БОЙВАЧЧА ШОИР

Рауф Парпи

Китоб жавонимни титкиларканман, қўлимга мўьжазгина китобча тушди. Бу истеъдодли шоир, яхши ака, дилкаш суҳбатдош — Рауф Парфининг «Қайтиш» деб номлаган шеърлар китоби эди. Уни яна бир бор ўқигим келди ва иттифоқоқуйидаги дастхатга кўзим тушди:

«Дўстим Сотволди Ражабовга! Чин юракдан ижодий парвозлар тилаб, Рауф Парфи.

11.09.1981 йил. Массив «Южный», 6 уй, 47 кв.»…

Кўзларимни бир зумга юмиб, ўша даврларни эслашга уриндим. Эски хотиралар кўз олдимда жонланди.

 

…Отамнинг вафотидан сўнг устоз Восит Саъдулла насиҳатига кўра Андижонга қайтиб, вилоят матбуотида ишлай бошладим. Айрим кезларда пойтахтда кечирган ҳаётим ёдимга тушар, у ердаги қадрдонларимни соғинардим. Бир куни таҳририят топшириғи билан Тошкентга борадиган бўлдим. Ўзим учун қадрдон бўлган Навоий кўчасидаги 30-уй қаршисига келиб, унинг салобатли пештоқларига соғинч билан кўз югуртириб турганимда, ичкаридан тез-тез одимлаб Рауф ака чиқиб қолди.

— Рауф ака! – дея чақирдим алланечук энтикиб.

У ўгирилди ва мени кўргач, кулимсираган кўйи ёнимга келди. Қучоқлашдик.

— Ие , азизим, бормилар? Нечук кўринмайсиз? Қўнғироқ ҳам қилмайсиз, араз эмасмисиз? – деди жағ томирларини тириштириб. Унинг одати шунақа: бир нимадан севинса ёки қойиллатиб гапирса, жағ томирларини тириштирарди.

— Бу ердан кетганимга бир йил бўлди-ку, Рауф ака — дедим унинг мўмин кўзларига қараб.

— Қаёққа кетдингиз?

— Андижонга.

— Вой нечук? Шу ерда бир яхши ишлаятувдингиз-ку!

— Кетишга мажбур бўлдим, ака.

— Ҳм, ҳм — деди у бир нимани тамшаётган одамдай жағини қимирлатиб. — Ҳм, бир ҳисобда тўғриям қипсиз. Шаҳарда кўмирга беланиб юрган чумчуқ ҳақида бир шеърим бўларди. Ўқигандирсиз? Ўшанда айтганман: қанотинг бўлганидан кейин шаҳарда кўмирга беланиб юришинг нимаси? Шартта учиб кетмайсанми!.. Сизнинг қанотингиз бор, ука, бизники юлинган. Пешонамизга битилгани шу жой экан, учолмаймиз. Кўмирга беланиб дегандай… Аллақандай Хамнинг буйруқларига итоат қилишга мажбурмизда. Хих-хи… Хўш, режа қандай? Нима қилмоқчисиз? Қаерга бормоқчисиз? Кимникида тунамоқчисиз?

— Сиздек қадрдонларимни соғинганман. Имконингиз бўлса, тинчроқ жойда суҳбатлашсак, ака.

— Мен ҳам бир қадрдонга зор эдим. Ишлаётган жойимда қадрдоним қолмади. Ҳаммаси Хамнинг зулмидан тирқираб кетишди. Демак, мен сиз билан ҳамсуҳбат бўлишга тайёрман.

У худди солдатдек ўнг кафтини қулоғи чеккасига қўйиб чест берди. Кулишдик.

— Бу Хам деганингиз ким?

— Э-э, у бир маҳлуқ! Ижодкорни қонига ташна қиладиган калондимоғ! Қўйинг, ҳозир ўшандан гаплашмайлик…

— Хўп, ака.

— Демак, — у кафтларини бир-бирига ишқалади, — қаёққа йўл соламиз?

— Сиз қаёққа десангиз, ўша ёққа-да, Рауф ака!

— Унда гап бундай. Мен сизни бир бойвачча дўстимнинг уйига олиб бораман.

— Бойвачча бўлса, бормай қўя қолайлик. Шунақаларни унчалик…

— Тўғри, менам ёқтирмайман. Лекин у суҳбатимизга халақит бермайди. Кетдикми?

— Қуруқ қўл билан бормайлик, ака, юринг бозорга кириб, майда-чуйда қилиб олайлик. -Йўғ-эй, ҳеч нарсанинг кераги йўқ. Бойвачча-ку, уйида ҳамма нарса бор…

Унинг гапини икки қилолмай, ноилож эргашдим. Кўпқаватли уйнинг иккинчи қаватига чиқиб, оддийгина эшик рўпарасига келдик. Бир маҳал қарасам, Рауф ака киссасидан калит чиқариб, эшикни очмоқчи.

— Бойвачча дўстингиз уйини сизга ишонар экан-а, ака, — дея кулдим.

— Ҳа-да, ишонмай-чи! Қани, тортинманг, киринг…

Уй ичидаги жиҳозлар ғарибгина, аммо ҳаммаёқ ораста, саришта эди.

