ХАВФЛИ МУЛЬТФИЛЬМЛАР ЁХУД ФАРЗАНДЛАРИМИЗ ОНГИНИ КИМЛАР БОШҚАРМОҚДА?

Инсоният тарихининг каттагина қисмини тўқнашувлар, зиддиятлар, қарама-қаршиликлар, урушлар ташкил қилади. Афсуски, инсон уларнинг ҳеч биридан ўзига яраша хулоса чиқаролгани йўқ.

Таранг вазият ва ёки урушларда ҳал қилувчи омиллар турлича: тиш-тирноғигача қуролланган армия, тажрибали саркардалар, ақлли қўмондонлар, жўғрофий жойлашув сингари. Лекин ҳамма замонларда ҳам ҳал қилувчи ягона омил мавжуд бўлган – бу ҳар икки тараф фуқароларининг психологик ҳолати. Бу омил бошқа омилларни ҳамиша ярим йўлда қолдириб кетади. Шунинг учун ҳам, ахборот-психологик урушлари маълум бир кучлар ва тарафлар томонидан ҳамиша ва ҳаммавақт олиб борилади: тинч замонларда ҳам, уруш даврларида ҳам, мамлакатлар ўртасида ҳам, бир мамлакат фуқаролари ўртасида ҳам… Фақат бунинг фарқига борадиган, керакли позицияда тура оладиган, психологик ва ахборот урушларига қаршилик қила оладиган, ўз тафаккурини, маънавиятини, ўзлигини ҳимоя қила оладиганлар бор ва аксинча, ахборот-психологик урушларининг нима экани ҳақида тасаввури ҳам йўқлиги боис, ўзи билиб-билмаган ҳолда ўзлигини, эркини, тинчлигини бой бериб қўядиганлар бўлади…

Бугун ахборот-психологик хуружлари ўзига хос қуролга айланган. Бу қурол ёрдамида ҳарбий куч билан амалга ошириб бўлмайдиган мақсадларга эришиш, яъни инсон онгини бошқариш мумкин. Сиртдан қараганда аҳамиятсиздек кўринадиган психологик хуружлардан ўз вақтида огоҳ бўлиш ва сақланиш бугун катта-ю кичикнинг зиммасига бирдек тушиб турибди.    Инсон онги ва қалбига яширин, ғаразли мақсадда таъсир кўрсатиш, аниқроқ айтганда, асл мақсадни яширин тутган ҳолда бошқалар устидан ҳукмронлик қилиб, уларда ўзи истаган хулқ-атворни шакллантириш – манипуляция қилиш жараёнлари (хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг) ҳатто она сути оғзидан кетмаган гўдаклар орасида ҳам авж олдирилмоқда. Ишонмасангиз, болакайларингизнинг параболик антенналарга, кабел телевидениеларга уланган телевизорингиздан нималарни берилиб томоша қилаётганига кўзингизни очиброқ, фикрингизни жамлаброқ эътибор беринг.

УЙИМИЗДАГИ БЕГОНА

Халқаро психологлар уюшмаси аъзоси, нью-йорклик профессор Жером Сингер шундай ёзади:

«…Дейлик, ишдан қайтганингизда уйингизда бир бегонанинг бемалол жойлашиб олганини кўрдингиз. У фарзандларингизга жанжал-тўполон кўтаришнинг турли йўлларини, ёқалашишни, бошқаларга ҳурматсизликни, беҳаёликни, хуллас бола тарбиясига зарар берадиган ҳамма нарсани ўргатаётган бўлса… нима қилган бўлардингиз? Албатта, қўлингизга таёқ олиб, у ярамасни уйдан қувасиз! Лекин, буларнинг ҳаммасини боплаб бажарадиган телевизорни уйингизнинг тўрига ўз қўлларингиз билан жойлаштириб қўйгансиз». Албатта, профессор «телевизорингизни олиб чиқиб ахлатга улоқтиринг», демоқчи эмас…

Тиниб-тинчимас болакайларнинг телевизор қаршисида сеҳрлангандек жимгина ўтириши, берилиб мультфильм ёки кинофильм томоша қилиши аксарият хонадон аъзолари учун жуда кўнгилли ҳолат ҳисобланади ва аксарият ота-оналар ёш болаларга телевизор кўришни тақиқлашга айтарли асос йўқ, деб ҳисоблайдилар. Болага «Телевизорга яқин ўтирма, кўзингга зарар беради» дейишади-ю, лекин ҳеч ким унинг асаб тизимига, ахлоққа, феъл-атворга берадиган зараридан гапирмайди.

