НЕМИСЧА «ПУНКТЛИХКАЙТ» ВА ЎЗБЕКОНА «БАҒРИКЕНГЛИК»

Немисларда «пунктлихкайт» деган тушунча бор. Бу — вақтдан ўз ўрнида, тўғри ва унумли фойдаланиш, деган маънони билдиради. Германияда бўладиган ҳар қандай тадбир, учрашув ёки келишувнинг муддати белгилангач, унинг қанча давом этиши ва қачон тугаши бўйича тахминий дастур ишлаб чиқилади. Хоҳ якка тартибдаги тадбир ёки учрашув бўлсин, хоҳ оммавий тарздаги тадбир бўлсин, айни қоидага бирдек амал қилинади. Немисларда ҳар бир дақиқа ҳисобда туради. Бу ҳолат бошқа халқлар орасида “немисча аниқлик” дея таъриф қилинади ва кўпгина миллатлар бу одатни ўрганишга, ўзлаштиришга интиладилар.

Афсуски, дунё халқлари қўллаб-қувватлаётган бу одатни биз ўзимизга мутлақо ёт деб биламиз.

Москвада аспирантурада ўқиб юрган чоғларимда Лайпциг университетининг профессори Юрген Брандт билан дўстлашиб қолгандим. Ўша Юрген менга бир воқеани айтиб берганди.

Юрген Брандт тошкентлик Мавжуда исмли аспирант қиз билан ўқишга оид масала юзасидан соат ўн саккизда учрашишга келишиб олишибди. Немис одатига кўра, тайин этилган жойга келишилганидан беш дақиқа олдин келибди. Нақ бир соат кутибди. Мавжудадан дарак бўлмагач, қайтиб кетибди.

Икки соатлардан сўнг Мавжуда Юргенга қўнғироқ қилиб:

— Мен келсам, йўқ экансиз, — дея уни айблашга тушибди. Юрген аспирант қизни нақ бир соат кутганини айтибди ва қиз бунинг учун мендан кечирим сўраса керак, деб ўйлабди. Қаёқда! Мавжуда вақтга нисбатан “бағрикенглик” қилиб ўрганган ўзбек эмасми, “Бир соат кутган, яна ярим соат кутиб турсангиз бўларди-ку”, дея немис профессорни баттар айблабди…

Бошқа масалалар қатори вақт масаласига ҳам ўзбекча “бағрикенглик” билан ёндошишимиз рост. Масалан, қандайдир йиғилиш, учрашув, тантанавий йиғин ёки мажлис ўтказиладиган бўлса, унинг бошланиш вақти албатта эълон қилинади, лекин… айтайлик соат ўнда бошланиши айтилган мажлисга, йиғин ёки тадбирга бемалол ўн яримда бораверамиз. Кеч қолиш мумкин деб ҳисоблаймиз, “ярим соат кечикиб борсак ҳеч нарса қилмайди, чунки ўнга чақирилган мажлис ўн яримда ҳам бошланмаган бўлади”, деймиз ва ҳақ бўлиб чиқамиз. Одатда, тадбирга масъулларнинг ўзлари турли сабаблар билан “ушланиб қолиб”, бир соат кеч келадилар. Йиғин эса роппа-роса ўн иккида диққинафаслик бошланади.

Биз чет тили ўқитувчилари бу ҳолатга “ўзбекча пунктлихкайт” деб ёндошишга ўрганиб ҳам қолдик…

Саидумар САЙДАЛИЕВ

2018 йил 9 апрел сонидан олинди

0