МИЛЛИАРДСИЗ МИЛЛИАРДЕР

Чак Фини
Чак Фини

У жуда оддий кийинади. Ижарага олинган, содда жиҳозланган квартирада яшайди. Ҳашаматли ресторанларда эмас, оддийгина ошхоналарда ҳамма қатори овқатланишни маъқул кўради. Ҳатто ўзининг шахсий автомобили ҳам йўқ. Кўпинча метрода, айрим ҳолларда таксида юради. Самолётларнинг ҳам бизнес класс эмас, эконом класс салонларида учади. Эркак кишининг қимматбаҳо кўйлаклар олиб кийишини ўтакетган аҳмоқлик деб ҳисоблайди. Бисотидаги энг қимматбаҳо зийнат – ўн беш доллар турадиган қўл соатидир.

Бу одамнинг исми Чак Фини.

Асли ирландиялик бўлган 83 ёшли ишбилармон, дунёнинг 27та мамлакатида фаолият юритувчи Duty Free компаниясининг асосчиси Чак Финининг бойлиги салкам саккиз миллиард долларни ташкил этади.

Содда ҳаёт кечирувчи миллиардерни кўпчилик ўтакетган хасис, ҳатто ўзидан пул қизғонадиган, бахил одам деб биларди, токи унинг ўттиз йил давомида олти миллиард долларни хайр-эҳсон ишларига сарфлагани ва ҳануз бор бойлигини фақат саховат учун ажратаётгани маълум бўлгунига қадар. Маълум бўлишича, Америка, Австралия, Ирландия, Жанубий Африка, Вьетнам ва Бермуд оролларида бир неча ўнлаб қариялар уйлари қурдирган миллиардер уларнинг тўлиқ таъминоти билан ҳам шуғулланади. Бундан ташқари, Чак Фини қашшоқлик ҳукм сураётган кўпгина давлатларда маориф, соғлиқни сақлаш ишларини ривожлантириш ҳамда тоза ичимлик суви таъминоти учун ҳам катта миқдорда маблағлар ажратади.

Миллиардер давраларда иложи борича ўзининг номи тилга олинмаслигини истайди ва назарга тушмасликка ҳаракат қилади. Интервью беришни эса умуман ёқтирмайди. Америкалик журналистлар уни «Соядаги одам», деб атайдилар.

Мутахассислар Duty Free компанияси кўраётган фойданинг йил сайин ажойиб тезликда ошиб бораётганини ҳайрат билан кузатаётганларида, Чак Фини фойданинг асосий қисмини ўзининг The Atlantic Philanthropies хайрия жамғармаси орқали керакли жойларга эҳсон қилиш ташвишлари билан елиб-югуради.

-Пулларимни хайрия ишларига сарф қилгандагина чинакам ҳузурни ҳис қиламан, — дейди миллиардер. – Пулларни берасан ва кўрасан: шу пулларинг туфайли нимадир яралди, масалан, фақирлар учун шифо маскани ёки мактаб! Қанча-қанча одамда яна ҳаётга иштиёқ, келажакка умид пайдо бўлади. Бу жуда ажойиб! Мен учун ҳаётнинг маъноси – топган бойлигимни эҳсон қилишдадир, зинҳор пулларни банкка қўйиб, ёнига яна қўшиш учун ўлиб-тирилиб ишлашда эмас…

Сайёрамизнинг энг бадавлат одамларидан бири Билл Гейтс Чак Финини «Асл инсоннинг чинакам намунаси» деб атайди.

Чак Фини жаноблари келгуси йилларда бутун бойлигини тўлиқ саховат ишларига жалб қилиш ниятида эканини билдирган.

Хадича ҲАБИБ тайёрлаган

2017 йил 20 март сонидан олинди

2+