БИЗДАН ВОЗ КЕЧИШАДИ

…Талабалар яшайдиган ётоқхона тўрт қаватли бинода жойлашганди. Мен ва уч йигит бир хонада турардик. Ётоқхонанинг биринчи ва иккинчи қаватида йигитлар, учинчи ва тўртинчи қаватида қизлар яшарди. Бу шунчаки, ташқи кўринишидан шундай, аслида эса кимнинг қаерда яшашини билиш қийин.

Хонадошларимнинг бири ёқтирган қиз ўқишдан бўш вақтини асосан бизнинг хонамизда ўтказарди. Кунларнинг бирида туш вақтида ҳамхоналаримдан бирининг отаси хонамизга кириб келди. Биз хонани кенгайтириш мақсадида каравотларни иккита-иккита қилиб устма-уст қўйгандик. Юқоридаги каравотлар устига ёпилган иссиқ ёпинчиқ пастдагисини ҳам тўсиб турарди. Ўртадаги стол устида тушлик қилар эканмиз, устма-уст қўйилган каравотлар орасида ўша қиз кўринди ва ҳеч нарса бўлмагандек, тўғрироғи, шундай бўлиши табиийдек, индамай ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетди. Ҳаммамиз ноқулай аҳволда қолганмиз ўшанда…

Бугун мен бу воқеани эслар эканман, юзим қизаради. Мен сизга бундан бешбаттар ўнлаб мисоллар келтиришим мумкин. Буларнинг ҳаммаси бизнинг ахлоқсиз бўлиб бораётганимиздан далолат. Ўша қизни ўғил болалар хонасида хотиржам ухлаб ётишига қўйиб берган аслида ўзимиз-ку! Биз-ку майли, ёқтирган йигити-чи? Нега у уйланмоқчи бўлиб юрган қизининг йигитлар ёнида ухлайвериб шишиб кетган кўзларини ишқалаб ўтиришига йўл қўйиб беради? Шунақа десангиз, “Замондан орқада қолганмисан?”, дейишади. Бунақа ҳолатларнинг замон билан қандай алоқаси бор? Бу қандай замонки, юзлари ювилмаган ўзбек қизи йигитлар олдида хотиржам ўтираверса. Буни эслаш ва ёзиш қанчалар оғир менга…

Мен бу билан ҳамма қизлар ҳар ерда ҳам шундай демоқчи эмасман, асло. Лекин шунақалари ҳам бор. Ва бунинг айбдорлари фақат бизмиз. Агар кимнингдир қизи, кимнингдир синглиси, кимнингдир севгани унинг ёнида ҳеч иккиланмасдан одобсизлик қилар экан, энг ҳиссиз одамнинг ҳам ҳисларини жунбушга келтирворадиган либослар кийиб юрар экан, бунинг учун ўша қизнинг отасидан, акасидан ёки севган йигитидан бошқа ким айбдор бўлиши мумкин? Ҳеч ким!

Қизларимиз, аёлларимиз – бизнинг кўзгудаги аксимиз. Биз тарбиясиз бўлсак, улар қандай тарбия топишсин?! Бизда шарм бўлмагандан кейин, уларга ҳаёни ким ўргатади? Биз ўзимиз расво эканмиз, уларни расволикдан ким олиб чиқади?

Сени ётлар тугул ҳатто

Қилурман рашк ўзимдан ҳам.

Узоқроқ термулиб қолса,

Бўлурман ғаш кўзимдан ҳам…

Бу мисраларни бошқа миллатнинг шоири келиб ёзиб бермаган. Ўзимиз ёздик. Бугун аёлларимизни ўзимиздан-да рашк қилишимиз амримаҳолку-я, ҳатто ўзгалардан ҳам рашк қилмай қўйдик-да. Бунақаларни ота-боболаримиз “даюс” дейишган. Кимга ўхшамоқчимиз? Оталарининг олдида ҳам тортинмасдан йигитининг бўйнига осилаётган ўзга миллат болаларигами? Ёки жуфтларига бошқаларнинг кўз олайтиришидан мамнун бўладиган даюсларгами?

Бир ҳадисда “Ким қайси қавмга ўхшашни истаса, у ўша қавмдандир”, дейилади. Биз қайси қавмга ўхшашни истаяпмиз? Мана шундай очиқ-сочиқлик натижасида ҳаётидан маъно тополмай қолиб, ўзларини арқонга осаётган қавмларгами?

Шарқда, либос гўзалликни ошириш учун эмас, яшириш учун, дейилади. Гўзаллик – сирлилик билангина гўзалликдир. Сирлари очилган гўзалликлардан секин-секин безиб боряпмиз. Охир-оқибат бу “намойиш”лар жонимизга тегади. Кейин улардан воз кечамиз. Кейин биздан воз кечишади…

Абдукарим Мирзаев

2018 йил 19 март сонидан олинди

0