Хўш, телевизор қаршисида болакайларнинг вақти чиндан ҳам кўнгилли ўтадими? Сиртдан қараганда уларнинг вақти хуш ўтаётгандек, лекин аслида бу пайтда уларнинг мияси зўриқиб ишлаётган бўлади. Экранда кўраётганларини улар айни ҳақиқат деб қабул қиладилар. Ёқимтой кўринишдаги қаҳрамонлар, ёрқин ранглар, ғалати саргузаштларга бой мультфильмларни болакайлар жуда ёқтириб томоша қилишади, лекин севимли нарсалар ҳар доим ҳам фойдали бўлавермаслигини билишмайди. Қолаверса, мультфильмлар орқали виждонсизларча алдаш, йўлдан уриш, ёмон ниятларни амалга ошириш мумкинлиги фариштадек болакайларнинг (ва беэътибор катталарнинг ҳам) хаёлларига келмайди.

Болаларнинг замонавий мультфильм кўргандан кейинги хатти-ҳаракатларини кузатганмисиз?

-Менинг қизчам «Маша ва айиқ» мультфильмининг бир неча сериясини кўргандан кейин жанжалкаш бўлиб қолди, — дейди ёш оналардан бири. –Бесабаб ўзини ерга ташлайди, айтганини қилмасангиз, ҳатто идишларни синдирмоқчи бўлади, яхши кўрган ўйинчоқларини кўчага олиб чиқиб улоқтиради.  Ҳатто мультфильмдаги Машага тақлидан кўзларини катта очиб, лабларини буриб аразлайди. Шу вақтгача у жуда сокин, гапга кирадиган бола эди. Битта мультфильм туфайли бирданига шунча ўзгариш! Ваҳоланки, қизчам эндигина икки ёш бўлди…

«Маша ва айиқ» мультфильмининг болалар психикаси ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатишини психологлар анчадан бери таъкидлаб келадилар. Бу мультсериалнинг бош ғояси шундай: истаганча одобсизлик қилишинг мумкин, бунинг учун ҳеч ким сени айбдор қилмайди ва жазоламайди!

Бош қаҳрамон Маша – ўта ўжар, тарбиясиз, жазавали, худбин қизча. Бутун сериал давомида ёлғиз ўзи бемалол кўнглига келган қилғиликларни қилиб юради. Каттакон Айиқни исталган кўйга сола олади. Айиқ эса Машани жазоламайди, аксинча унинг ҳамма қилғиликларига матонат билан бардош беради ва тинчгина ҳаёт кечиришни орзу қилиб яшайди.

Машанинг дарагини эшитган бошқа ҳайвонлар ҳам иложи борича ишончли жойларга яширинишга уринадилар, чунки бу қизча ўрмон аҳли учун жуда хавфли ва вайрон қилувчи кучдир. Афсуски, ана шу вайрон қилувчи куч эгаси миллионлаб болалар учун севимли қаҳрамонга айланиб улгурди: унга тақлид қиладилар, кичкина қизчалар ундан юқтирган муттаҳамликларини «мен Машаман» дея изоҳлайдилар, жазосиз қолаётган тарбиясизликни ўз феъл-атворларига сингдириб оладилар…

Аммо бу ҳали ҳолваси! Болаларимиз интернет ва телевизор орқали берилиб томоша қилаётган мультсериаллар орасида шундай хавфлилари борки… Мисол учун, «Шрек» мультсериалининг болаларни садизм ва тубанликка, чиркин одатларга, ахлоқсизликка ўргатиш учун тайёрланганлигини унинг бир-икки серияларини кўргандаёқ англаб олиш қийин эмас:

мультсериал бош қаҳрамонларидан бири Фиона ҳайвонларни кўнгилхушлик учун ўлдиради;

сериалда анъанавий, тўлақонли оила калака қилиниб, ўрнига Ғарб маънавиятини инқирозга олиб бораётган «ноанъанавий оила» ғояси илгари сурилган, яъни, Эшак урғочи Аждарҳо билан бир оила бўлиб яшайди ва улардан аллақандай махлуқчалар — аждарҳоқанотли, оғзидан олов пуркайдиган, учар хўтикчалар туғилади;

қиролнинг қизи Фиона эса шоҳона ҳаётдан воз кечиб, келиб чиқиши номаълум бўлган, яшил рангли махлуқ — Шрек билан яшайди ва ундан кичкина махлуқчалар туғади;

қизининг бу нодонлигига қаршилик қилувчи ота – Қирол мультсериалда салбий образ сифатида кўрсатилади.

