БАДБЎЙЛИККА ЎРГАНГАНЛАР…

Бир киши катта шаҳарга борди. Бозор айланиб юриб, атторлик дўконига кирди. Бу ердаги турли хушбўй ҳидлардан боши айланиб, кўзи тиниб, ҳушидан кетди. Халқ ҳушсиз одамнинг бошига тўпланди. Баъзилар унинг қўлларини уқалар, айримлар эса ўткир ҳидли нарсалардан сепиб, уни ўзига келтирмоқчи бўлардилар. Лекин бу киши ҳеч ўзига келмади. Чорасиз қолган кишилар:

-Бу одам ўзи ким, бу яқин орада қариндош-уруғи борми? — деб суриштира бошладилар. Бироз вақт ўтиб, ўша ердан ўтиб кетаётган теричилардан бири ҳушсиз ётган одамни таниб қолди ва уни ўраб олган халққа:

— Зинҳор унинг юзига хушбўй нарсалар сепа кўрманг! Ундан узоқроқ туринг! Мен ҳозир унинг дардига даво бўладиган дорини олиб келаман, — деди ва воқеа жойидан шошилинч узоқлашди. Бир харобадан озроқ гўнг олиб, ортига қайтди ва ҳушсиз ётган одамга ўша гўнгни ҳидлатган эди, ҳушсиз одам дарҳол ўзига келди. Сал ўтмай ўрнидан туриб, гўнг келтирган киши билан бу ердан узоқлашди…

Бу одам тери ошловчи эди. Узоқ йиллар бадбўй ҳидлар ичида ишлаб, уларга ўрганиб қолган, аттор дўконидаги ҳушбўй ҳидлар эса унга акс таъсир қилган, ҳушидан айирган эди.

Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари ёзадилар:

«Қўнғиз гўнг титкилагани учун ҳам хушбўй ҳидлардан қочади. Унинг насибаси худди шу — кўнгилни беҳузур қилгувчи, ёқимсиз нарсалардир.Чунки у шунга ўрганган – гўнг унинг жон-тани бўлиб кетган… Ақлли кишилар ҳам ақлсизларни тўғри йўлга солиш учун уларга ҳикматли сўзлар билан насиҳат қиладилар, тарбия қилмоқчи бўладилар. Кимга хушбўйликлар, тоза нарсалар ёрдам бермаса, демак, бундай одам бадбўй ҳидларга, ёқимсизликларга ўргангандир.

Сен ҳам яхшиликдан, покликдан насибангни ол. Бурнингни гўнгга тиқиб, гўнгқўнғизга айланиб қолма!».

2018 йил 9 феврал сонидан олинди

0