МАЙМУНГА АЙЛАНТИРАДИГАН МЕҲНАТ

АҚШдаги Саломатлик ва касбий хавфсизлик миллий институтининг берган маълумотларига кўра, 46 фоиз америкалик иш учун ҳар ҳафтада 40 соат вақт сарфласа, 45 фоизи иш вақтидан ташқари ҳам кўпроқ ишлашга мажбур экан. Ҳиндистон фуқаролари эса ишга қатнар экан, юриб кетаётган уловга сакраб чиқадилар ва ҳали тўхтамаган уловдан сакраб тушадилар, яъни оммавий вақт танглигидан бутун олам қийналмоқда.

Эрталаб ишга шошилиш, сўнг ишдан уйга ошиқиш, уй юмушларига улгуришга уриниш сабабли одамлар етарли ҳордиқ чиқара олмайдилар, севимли машғулотлари билан шуғулланолмайдилар, ҳатто болалар тарбиясига ҳам вақт кам ажратилади. Иши дурустроқ бўлганлар ишдан ажраб қолишдан қўрқиб, раҳбарга ёқиш учун талаб этилганидан ҳам кўпроқ ишлашга ҳаракат қиладилар. Савдогар сотувчилар қишин-ёзин чанг-тўзонли, ёзда тандирдек қизиб, қишда қаҳратон совуқ бўладиган бозорларда ўтирадилар. У ердаги шовқин-сурон, бақир-чақир, қўпол муомалалар асабни тез ишдан чиқаради. Бозорда қанча кўп ўтирса, савдоси ва фойдаси шунча кўп бўлишига ишонган савдогарлар дам олиш ва осойишталик нималигини ҳам унутиб юборадилар.

Яхши яшаш истаги одамларни дам олмай ишлашга мажбур қилмоқда. Бу истак уларни шунчалик ўз домига тортганки, баъзилар ҳатто еб-ичишдан, кийинишдан, рўзғор харажтларидан ташқари анча-мунча даромад орттирган бўлсалар ҳам, бундан қониқмайдилар. Яна кўпроқ пул топиш истагида жаҳд билан ишлайверадилар. Ҳакимлар ва руҳшунослар одамлардаги бу хавфли одатга «майдапарастлик» деб ташхис қўйганлар.

Бир журналда ҳазил-чин аралаш «Шундай меҳнатлар борки, одамни маймунга айлантириб юборади», деб ёзишган эди. Бу гапнинг тагида оз бўлса-да ҳақиқат бор. Ҳозирги кунда одамларнинг ҳаётида ишдан бошқа ўзига тортадиган ҳеч нарса қолмагандек. Фақат ишхонасидагина кўпчилик ўзини енгил ҳис қилади, кўнгли ёзилади, одам қаторига қўшилгандек бўлади. Аммо ҳамма нарсада ҳам меъёр ва чегара бор. Унутмайликки, иш, меҳнат тирикчиликнинг асосий манбаи бўлиши билан бирга асабий тарангликнинг ҳам ўчоғи ҳисобланади.

Дунё олимларининг аниқлашларича, ишдан энг кўп азоб чекадиганлар ва ишида энг кўп асабий тарангликка мубтало бўлувчилар: кончилар, учувчилар, журналистлар, ички ишлар ходимлари ва тиш шифокорлари экан.

Асабий таранглик хавфи нисбатан камроқ бўлган касблар эса: ўқитувчилик, сотувчилик, муҳандислик, ҳисобчилик ва дастурловчилик экан.

Ишдаги асабий таранглик дин пешволари, астрономлар, музей ходимлари ва кутубхоначиларда камроқ кузатиларкан.

Британия тиббиёт журнали ходимлари «Зерикарли ва аҳамияти кам бўлган ишлар одамни ўлдиради», деб ҳисоблашади. Шунингдек, инфарктга энг кўп олиб келадиган касблар: швейцарлик (эшикоғаси), котибалик ва почтачилик ҳисобланаркан. Чунки улар ўзларича ҳеч қандай ташаббус кўрсатолмайдилар, ўз имкониятларини ҳаётга жорий қилолмай қийналадилар.

Бизда йилда бир марта таътилга чиқиш умумий қоида бўлиб қолган. Аммо тинмай меҳнат қиладиган одамнинг йилда бир мартагина дам олиши етарли эмас. Чунки йил давомида сарф бўлган куч-ғайрат ва асабни бир-икки ойда тиклаш имконсиз. Таътилга чиққан одамлар йил давомида иш кўплиги туфайли битмай қолган ишларини тугатиб олишни мўлжаллайдилар: таътил пайтида тўй қилиб оладилар, қурилаётган уйнинг кам-кўстини битирадилар ва ҳоказо. Оқибатда, ишдагидан баттар толиқадилар.

«НОРОЗИЛИК» ХАСТАЛИГИ

Олимларнинг фикрича, дунёда аввал номаълум бўлган руҳий бузилишлар авж олмоқда. Гап иш ва ижтимоий асабий тарангликларнинг доимий ҳамроҳи бўлган ангедония ҳақида. Ангедония – юнонча сўз бўлиб, «норозилик», «қониқмаслик» деган маъноларни англатади. Бу хасталик, аввало, ҳаётдан баҳра олишни билмайдиган, бутун борлиғи билан меҳнатга шўнғиб, мол-дунё ташвишида ҳамма нарсани унутадиган, ношукр одамларга ёпишади. Уларнинг кўзига иш ва пулдан бошқа нарса кўринмайди. Аммо истаган бойликларини қўлга киритгач, ундан завқ олишга ё қурблари, ё соғликлари, ё умрлари етмай қолади…

Билган одамга ҳақиқий бахт – тинчлик-хотиржамликдадир. Ҳақиқий бахт – энг оддий кўринган одатлар, қизиқишларда бўлади. Агар сизда аввал мавжуд бўлган бирорта қизиқиш ҳали-ҳамон сўнмаган экан, демак ҳали ангедония домига тушмабсиз. Китоб ўқиш, бирор жониворга меҳр кўрсатиш, табиат қўйнига саёҳатга чиқиш ёки бошқа эрмаклардан совиб кетмаган бўлсангиз, демак ҳали асабларингиз бутун экан. Демак, ҳали бойликка интилиш, амал эгаллаш, бирни ўнга айлантириш дарди сизни енгиб улгурмабди.

Ҳаётдан лаззатланишнинг ҳалол йўллари жуда кўп. Ҳар қадамдаги оддий нарсалардан ҳам завқ ола биладиган, сўлим гўшалар табиатига боқиб ёки лаззатли таом еб ҳам беҳад ҳузурланадиган, шукрли кишилар бошқаларга қараганда ўзларини анчайин бахтли ҳис қиладилар, ҳаммадан узоқроқ умр кўрадилар, қанчалик кўп меҳнат қилсалар ҳам чарчамайдилар. Кимда қаноат, шукр, ўтаётган онларидан розилик бор экан, мажбурий меҳнат ҳам уни маҳв эта олмайди.

Абдукарим УСМОНХЎЖАЕВ    

2018 йил 26 январ сонидан олинди    

1+