Махлуқ Шрек образи эса фақат ва фақат болаларнинг дидини, одобини расво қилиш учун шакллантирилган. Бу фикрнинг исботи учун Шрекнинг атрофдагиларга қўпол муомаласи, балчиққа ағанашлари, қурбақаларни пуфакдек пуфлаб шишириб хотинига совға қилишлари, дастурхон устида хунук кекиришлари, туфлашлари, исталган жойда ел чиқаришлари-ю, қулоғининг кирини чиқариб, уни шам сифатида дастурхон устига ёқиб қўйишларини эслаш кифоя. Энг даҳшатлиси, бу мультсериалда транссексуализм тарғиби ҳам бор: Шрекнинг дўсти Пиноккио аёлларнинг ички кийимини кийиб олади; забардаст қоматли эркак бармен эса аёллардек бўяниб, зийнатланиб, аёлча кийиниб юради… Ва бу қаҳрамонларнинг ҳаммаси ўта устакорлик билан, айёрона маҳорат билан болаларга «севдирилади». Бу хавфли мультсериалнинг юртимиз бўйлаб оммалашиб кетгани етмагандек, жойлардаги айрим ошхона ва дўконларга «Шрек» дея ном қўйилганини қандай тушуниш мумкин?!

«Том ва Жерри» мультсериали ҳам «катта-ю кичикка бирдек мароқ берувчи» мақомига чиқиб улгурган. Уни хавфли мультфильмлар қаторига қўшилса, энсаси қотадиганлар етарлича топилади. Лекин сюжетга эътибор беринг-а: бутун сериялар давомида мушук сичқонни тутмоқчи бўлади (табиатнинг оддий қонуни бу) ва бунинг ортидан қанча-қанча азоб-уқубатларга дучор этилади. Эпизодларда тинимсиз зўрлик-зўравонлик, баджаҳллик, қаҳри қаттиқлик, аламзадалик, қасос иштиёқи кўрсатилади. Ва бошқа «халқаро миқёсда машҳур бўлган» мультсериаллар сингари бунда ҳам на мушук ўз қилмишлари учун жавобгарликни ҳис этади ва на сичқон. Уларнинг ҳар қандай ёмон одатлари жазосиз қолдирилади. Уларга ҳамма нарса мумкин, чеклов йўқ: исташса бутун бошли уйни ағдар-тўнтар қилишади, исташса овқатларни, ширинликларни чангаллаб бир-бирларига улоқтиришади,  исташса идиш-товоқларни синдиришади, истаган жойларига ўт қўйишади… Ва буларнинг барчасини қониқиш ва завқ билан адо этишади. Муаммо шундаки, бундай мультфильмларни берилиб томоша қиладиган болакайлар ўзларининг «қулоқсизлик»ларига атрофдагиларнинг худди ана шу мультфильмлардагидай бепарво бўлишини хоҳлайдилар, ўзларига берилган ҳар бир танбеҳдан норози бўладилар, истаганини қилиш мумкин бўлган эркин ҳаётни истай бошлайдилар. «Эркин ҳаёт» ниқобидаги тийиқсизликлар, ахлоқсизликларни чиройли кўрсатиш ва шу орқали инсонлар психологиясини издан чиқариш ғояси болакайларга ана шундай сингдирилади.

НОЖИНСЛИК ТАРҒИБИ ВА «ЮМШОҚ ЎЛИМ»

Бугунги болалар онгига зимдан сингдирилаётган ифлос бир ғоя: гомосексуализм ва транссексуализм тарғиби учун махсус яратилган жуда кўплаб мультфильмлар борки, бугун ҳеч бир ота-онанинг «Менинг болаларим бундай мультфильмларни кўрмайди», дея хотиржам бўлишга ҳаққи йўқ. Тўғри, юртимиз телеэкранларида бундай мультфильмлар намойиш этилмайди, лекин кабел телевидениеси, параболик антенналар ва интернет «шарофати» билан болаларнинг бундай мультсериалларни қўшни ва чет давлатлар телеканаллари ҳамда турли сайтлар орқали кўра олиш имконияти борлигини эсдан чиқармаслик керак. Маълумот учун, яна ҳам тўғрироғи ҳушёрликка чорлаш мақсадида бир-икки мисол айтай. Жаҳон (жумладан, Россия) телеканаллари орқали давомли намойиш этиладиган хавфли мультсериаллардан бири «Спанч Боб» («Губка Боб. Квадратные штаны») айнан гомосексуализм тарғиби учун яратилган сериалдир (балки сиз бундай мультсериал мавжудлигидан умуман бехабардирсиз, номини эндигина эшитиб тургандирсиз, лекин у ҳақда болажонларингиздан сўраб кўринг-а…).

