БЕФАРОСАТЛИКНИНГ ЖАЗОСИ

Қадимда бир вилоят ҳокими кўнглига яқин кишиларни тўплаб зиёфат берибди. Тўпланганларнинг аксарияти арбоблар, олимлар бўлгани учун ҳам, дастурхон бошидаги суҳбат фалсафий тусда қизигандан-қизибди, ибратли ҳикоятлар, ривоятлар айтилибди. Сўз навбати Ханжарбек исмли бир амалдорга келибди.

— Сизларга латифанамо бир нарса айтиб берайми? – дебди Ханжарбек ўтирганларга завқ билан ишшайиб. – Ака-ука эшаклар бор экан. Уларнинг бири тоғ бағрида, иккинчиси ҳоким саройида яшаркан. Кунларнинг бирида саройдаги ука эшак акасидан мактуб олибди. “Эй укажон, сени жуда соғиндим, — деб бошланган экан мактуб. — Аҳволинг яхшими? Мендан сўрасанг, ишларим жуда енгил. Хўжайиним мени фақат тоққа чиққандагина минади. Бошқа пайт тоғ этагидаги майсазорда роҳатда яшамоқдаман. Бироқ хаёлим сенда, ишлайвериб адо бўлгандирсан? Иложини топиб ҳузуримга келсанг, яхши бўларди…”.

Бунга кичик эшак шундай жавоб ёзибди:

“Азиз акажон, таклиф учун миннатдорман. Дарҳақиқат, ўтин ташийвериб, елкамнинг яғири чиқиб кетди. Бироқ катта умид билан яшамоқдаман. Сабаби, шу кунларда ҳоким хотинини ҳар уришганида: “Сен эшакка ўхшайсан, лекин сени эшак ҳам хотин қилмаган бўларди”, деяётган эмиш. Хотини ҳам бўш келмай: “Сиздан кўра эшакка текканим яхши эди”, деб йиғларкан. Буни эшитиб, севинганимдан қийинчиликларга ҳам эътибор бермай қўйдим. Зора, хотиннинг гапи ижобат бўлиб кетса…” .

Ханжарбек атрофдагиларнинг хахолаб кулишини кутиб янглишди. Унинг ҳоким ҳузурида айтилган бу бемаъни латифаси йиғилганларнинг таъбини хира қилган, ҳокимнинг қаҳр-ғазабини қўзғаган эди. Асабийликдан юзига қон тепчиган ҳоким даст ўрнидан туриб, Ханжарбекнинг ёқасидан олди.

— Бефаросат чўчқа! Ким ўзининг хотинини эшакка раво кўради?! – дея бақирди. Бир зумда ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлиб, одамлар тарқалишди. Ханжарбек ҳам ҳокимнинг қўлидан бир амаллаб қочишга улгурди. У нима қилиб қўйганини англаб-англамай, ҳокимнинг пири Саййид Умар ҳожининг ҳузурига бориб, ёрдам сўради.

— Мен сизни ақлли, ишбилармон киши сифатида билар эдим, — деди Саййид Умар ҳожи воқеани эшитгач, ранжиганини яширмай. – Лекин сизда фаросатдан заррача ҳам асар йўқ экан. Шундай даврада бунақа бемаъни латифа айтишингиз нимаси? Боз устига, ҳоким деган номни қўшиб-а?! Тавба, астағфируллоҳ!

— Айбимни тан оламан, — деди Ханжарбек қалтираб. – Чиндан ҳам фаросатсизлик қилиб, ҳоким жанобларини қаттиқ ранжитиб қўйдим. Пирим, сиздан ўтинаман, ўртага тушиб, мени қутқариб қолсангиз…

Шу вақтда соқчилар келиб, уни ҳокимнинг саройига олиб кетишди. Пир Саййид Умар Ҳожи ҳам улар билан изма-из саройга етиб борди ва ҳокимга деди:

— Бу амалдорда ақл, нотиқлик, ишбилармонлик сифатлари бор, лекин анча бефаросат экан. Мен саводсиз бир косиб йигитни биламан. У йигит шу даражада нотиқки, бу борада унинг олдига тушадиган шоир ёки олим шаҳримизда топилмаса керак. Лекин ишбилармонликка келганда, ҳеч нарса билмайди. Одамлар орасида ақли паст, лекин ўта фаросатли кишилар учрайди. Улар ақл доирасида ҳал этиладиган муҳим масалаларни ҳаётга жорий этишга ожизлик қиладилар. Демоқчиманки, ҳеч бир одам нуқсонсиз эмас. Ақли паст одамлар орасида хушмуомалаликни, лаганбардорликни, мансабдорлар олдида тавозе билан туришни қойиллатадиган, ўта зийрак кишилар бор. Яқин ўтган тарихдаги подшоҳлардан бири бир одамни айнан зийраклиги ва фаросатига қойил қолиб, бир вилоятга ҳоким этиб тайинлаган эди. Кўп ўтмай, у вилоятдаги барча ишлар орқага кетди, ғазнаси бўшаб қолди. Шунда подшоҳ “Қуруқ фаросат ва тавозега ишониб, алдандим”, дея пешонасига урган экан… Ақл бошқа, фаросат бошқа! Киши ақлли бўлса, фаросатли ҳам бўлади, дейиш хатодир. Камдан-кам одамгагина ақл ва фаросат жамлиги насиб этади. Гуноҳкор Ханжарбек ҳам ҳикоясини қасддан, шаънингизга доғ тушириш ниятида айтмаган, бефаросатлик қилган…

— Хўш, нима қил дейсиз? – деди ҳоким пирининг гапларидан чуқур ўйга толиб.

— Унга қаттиқ жазо беришингиз ҳам, жазосиз қолдиришингиз ҳам дуруст бўлмайди, — деди пир юмшоқлик билан. – Очкўзни хазинага, зиқнани харажатга, дангасани ишга, бефаросатни жамоатга йўлатма деганларидек, уни ўз амалида қолдиринг, лекин одамлар тўпланадиган издиҳомларда, йиғинларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинг. Мана бу адолатли қарор бўлади!..

Ҳамид ЗИЁЕВ,

тарихчи олим.

2018 йил 13 август сонидан олинди

0