда бойиб кетди ва XIX аср Англиясидаги ғоят катта муаммони ҳал этган ихтирочи-пазанда сифатида тарихда қолди. Унинг бу кашфиёти ҳанузгача ўз таъсир кучини йўқотган эмас.

Абдукарим МАҲМУДОВ тайёрлаган

2018 йил 25 июн сонидан олинди

1+