Мультсериалда бош қаҳрамонлар Боб ва унинг яқин дўсти Патрик (ўғил бола персонажлар) худди севишган йигит билан қиздек қўл ушлашиб юрадилар, бир-бирларига хушомад қиладилар, бир ўринда ухлайдилар. Иккалови биргаликда «бола» (кичкина чиғаноқни) сақлаб оладилар, уни бирга парвариш қиладилар. Бу «оилавий ҳаёт» чоғида Боб аёлча кийиниб «она» бўлади, Патрик эса «ота»… Мультсериал қаҳрамонларидан бири  —  эркак Скивард эса аёллар косметикасини ишлатади, атрофи аёлларга хос ашё-буюмларга тўла… Бир эпизодда аёллар шапкачасини кийиб олиб душ қабул қилар экан, хотинлардек ишва-ю ноз қилади…

Бу етмагандек, сериалда боланинг ақлий ривожланишига зарар берадиган, унда аҳмоқликни шакллантирадиган саҳналар кўп: деярли ҳамма серияларда Боб ва унинг дўсти Патрик қулоқларига, бурунларига қандайдир майда нарсаларни тиқишади, еб бўлмайдиган нарсалар: қўл фонари, қалам, мих кабиларни чайнашади, ҳеч бир сабабсиз бир-бирларининг бошига кувалда билан тушириб қолишади…

Унча-бунча номаъқулчиликни табиий ҳолдек қабул қилишга кўникма ҳосил қилган америкалик психологларки, «Бундай мультсериаллардан сўнг Америка ножинс болаларга тўлиб кетяпти», дея бонг ураётган экан; болаларимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб кетаётган мультфильмларни кимлар, нима мақсадларда ва қандай ҳолатда яратаётганлари бизга номаълум экан, асло хотиржам қолишимизга асос йўқ. Шу ўринда бир далил: Буюк Британиядаги бир қатор болалар телеканалларининг собиқ продюссери Сара Грем хоним бутун дунё телеканаллари орқали намойиш этилган «Телепузиклар» мультсериали ижодкорларини судга берган ва мазкур сериални яратиш давомида ижодий гуруҳ аъзолари кучли наркотик моддалар таъсирида бўлганини исботлашга муваффақ бўлган эди.

Бу мультсериалда ҳам гомосексуализм ғояси илгари сурилган, яъни ундаги ўғил бола қаҳрамонлар ҳам аёллардек кийиниб, аёллар сумкачаларини қўлтиқлаб юрадилар…

Шу ўринда, мультфильмларнинг нафақат психологик, балки жисмоний зарар бера олиши, оммавий равишда «телевизион эпидемия» тарқата олиши ҳам мумкинлигини исботловчи бир маълумот билан танишсак: бир пайтлар дунё телеканалларида оммалашиб кетган «Покемон» («Pocket monsters») мультсериалининг навбатдаги намойишидан сўнг Японияда 685 нафар ёш бола номаълум тутқаноқ хуружи туфайли касалхоналарга ётқизилган эди. Шифокорларнинг аниқлашларича, болаларнинг бундай оғир аҳволга тушишига «Покемон» қаҳрамонларидан бири – Пикачунинг кўзларидан сочиладиган ёрқин қизил ранг учқунлари сабаб бўлган. Мутахассисларнинг исботлашларича, секундига 10дан 3030 частотагача учқун сачратадиган ўта ёрқин қизил ранг болаларнинг кўз асаб томирларида кучли қўзғалувчанлик ва бош мия тўқималарида қаттиқ оғриқ пайдо қилган. Давомли кучли оғриқ аксарият болаларда тутқаноқ хуружи, айримларида ҳушдан кетиш ва баъзи бирларида ҳаво етишмаслиги, бўғилишни келтириб чиқарган экан. Аммо шундай аянчли оқибатга қарамай, мультсериал интернет орқали давомли намойиш этиб келинди. Навбатдаги фожиадан сўнг – яъни, баландликлардан пастга сакрашни хуш кўрадиган покемонларга тақлид қилган бир нечта туркиялик болакайнинг кўп қаватли уй деразасидан қўл ушлашиб пастга сакраши оқибатида ўлим топганидан сўнг, бу мультсериал намойиши бир қанча давлатларда расман тақиқланди. Болакайларнинг покемонларга ўхшаб баландликдан пастга сакраши натижасида нобуд бўлган, ногирон бўлиб қолган ҳолатлари Россияда ҳам кузатилган.

Хулоса учун яна бир маълумот: Италияда Микки Маус иштирокидаги мультфильмлар ҳам тақиқлаб қўйилган. Чунки бу мультфильм болаларни қўрқитади деб ҳисобланади.

