ДАРС

Аслзода инглиз аёлларидан бўлмиш бир хоним туғилган кунини нишонлаб, зиёфат бермоқчи бўлди. Хоним зиёфатга кўплаб аслзода меҳмонлар қатори, яхши бир қўшиқчини ҳам таклиф қилди. Қўшиқчи иқтидорли, ажойиб овоз соҳиби, лекин анча қашшоқ эди. У хоним айтган вақтдан бир дақиқа ҳам кечикмай етиб келди. Уй меҳмонлар билан тўла эди. Йиғилганлар овқатланиб ўтиришаркан, бир-бирлари билан ҳазиллашишар, кулишар ва баланд овозда гаплашишарди. Қўшиқчи ўзини даврага таклиф қилишади деб ўйлаб, кутди. Аммо кутилмаганда :

-Келганингиздан жуда мамнунман. Бизга тушликдан кейин қўшиқ айтиб берасиз, — деди хоним. — Сизни тинглашга тайёр бўлганимизда, ўзим чақираман. Унгача ошхонага кириб, ўша ерда хизматкорлар билан ўтира туринг…

Қўшиқчи бундай муомаладан хафа бўлди. Аввалига шу заҳотиёқ уйдан чиқиб кетмоқчи бўлди, аммо кейин фикрини ўзгартириб, шу ерда қолишга, кибрли хоним ва унинг меҳмонларига яхши бир сабоқ бериб қўйишга қарор қилди. Қўшиқчи ошхонага кирганида хизматкорлар тушлик қилишаётган экан. Уни дарҳол дастурхонга таклиф қилишди. Овқатланиш давомида алоҳида ҳурмат кўрсатишди. Тушликдан кейин қўшиқчи хизматкорларга миннатдорчилик билдираркан:

-Мен сизларга қўшиқ айтиб бермоқчиман, — деди ва энг яхши қўшиқларидан куйлаб берди.

Бироз ўтгач қўшиқчини ичкарига чақиришди.

-Хўш, мана биз тайёрмиз, — деди хоним димоғдорлик билан.

-Нимага тайёрсиз? — Сўради қўшиқчи ясама ажабланиш билан.

-Сизни тинглашга-да! — Бу сафар хонимнинг овозида жаҳл сезилди.

-Мени тинглашга? Аммо мен аллақачон куйлаб бўлдим, хоним. Қўрқаманки, бошқа куйлолмасам керак.

-Қаерда куйлаб бўлдингиз? — хонимнинг қошлари чимирилиб, юзлари жаҳлдан бўғриқиб кетди. Ўтирганларнинг ҳаммаси қўшиқчига ажабланиб тикилишди.

-Шу ерда — ошхонада, — деди қўшиқчи сокинлик билан. — Мен фақат одамлар учун куйлаб ўрганганман…

Инглиз тилидан Ҳомиджон РАҲМОНОВ таржимаси

2018 йил 9 феврал сонидан олинди

0