МАЛИКАЛАРНИНГ КЎЙЛАГИ КАЛТА БЎЛМАЙДИ

Маълумки, аёл кишининг тор ва калта либосларда юриши ҳеч бир халқда, ҳеч бир миллатда маъқулланмаган одатдир. Ярим яланғоч аёл миллати ва динидан қатъи назар, ҳеч бир эркакда ҳурмат-эҳтиром туйғуларини уйғотмайди. Россиялик руҳшунос Александр КЛЮЧКОВнинг эътиборингизга ҳавола қилинаётган мазкур мақоласини ўқигач, бунга яна бир карра амин бўласиз ва ўзингиз учун хулоса чиқарасиз, деган умиддамиз.

Мендан, кўпинча, «Либоснинг инсон тақдирига, ҳаётига, руҳиятига таъсир қилиши ростми?», деб сўрашади. Таъсир қилиш ҳам гапми! Кийимлар инсоннинг ҳатто руҳий қувватини бир йўналишдан бошқасига ўзгартира олиш хусусиятига эга. Ўзингизга ярашган, янги либос кийгандаги ҳолатингизни бир эсланг: ўзингиздан мамнунсиз, мағрурсиз, кайфиятингиз ҳам кўтаринки… Мен бу билан инсон ҳамиша гўзал руҳий ҳолатда юриши учун, албатта, янги либос сотиб олиши керак, демоқчимасман. Инсон ҳамиша ва ҳар ерда соғлиғига, кайфиятига, руҳиятига фойда берадиган, атрофдагиларда ўзи ҳақида нотўғри тасаввур уйғотмайдиган либосда бўлиши керак.

Сўнгги пайтларда калта юбка, этаги қисқа кўйлак ва ёки шим киядиган аёллар ҳақида айтилаётган бемаъни фикрлар кўпаймоқда. Эмишки, калта либос киядиган ёки қулай шимларда юришни маъқул кўрадиган қиз-аёллар – ўзига ишонган, мустақил, ҳаётда омадли, ишбилармон бўлиб, замонавий эркаклар, айнан шундай қиз-аёлларни қадрлашар эмиш. Мен тажрибали руҳшунос ва аёл гўзаллиги борасида ўз мустақил фикрига эга эркак сифатида бу бемаъни сафсатага умуман қўшилмайман. Бу масалада ўтказилган юзлаб тадқиқотларда шахсан иштирок этганман ва айтишим мумкинки, шим кийган аёлга эркаклар беихтиёр ўз жинсдошлари қаторида, ҳиссиз муносабатда бўладилар. Эркакда бу аёлга ёрдам бериш, унга меҳрибонлик қилиш, уни эҳтиёт қилиш, унга ҳадялар бериб қувонтириш истаги уйғонмайди, аксинча, эркаклар ҳамиша шим кийиб, сочини калта кестириб юрадиган, шаддод аёл ҳамкасблари билан карьера масаласида тенгма-тенг, кескин рақобат қиладилар.

Тор шимлар, калта этаклар аёлнинг соғлиғига ҳам жиддий зарар беради. Бундай либослар аёлнинг бел ва қорин мускулларини қаттиқ сиқиб туради ва натижада, қон айланиши издан чиқади, сийдик йўллари ва ички аъзолар зарарланади. Совуқ кунларда ҳам кийилаётган калта ва тор либослар сабаб қиз-аёллар сурункали шамоллаш касаллик­ларига, бепуштликка дучор бўлмоқдалар.

Руҳий қувват масаласига келсак, асрлар давомида аждодларимиз эркак – осмондан, аёл – ердан энергетик қувват олади, деган фикрда бўлганлар. «Аёл ердан қувватни ўз этаклари билан йиғиб-тўплаб олади», деган тушунчада собит оналаримизнинг узун ва кенг этакли кўйлаклари (бугунги куннинг «сурбет» модаси қиз-аёлларимизга беўхшов ҳазиллар қила бошламагунича), асрлар бўйи урфдан тушмай келди. Бундан ташқари, қадимий Русда «Агар аёлнинг оёқлари яланғоч бўлса, унга инс-жинлар, ёвуз руҳлар илашади ва бундай аёл атрофга фалокат келтиради», деб ҳисобланган. Бу фикрда қанчалик ҳақиқат борлигини билмайман, лекин ярим яланғоч аёлларнинг ҳозир ҳам эркаклар соғлиғига, руҳиятига офат келтираётгани ҳақиқат.

Тарих гувоҳ, қадим-қадимдан аслзода аёллар юзларига тўр тутиб, қадди-бастларини яшириб турадиган либослар кийиш билан ўзларининг оқсуяклардан эканликларини намоён қилишган. Узун ва кенг этаклар аёлга шоҳона ҳаракатланиш имконини беради, унга улуғворлик бахш этади. Болалигимиздан хотирамизга муҳрланган эртаклардаги гўзал маликаларнинг либослари ҳам сочлари каби узун эди. Шунинг учун ҳам, эркак киши узун этакли, сипо либосдаги аёлда маликалардек улуғворликни, аслзодаликни, дилбарликни кўради. Бундай аёлга ҳеч бир эркак (агар у миясига қурт тушган «маньяк» бўлмаса) шаҳвоний истакларни қондириш воситаси, деб қарамайди.

Узоқ йиллик тажрибалардан маълум бўлганки, ҳақиқий эркаклар ўз гўзаллигини намойишга қўймайдиган аёлларга харидор бўладилар. Эркаклар учун жозиба — яланғочликда эмас, яширинлиликдадир.

Ҳаётда ҳақиқий эркаклардан маликалардек муносабат кўришни истайдиган аёллар, энг аввало, маликалардек кийиниш­лари лозим. Дунёдаги ҳеч бир халқ тарихида сочи калта кесилган, этаги бир қарич кўйлак кийган маликалар бўлмаган…

2018 йил 19 март сонидан олинди

1+