Ёш болалар тугул катталар ҳам севиб томоша қиладиган «Соҳибжамол ва махлуқ» мультфильмининг Жаҳон соғлиқни сақлаш академияси мутахассислари томонидан «заҳарли мультфильм» деб топилганини кўпчилик билмаса керак.

Гап шундаки, бу мультфильмда ўта ёрқин, кўз олувчи – «заҳарли» ранглардан фойдаланилган ва бу ҳам етмагандек, экранда бу ёрқин тасвирлар катта тезликда, тез-тез алмашади. Натижада томошабиннинг кўзидаги асаб толалари зарарланади, бош мияда зўриқиш юзага келиб, артериал қон босими кўтарилади. Бу технологияни мутахассислар «юмшоқ ўлим» деб атайдилар…

Афсуски, хавфли мультфильмлар рўйхатини ҳали яна анча давом эттириш мумкин. Шу ўринда мультфильмларнинг умумий зарарли томонларига ҳам тўхталсак (бу муаммолар ҳатто ижобий сценарийлар асосида ишланган мультфильмларга ҳам тааллуқли):

 

1.Ранглар

Замонавий мультфильм ва мультсериалларнинг деярли ҳаммасида ўта ёрқин ранглар қўлланилади. Аксарият ҳолларда ранглар бир-бирини тўлдириш ўрнига, қоришиб кетади, чунки ҳаддан ташқари кўп ва хилма-хил ранглардан фойдаланилади. Бу эса болакайлар феъл-атворида агрессивлик шаклланишига, кўз ва мия зўриқишларига сабаб бўлади.

«Ёрқин рангларга бой» мультфильмларни тайёрлаш жараёнида мутахассисларнинг лазер нурларига қарши қўлланиладиган махсус ҳимоя кўзойнакларидан (!) фойдаланишларининг ўзиёқ кичкина томошабинлар кўрадиган зарарнинг нечоғли катта эканини англатади.

2.Товушлар

Ҳозирги мультфильмлар кескин, баланд ва кутилмаган товушларга, шовқинларга тўла. Маълумки, ноодатий товушлар болада руҳий безовталик, асабийлик ва қўрқувни пайдо қилади.

3.Сюжет

Замонавий мультфильмларнинг сюжетлари ҳақида гапириб ўтириш ортиқча. Аҳвол шундайки, кўпинча воқеалар оқими қаёққа қараб кетаётганини болалар тугул катталар ҳам англай олмайдилар. Экрандаги воқеаларни тушунишга уринган одамнинг мияси ғовлаб кетади. Оқибатда бола миясидаги «бўтқа» унинг феълида асабийликни, нодонликни шакллантиради.

…Аммо болалар кун тартибидан мультфильмларни олиб ташлашнинг иложи йўқ. Телевизорни ўчириб қўйиш билан ҳам бу муаммоларни ҳал этиб бўлмайди. Бунинг устига, ошкора тақиқ болада қўшимча қизиқишни ҳосил қилади. Хўш, унда нима қилмоқ керак? Айни шу ўринда болага ота-онанинг кўмаги керак. «Қандай ярамас экан бу қаҳрамон!», «Одобли болакайлар бундай қилмайдилар», «Буларни сен мустақил хулоса қилишинг учун кўрсатишяпти», «Мана бу қилиғи учун мен буни жазолаган бўлардим» сингари шарҳлар билан бола онгини зарарланишдан сақлаш ва уни оқ-қорани ажратишга ўргатса бўлар… Россиялик таниқли психолог Татьяна Голубева бу борада шундай маслаҳат беради: «Болаларингиз учун чиройли, одобли, жасур қаҳрамонлар образи яратилган мультфильмларни саралаб беринг. Токи болакайлар улардан чиройли сўзлаш одобини, яхшилик қилишга интилишни, яхши дўст бўлишни нусха кўчирсинлар. Ишонаверинг, болалар ўзлари томоша қилаётган мультфильм ёки кинофильм қаҳрамонлари феъл-атворидан айнан нусха кўчирадилар. Мабодо фарзандингиз феълида худбинлик, қайсарлик, уришқоқлик сингари иллатлар сезила бошласа, ёки унинг юз ифодалари – мимикаларида илгари кузатилмаган ёқимсизликлар пайдо бўла бошласа, дарҳол у кўрадиган мультфильм ва кинофильмларни, компьютер ўйинларини тафтиш қилинг ва ҳеч кечиктирмасдан керакли чораларни қўлланг. Акс ҳолда, фарзандингиз келажагини бой бериб қўясиз!..».

Дилфуза КОМИЛ

2017 йил 1 июл сонидан олинди

 

 

 

 

0