НАФС БИЛАН ТУЗИЛГАН «ШАРТНОМА»

Жияним нуфузли олий таълим даргоҳида ўқийди. Қишлоқдан шаҳарга келган содда, уятчан, тортинчоқ, одамови қизалоқ тўрт йил ичида тамоман ўзгарди. Қарашлари дадил, гаплари дангал тус олди. Узун-узун киприкларини қалин бўяшга, юз-бўйнига упа-эликни обдон суртиб, сўнгги урфда кийинишга, дугоналари билан кунда-кунора ресторан, ажабтовур тамаддихоналарда овқатланишга одатланди. Кутубхонадан кўра бозорга, қўшимча машғулотлар ўрнига либослар дўконига зир югуриб, ҳар ойда икки-уч бора энли-энсиз матоларини қўлтиқлаганча чевархонага қатнайдиган бўлди. Курсдош қизлар билан ким ўзарга либос тиктириб, кимники чиройли эканини интернетда соатлаб муҳокама қилишни ўрганди.

— Ясан-тусанга бунча ўч эмасдинг-ку?! Тўрт йил орасида одам шунчалар ўзгарадими? – дейман ранжиб. Жияним пинагиниям бузмайди.

— Тузукроқ кийиниб, ўзингизга қарамасангиз, одам сафига қўшишмайди-да ўқишимизда, — дейди.

— Билим-чи? Шарм-ҳаё, одобга қараб баҳо беришмайдими?!

Жияним энсаси қотганини яширмайди:

— Э-э, қизиқсиз-а опа, булар иккинчи даражали нарсалар-ку…

Қаршимда сербўёқ қош-кўзини пирпиратиб, калта кўйлагининг этагини ҳилпиратиб турган жиянимнинг ўй-хаёлида фақат ҳашам, башанг кийиниш, ялтир-юлтир буюмлар, дугоналаридан ортда қолмаслик иштиёқи ёниб турганини кўриб, насиҳат бекорлигини англайман.

ЗАВОЛИМИЗ ТЕЗЛАШМОҚДАМИ?

Ҳар сафар моддиятга ружу қўйиб, дўконма-дўкон, бозорма-бозор ҳакиллаб юрганларни кўрсам, Саъдий Шерозийнинг «оёғи асалга илашган пашша» ҳақидаги рубоийси ёдимга келади. Тўғри, нафс ҳаммада бор ва у инсоннинг қон-қонида, жонининг энг ширин жойида яшайди, аммо унга ҳаддини билдириб турилмаса, одамни шармисор қилади. Бувим доим:

— Энг ширин таомни ҳам қулт этасан, ютасан. Бўлди! Қолгани меъда-ю ичакка ҳавола. Одам ялтир-юлтурга, буюмпарастликка, ширинтомоқликка ўрганса, ана бу ёмон! — дердилар. Атрофдагиларнинг гап-сўзлари, орзу-мақсадига қулоқ тутсангиз, аксарият одамларнинг бор-йўқ орзуси қўша-қўша уй-жой қуриш, машина, охирги русумдаги телефон олиш, қимматбаҳо буюмлар йиғиш эканини англайсиз. Жуда кўпчилик еганим олдимда, емаганим кетимда бўлса, дейди. Яқинларингиз, дўст-дугоналарингиз билан дийдорлашиш тилагида учрашсангиз, дилдан гурунглашиш, яйраб суҳбатлашишнинг ўрнига, кимнинг қанча маош олаётгани-ю, ҳовли-эшиги, эгни-бошининг нарх-навоси, уловининг русуми, телефонининг маркаси ҳақидаги маълумотларни эшитиб қайтасиз.

Инсон қадри буюмлар билан баҳоланаётганини, сал одмироқ кийинган, қўли калта инсонларни одам қаторига қўшилмаётганини ва буларнинг барини ҳамма табиий бир ҳолдек қабул қилаётганини кўрганимда, заволимиз тезлашиб кетаётгандай туюлади менга…

ҲЕЧ НАРСА УЧУН ҲЕЧ НАРСА

Дунёга таниқли руҳшунос олимларнинг таъкидлашларича, одамлар онгига «Харид қиляпманми, демак мавжудман» деган қараш сингиб бормоқда. Ривожланган мамлакатларнинг нафақат, маҳаллий аҳоли, балки бошқа давлатлар фуқароларининг эҳтиёжини қондириш, бозор-ўчарга рағбатлантириш учун дунё бўйлаб йирик-йирик савдо марказларини бунёд этаётганини ва нархларни пасайтириш, чегирмалар, рекламалар, яширин тарғибот, турли акциялар, тижорий алдовлар кўмагида мақсадига эришаётганини кўпчилик билади. Бу борада АҚШ, Япония, Германия, Хитой ва Франция рўйхатнинг юқори поғоналарини эгаллаб туришибди. Жаҳон бозорининг 25–29 фоиз улуши айни шу ўлкалар ҳисобига тўғри келар экан.

