ЕТИМПАРВАР ОЛМАХОНЛАР

Момиқ юнгли, чиройли кўринишли олмахонларнинг ажойиб хислатлари борки, бундан кўпчиликнинг хабари йўқ. Масалан, олмахонлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат туйғулари кучли эканини биласизми? Агар улар яшайдиган ўрмонга ўт кетса ёки бирор хавф туғилиб, олмахонлар инларини ташлаб қочишга мажбур бўлиб қолсалар, ўзининг болаларини хавфсиз жойга ташиб олган олмахонлар қолган олмахонларнинг оиласини ҳам хавфсиз ерга кўчиришга ёрдам берадилар. Ҳар қандай фалокатда ҳам улар бир-бирларини ёлғиз, кўмаксиз ташлаб кетмайдилар.

Меҳр ва фидокорлик туйғуси айниқса она олмахонларда кучли бўлади. Улар хавф-хатарни сезишлари биланоқ болаларини бехатар ҳудудга кўчириш ҳаракатига тушадилар ва кўчиш асносида инларидаги керакли “ашё”ларни ташиб кетишни ҳам унутмайдилар.

Ота-оналари фалокатга учраб ва ёки бирор йиртқичга ем бўлиб кетган олмахончалар ҳам етим қолмайдилар. Уларни бошқа олмахонлар оиласи боқиб олади ва она олмахонлар уларни худди ўз болаларидек парвариш қиладилар.

Бу ажойиб ҳайвонлар ўзларидаги бу қадар кучли меҳр ва фидокорлик туйғусини ўзлари идрок этмайдилар, албатта. Уларни Аллоҳ таоло айни шу неъматларга соҳиб этиб яратган ва улар бу илоҳий қонуниятга оғишмай амал қилиб яшайдилар.

Шаҳина ЮСУФ тайёрлади

2018 йил 26 январ сонидан олинди

0