МАДАНИЯТ ДАРАЖАСИ КИТОБХОНЛАР СОНИ БИЛАН БЕЛГИЛАНАДИ

Маънавият сўзининг замирида маъно, моҳият тушунчалари ётади. Китоб ўқийдиган одам ўзини маънога тўлдиради. Зиё билан йўлини ёритади. Шу маънода, китоб инсониятнинг энг юксак кашфиётларидан биридир.

Мен мутолаани тирик жараён деб биламан. Мутолаа ҳамиша мулоқот тарзида бўлгани учун ҳам тирикдир. Бу жараён пайтида асар муаллифи билангина эмас, у яратган олам билан, унда яшовчи инсонлар билан мулоқот қиласиз. Китобни ўқиб, қалбан завқ оласиз, ҳаёт маъносини теран англайсиз, жамиятни, ўзингизни ўрганасиз, ичингиздаги жоҳиллик бекинган кавакларни ёритасиз, инсоний қиёфангиз шаклланади. Қисқача айтганда, тириклик илмини оласиз, инсоннинг моҳияти ва вазифасини кўпроқ англайсиз. Инсон табиатида Яратганнинг муайян белгилари ҳам мужассам этилганидек, инсон тафаккурининг меваси бўлмиш китоблардаям муқаддас каломларнинг шуури бўлади. Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг «Бешикдан то қабргача илм излангиз» насиҳатлари замирида ҳам илм манбаи бўлмиш китоб мутолаасига даъват бор.

Бу гапларни ёзатуриб, қулликка қарши курашган афро-америкалик ёзувчи Фредерик Дугласнинг асоратдаги қавмдошларига қарата айтган «Ўқишни ўргансангиз, умрбод озод бўласиз» деган гапини эсладим. Китобни танимаган, мутолаани билмаган одам, муайян маънода, қуллик ичида яшайди. Қуллик бор жойда эса фикрсизлик урчийди, вазият ва муаммо олдида итоатгўйлик ҳукмрон бўлади. Китоб мутолааси тобе инсонга, унинг фикрига қанотбахш фикр беради, тубандан юксакка кўтаради.

Китоб табиатида уч ижтимоий вазифа ўз ифодасини топган. Биринчидан, китоб инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси жамғармаси; иккинчидан, қачон яшаганидан қатъий назар ўз даврининг ифодачиси бўлмиш ижодкор шахсларнинг, демак инсонларнинг дунёқарашлари, фикру ҳислари ва билимлари акс этган ҳужжат; ниҳоят, учинчидан, ҳар қандай китоб кечадан ва бугундан келажакка битилган мактуб ҳамдир.

Адабиёт китобхон билан тирик. Ўтган асрнинг 60-йилларидан ўзбек жамиятида китобхонлар қатлами пайдо бўла бошлаган эди. Аммо сўнгги йилларда бу қатлам заифлашди, унинг ўрнини сериаллар томошабини қатлами эгаллади.

Китобга меҳр, мутолаа маданияти, энг аввало, оиладаги муҳит, ота-онанинг китобга бўлган муносабати ва мактабдаги адабиёт дарсларининг савияси таъсирида шаклланади. Бу масалада, айниқса, отадан ҳам кўра онанинг китобга яқинлиги ҳар бир миллат тараққиётида жуда муҳим ўрин тутади. Миллатда китобхон оналарнинг кўплиги унинг келажагига ишонч билан қарашнинг пойдеворидир, дегим келади.

Китоб ва мутолаа ҳақида гап кетган жой борки, албатта, «Ёшлар китоб ўқимай қўйди» деган гап айтилади. Менимча, гапни энг биринчи «Ота-оналар китоб ўқияптими?» деган саволга жавоб топишдан бошлаш керак.

Қадим достонимиз бўлмиш «Қўрқут Ота»да қизига ҳадеб насиҳат қилиб ўтирган онага, «Сен қизингга фақат насиҳат қилиб ўтираверма, ундан кўра, ўша ишни ўзинг қилсанг, қизинг қилади», дея танбеҳ берилади. Ёки бўлмаса, «Қуш уясида кўрганини қилади», «Онасини кўриб, қизини ол» каби мақолларнинг таг замирида ҳам ибратнинг ўрни, тарбиянинг аҳамияти, огоҳликка даъват қилиш каби қат-қат маънолар бор. Бу ҳикматларнинг ҳар бирида болалар, ёшлар тарбиясига оид жуда муҳим фалсафа бор.

Ота-онаси китоб ўқиган оиладаги болалар, албатта, китоб ўқийди. Демак, миллатда китобхон оналарнинг кўплиги унинг келажагига ишонч билан қарашнинг пойдевори, деган ҳикматни, оилада китобга меҳр ва мутолаа маданиятини тарбиялаш керак, деган гапни такрор-такрор айтишдан тўхтамаслигимиз керак.

Мактабда бўлажак ҳаётий қисматимизу шахс сифатидаги қиёфамиз шаклланади. Шу маънода коллеж, лицей ва мактабларда, аввало, адабиёт, тарих, жамиятшунослик дарсларидаги бош мақсад комил шахсни, комил юракни тарбия қилиш эканлигини теран англашимиз лозим. Ҳар бир ўқитувчи, у қайси фандан дарс бермасин, донишманд боболаримиздан бири Иброҳим Марғинонийнинг: «Қулоқ англағони илмдур, фаҳм англағони ҳикматдур» – деб айтган насиҳатларини мақсад ва вазифа деб билсин. Айнан китоб мутолааси инсонга ўзига хос фаҳмлашу фаросат бахш этгувчи жараён эканини англатиш билан бола қалбида китобга меҳр уйғотиш муаллимнинг биринчи вазифаси бўлиши керак.

ХХ асрнинг иккинчи ярмида жаҳондаги икки муқобил тузумнинг ўзаро кураши энг авжига чиққан паллада давлат раҳбарларидан бири «Рақобатимиз натижаси атом полигонларида эмас, мактаб синфларида ҳал бўлади» деб айтганида минг карра ҳақ эди.

Хуллас, бугун мактабларда китобхонлик маданияти нечоғли юксак шакллантирилса, эртага халқ ва жамиятда фаҳму фаросатли инсонлар шунча кўп, маданий юксалиш шунчалик баланд бўлади. Маданий юксалиш бор жойдагина бошқа: ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва ҳоказо юксалишлар юзага чиқади.

Жамиятнинг нечоғли маданиятлашгани нашр этилаётган китобларнинг адади билан эмас, юксак мутолаа савиясига эга китобхонлар сони билан баҳоланади, деб ўйлайман. Айни шундан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, китоб дўконларининг нечоғли гавжум бўлиши эмас, кутубхоналарга аъзо бўлган чинакам китобхонлар сони жамият даражаси ҳақида тўлиқ маълумот беради.

Хуршид ДАВРОН

Ўзбекистон Халқ шоири

2018 йил 12 ноябр сонидан олинди

2+