Барча ривожланган ўлкаларда яшаётган кишилар турмуш тарзини кузатсангиз, истеъмол ҳажмининг бошқаларникидан анча фарқланишини, нафсга мутелик, жисмга қарамлик тобора авж олаётганини кўрасиз. Бу худди машҳур адиб Оноре де Бальзакнинг «Сағри тери тилсими» асари қаҳрамонининг тақдирига – тилак ва имконни, нафс ва ҳузурни умр соатларига алмаштирган йигитнинг аянчли танловига ўхшайди.

Фантаст ёзувчи Роберт Шеклининг «Ҳеч нарса учун ҳеч нарса» («Nothing for Something») номли асари бор. Адиб бу асарида абадий ҳаёт, ниҳоясиз бойлик учун Иблис билан шартнома тузган йигитчанинг аянчли қисматини акс эттирган. Маҳобатли қаср, кийим-кечак, безаклар-у, тиллаларга иблисдан қўшқўллаб олган пулларини аямай сарфлаган йигитчага кунларнинг бирида шартномада қайд этилган мажбуриятни бажариш фурсати келгани айтилади. Яъни у нақ ўн минг йил ўзи қурдирган баҳайбат кошонанинг тошларини майдалашга, йигирма беш минг йил зиёфатларда гиргиттонлик қилишга, эллик минг йил плантацияларда қулдек ишлашга мажбур этилади. Лекин азоб-уқубат тугай демасди, чунки ўлим ундан абадий юз ўгирган эди…

Бугун биз ҳам худди ўша йигитдек ўз нафсимиз билан шартнома тузганга ўхшаймиз.

«НАФС ИТИН ҚИЛСАНГ ЗАБУН…»

Тилшуносларнинг фикрига кўра, бир тилдан иккинчи бир тилга ўтувчи айрим сўзлар кун келиб ўша тилнинг ҳақиқий «аъзоси»га айланади. Бу тилда гўёки азал-азалдан мавжуддек истеъмолда бўлади. Уни энди бу тилдан ажратиб олиш қийин. Худди шунга ўхшаб, реклама ҳам қисқа фурсат ичида онгимизга жойлашишга улгурди, турмушимизга суқилиб кирди, уйимизнинг тўрини эгаллади. Рекламанинг ягона нишони – истеъмолчи. Интернет пайдо бўлгач, унинг тарқалиш доираси ҳам кенгайиб, тадбиркорларнинг ўзига хос иш бошқарувчисига айланди. Одамларда харидорлик ҳиссини қўзғаш, онг остидаги тийиқсиз истакларни уйғотиш, жиловлаб турган хоҳишларини турткилашда рекламанинг «хизмати» катта. Буюмпарастлик, латта-путтага ўчлик, бойлик, ҳашам ортидан қувишда айни шу рекламаларнинг – тўй-томоша, гап-гаштак, хотин-халаж йиғинларидаги сарпо-суруқ «пойга»ларининг таъсири ҳам беқиёс. Дунёга машҳур «Шпигель» («SPIEGEL») журнали рекламани оммавий ахборот воситаларидан кейин турувчи «бешинчи ҳокимият» деб атади. Албатта, биз рекламанинг ижобий томонларини инкор этмаймиз, бироқ танганинг иккинчи тарафи ҳам бор-да. Реклама таъсири туфайли, автоуловнинг қандай моделда экани, қимматбаҳо соат, ўзипиширар печ, эшигини тақиллатсанг, чироғи ёнадиган музлатгич, хуллас, сотиб олинаётган ҳар қандай буюм кишининг қадрини оширадигандек, нуфузига нуфуз қўшадигандек тасаввур уйғотмоқда. Айни замон кишиси «Қандай китоб ўқияпсан?» ёки «Қандай илмларни ўрганяпсан?» деб ҳол-аҳвол сўрашни аллақачонлар унутган.

— Вой-бу, смартфонинг мунча зўр! Охирги моделми?..

— Вуй, қайси бутикдан кийинасан?..

— Соатинг қайси компанияники?..

— Қизгинамнинг сарпосига фалон, фалон давлатларнинг молларидан қўшдим! Қуда холага фалонча суммага идиш-товоқ олдим. Паст кетмай дедим-да!..

— Куёвимнинг туғилган кунига тилла узук совға қилдим!.. – бугун биз мана шундай суҳбатлашмиз, шундай таърифланамиз. Буюмпарастлик кишига моддий зарардан ташқари катта маънавий, руҳий талафот ҳам берадики, унинг давоси ҳалигача топилмаган.

Ҳазрат Навоийнинг «Нафс итин қилсанг забун, оламда йўқ сендек шужоъ» деган ўгити асрлар давомида қадр-қимматини ва таъсир кучини йўқотмай келмоқда. Бани одам учун азал қонунидек жаранглайди у.

Кошки буюмпарастликка, мол-давлат топишга сарфлаётган куч-қувватимизни, умримизни тафаккурни бойитиш, ақлни чархлаш, илм-фанни юксалтиришга сарфласак эди, бизни ҳеч ким енга олмасди. Ҳатто, нафсимиз ҳам.

Чарос НИЗОМИДДИНОВА

2018 йил 12 ноябр сонидан олинди

 

 

1+