ДЕВОР

Деворнинг тарихини, вазифасини биласизми? Деворни ким, қачон ва нима учун кашф қилган?

Дастлабки девор — тўсиқлар шох-шаббалардан иборат бўлиб, экинзор ёки боғни жониворлардан иҳота қилган. Бундай тўсиқлар ҳозир ҳам қишлоқларда мавжуд. Тош, пахса, ғишт деворнинг дастлабки вазифаси эҳтимол хонадонни ёвдан, ўғри, қароқчилардан ҳимоя қилиш бўлгандир. Ҳозир эса бундай баланд деворларнинг яна бир аянчли вазифаси бор — ака-укалар бир-бирларининг юзларини кўрмаслик, овозларини эшитмаслик учун ҳовли ўртасидан тўсадилар. Бир қоринга сиққан оға-инилар энди бир ҳовлига сиғишмайди. «Кенгга кенг дунё, торга тор дунё», деганлар. Тор қалблар отадан мерос ҳовли ўртасига девор урмоқни ихтиёр этади. Бу — иймон ожизлигининг зоҳирдаги кўриниши.

Ровийлар дерларки, бир ака худойи қилмоқ ниятида қўй етаклаб қассобга бораётган экан. Шу онда унинг қулоғига илоҳий бир овоз келибди: «Эй Одам фарзанди, сен укангни ранжитгансан, аввал бориб ундан узр сўра, розилигини ол. Ораларингиздаги хафаликни қув. Ана ундан кейингина қўйингни сўй. Шундагина садақанг қабул бўлажак…»

Ҳозир эса… ака тўй қилса, ука чорланмайди, ука эҳсон қилса, бир коса таомни акага илинмайди. Чунки ўртада девор бор! Бу ғишт деворни йиқиш чораси мавжуд. Аммо қалблардаги деворнинг қандай чораси бор экан? Қалблардаги девор мавжуд экан, бу хонадонларда файз-барака бўлмайди. Файз-барака — меҳр-муҳаббатли хонадонларга аталган.

Бир маҳаллада ака-укаларнинг узоққа чўзилган можароси ўртага девор олиш билан якунланди. Жонга теккан можаронинг охирлаганидан, кўнгли тинчиганидан хурсанд ака қўй сўйиб, худойи қилди, маҳалла аҳлини сийлади. Бундан ажабланмай бўларканми? Аллоҳнинг хоҳишига зид бўлган ҳолда яна «худойи» қилишда қандай маъно бор? Бу худойи ошини еб, қоринни силаб, тишни кавлаб чиқувчилар гуноҳга шерик бўлмадилармикин, валлоҳи аълам?

Кимлардир яқинларининг меҳр-муҳаббатига ташна. Болалик чоғларида қандайдир сабаб билан йўқолиб қолган жигарларини акалар ёки опалар, укалар ёки сингиллар умид билан излайдилар. Ҳа, бировлар бир-бирларига интилиб яшайдилар, бировлар эса…

Абу Лайс Самарқандий ҳазратлари Яҳё ибн Салимдан ривоят қилган эканлар:

«Маккаи мукаррамада биз билан бирга Хуросон аҳлидан бўлган бир киши бор эди. У солиҳ киши эди. Одамлар унга ўз омонатларини бериб қўяр эдилар. Бир киши келиб, ўн минг дирҳам қолдирди-да, ўзи узоқ сафарга кетди. Қайтганида хуросонлик киши вафот этган эди. У киши ўша куни Маккада йиғилган олимлардан бу масалада маслаҳат сўради:

— Фалончига ўн минг дирҳам ташлаб кетган эдим. У киши вафот этибди. Хотини ва ўғлидан сўрасам, билишмас экан. Менга энди нимани буюрасизлар?

Айтдилар:

— Бизлар у хуросонлик одамни жаннат аҳлидан, деб умид қиламиз. Кечанинг учдан бири ёки иккинчиси ўтганда, замзам қудуғи олдига келгин ва: «Эй Фалончининг ўғли Фалончи! Мен омонат эгасиман!» дегин.

Ҳалиги одам айтилганларни бажарди, бироқ, ҳеч ким жавоб бермади. Сўнгра олимларнинг олдига келиб, уларга бу хабарни етказди. Олимлар айтдилар:

— Бизлар у хуросонлик одамни дўзахий бўлиб қолмадимикин деб, қўрқяпмиз. Сен энди Яманга боргин, у ерда Бархут деган водий бор. Шу водийда бир қудуқни кўрасан. Кечанинг учдан бири ёки иккиси ўтганда шу қудуқнинг бошига боргин-да, «Эй Фалончининг ўғли Фалончи! Мен омонат эгасиман!» — деб бақиргин.

У одам айтилган ерга бориб, овоз берди. Биринчи чақирувдаёқ жавоб эшитилди. Омонат эгаси ачиниб дедики:

— Шўринг қурсин, сени бу ерга нима туширди? Сен яхшиликлар эгаси эдинг-ку?!

Жавоб келдики:

— Менинг аҳли байтим, қариндошларим, ака-укаларим бор эди. Улар билан алоқани узган эдим. Аллоҳ таоло менинг шу гуноҳим учун бу азоб билан ушлаб, шу манзилга ташлади. Аммо, сен ташвишланма, молинг ўз ўрнида турибди. Мен ўғлимга билдириб қўйишга улгуролмай жон таслим қилгандим. Молингни уйимнинг фалон ерига кўмганман, борсанг, топасан…».

Шу ривоятнинг ўзи барчага ибрат эмасми?

Ҳовлиларни бўлиб олаётган, юзкўрмас бўлиб юрган ака-укалар! Ўзингиз тиклаган девор атрофида ота-оналарингизнинг руҳлари азоб чекиб, чирқираб юрган бўлиши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Тоҳир МАЛИК

2018 йил 9 апрел сонидан олинди

0