ЧУСТИЙНИ СЎРАСАНГ, ЧЕХОВ ДЕБ ТУРСА…

Замонавий, шинам китоб дўконига кирибоқ, бу зиё масканидаги ранг-барангликдан дилим яйраб кетди. Ривожланиш мана бундай бўлибди! Истаган жанрдаги адабиётни топасиз, китоблар тасниф билан жойлаштирилган. Шунда ҳам, шошиброқ келган харидор сотувчини саволга тутади.

— Чустийнинг китоби борми?

Сотувчи қиз харидорга бир муддат манглайини тириштириб қараб тургач, нигоҳини шипга қадаб ўйга толди ва дабдурустдан:

— Йўқ, Чехов бор! – деди.

Харидор унга лом-лим демай тикилиб турар, назаримда, қайси мантиққа кўра шундай жавоб берилганини англашга уринарди.

— Йўқ, мен Чустийни сўраяпман.

— Ким у ўзи, нима ёзади?..

Мулоқотнинг давомини баён қилишга ҳожат йўқдек. Ҳойнаҳой, сиз ҳам ўзи сотаётган интеллектуал товар моҳиятидан ўн чақирим наридаги, фақат пул санашнинг ҳадисини олган бундай сотувчиларнинг кўпини кўргансиз. Нафсиламрини айтганда, унинг ёрдамисиз ҳам аниқ мақсади бор харидор ўзига керагини қидириб топади. Аммо, агар сотувчи сўралган китоб ҳақида икки оғиз яхши сўз айтиб, топишга кўмаклашиб, сўнг унинг бу танловини маъқуллаб ҳам қўйса, харидор бу даргоҳга меҳр риштаси ила боғланмасмиди? Ахир ҳатто латта-путта сотувчи савдогарлар ҳам ўз молининг хусусиятларини айтиб, мақтаб-мақтаб, ҳатто реклама учун ўзи кийиб олиб сотади-ку.

Ҳолливуднинг «Бурчакдаги китоб дўкони» номли машҳур фильми бор. Унда эски бир китоб дўкони эгаси бўлмиш аёл ҳар бир харидорга у сотиб олаётган асар ҳақида тўлқинланиб гапириб, мазкур китоб билан боғлиқ кечинмаларини изҳор қилгани, шу мазмундаги яна бошқа адабиётларни тавсия этгани ва шу самимияти, ўқимишлилиги туфайли шаҳарнинг ярим аҳолиси шу мўъжаз дўконнинг доимий мижозига айлангани намойиш этилган.

Энди тасаввур қилинг, боягидай мижознинг сўровига пойма-пой жавоб бериб турган сотувчи қаёқда-ю, талабингизни мамнуният билан қабул қилиб, муаллифга ёки асарга эҳтиромини билдирган, бу билан китобга қизиқишингиз, меҳрингизни янада оширган сотувчи қаёқда! Биринчиси ҳафсалангизни пир қилиб, шундай улуғ маскандан совутиши, иккинчиси мутолаага муҳаббатингизни чандон юксалтириши табиий. Гап хушмуомалалик билан ўз молини «ўтказиш» маъносида эмас, китобхон қалбига йўл топиш, маънавий рағбат ҳақида боряпти. Сотувчи ўзи дўкондаги ҳар бир асарни билмаслиги мумкин, аммо тафаккурининг кенглиги, тасаввурининг бойлиги билан мижозни мутолаага жалб этиши шарт. Бу унинг бурчидир.

Кузатувларимиз бир қарашда майдароқ туюлиши мумкин. Аммо, ахборот технологиялари ривожланган ҳозирги даврда одамларни, айниқса, ёшларни мутолаага жалб этишга доир ҳар бир жиҳат муҳим ва долзарбдир. Шундай экан, мутасаддилар мазкур масалага ҳам эътибор қаратсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

Юртбошимиз имзолаган ҳужжатлар асосида кутубхоналар тикланиб, энг сара ва сифатли маҳсулотлар билан таъминланаётган бир пайтда маънавий хазина расталарида яхши асарларни тарғиб қилишга қодир, ўқувчиларни оҳанрабодай тортиб олишга салоҳияти етадиган, билимдон сотувчилар турса, нур устига аъло бўлар эди.  Китобни китобхон қўлидан олишга нима етсин!

Гулчеҳра АСРОНОВА

2018 йил 12 март сонидан олинди

1+