— Бойваччангиз жудаям камтарона умр кечирар экан, — дедим нариги хонада бир нималарни ахтараётган Рауф акага.

— Ҳа, бўлмасам-чи – деди овоз бериб. — Бойлик билан овора одам уйига қарармиди?! Энг муҳими – эркин! Ғишаваси йўқ. Сўққабош!

Анчадан сўнг, столга ликопчада майиз, қоқи ва ёнғоқ келтириб қўйди. Кейин кафтларини бир-бирига завқ билан ишқаларкан:

— Балиққа қалайсиз? Тузлангани маъқулми ё қоқисидан келтирайми? – деб сўради.

Мен хижолат тортдим.

-Ул бул нарса олайлик десам кўнмадингиз-да, Рауф ака.

— Шунақа гапни қўйинг. Ҳамма нарса бор. Фақат сизнинг хоҳишингизни билмоқчиман, холос…

У столга «Кильки» консерваси билан иккита қоқланган балиқ ва бир шиша пиво қўйди.

— Булар бошламасига! Ҳали суҳбатимиз жонлансин, дастурхонни кўриб, оғзингиз очилади!

Кулишдик.

Мен қоқланган балиқдан тотиндим, Рауф ака консервани мақтаб-мақтаб ея бошлади.

— Рауф ака, бу ўзингизнинг уйингизми? — дедим эшикдан кираверишдаёқ кўнглимда туғилган саволни айтишга журъат қилиб.

— Бойваччанинг уйи!

— Ким ўша бойвачча?

Рауф ака шумлик қилиб дик этиб ўрнидан турди.

— Менман ўша бойвачча! — кейин қаҳ-қаҳ отиб кулди. – Нима, бойваччагаўхшамаяпманми?

Кейин диванга ўтирди, хомушланди. Пешонасида тугунчак пайдо бўлди.Худди ўзига сўзлаётгандек, паст овозда гап бошлади:

— Аслида мол давлати бисёр одам бой эмас, фикр одами бой ҳисобланади. Мавлоно Қозизода Румий айтганидек, инсоннинг ўзи бир бутун олам. Унинг кўнгил меҳвари кенг, фикр доираси уммон сингари бепоён, ният орзулари тоғларча юксак, хаёлоти осмон каби чегарасиз… Фикр одами мана шу жиҳатлари билан бошқалардан бадавлатдир! Менинг бойлигим, ганжинам — фикр. Мен уни онгимда туғилиши билан навниҳолдай парваришлайман. Пишиб етилгандагина уни бошқаларга улашаман… Эшитинг:

Ҳасратимнинг

Суюқ тошларидан

Даҳма қурмоқчиман

Ўзимга

Ичида ўз жасадим бўлсин!..

— Қалай, тузук-а? — У кўзимга кулимсираб боқди. — Бойваччаман десам, ишонмайсиз-а, азизим! Яна биттасини эшитинг:

Бир қушча деразам ёнида

Ўтирар паришон ва ғариб,

Йиғлайди, кўзлари ёнади,

Кўзлари — иккита марварид.

Бир ажиб навога ўхшайди,

Шоирга ўхшайди бир ҳассос,

Мискин соз чалмоққа у шайдир,

Дардига бордирку,бир асос.

Мен унга қарайман оҳиста,

Мен қушча ҳолига йиғлайман.

Билмайман ва лекин не истар

Билмайман, ҳеч қачон билмайман

У яна икки-учта шеър ўқиди. Сел бўлиб тингладим. У шеър ўқиётганида тамом ўзини унутар, ранги ўзгарар, кўзларида аллақандай ҳайрат аралаш ҳасрат жилваланарди. Шеър шеърга, суҳбат суҳбатга уланди. У дилга яқин, жондош дўстлари — кандакор Омон Азизов ва рассом Шуҳрат Абдурашидов ҳақида ўртаниб, кўзига ёш олиб сўзлади… Шу тариқа тонг отганини ҳам сезмай қолибмиз. Рауф ака жонсараклик билан мўъжазгина финжонда кофе, ликопчада печенье келтирди. Кейин яна шеър ўқиди:

Янги тонг.

Тонгда эриб кетди

Кеча

Уйқусини қувиб кўчанинг.

Автолар шовқин солиб кечар,

Дунё сўрармидим сендан,

Дўстим, шу дақиқа?!

Шунчаки, тонг нафаси янглиғ

Табассуминг керак

Фақат…

Нонуштадан сўнг у ушбу китобчага дастхат ёзиб қўлимга берди…

Орадан йиллар ўтди. Рауф ака билан кўп учрашдик. Андижонга келганида ижодкор дўсти Абдухалил ака Қорабоев хонадонига ташриф буюрар, у ерда ҳам тонггача шеър базми бўларди.

Ўў, айтаверсам, эслайверсам, ҳикоям тамом бўлмайди. Инсонийлиги тоғларча юксак бу шоир ҳақида қанча ёзилса, хотирланса, оз…

Сотволди РАЖАБОВ

2018 йил 1 октябр сонидан олинди

0