ҲАМИЯТЛИ ИНСОННИНГ ФЕЪЛ-АТВОРИ

Бу мактубни руснинг буюк адиби Антон Павлович Чехов оиласи ва яқинларига кўп ташвиш келтираётган укаси – рассом Николай Чеховга ёзган эди. Антон Павлович ичкиликбозлик иллатига чалиниб, иродасизлиги туфайли ўзлигини йўқотиб бораётган укасининг аҳволига қайғуриб, шундай бир мактуб ёздики, бу мактубдаги мулоҳазалар ҳанузгача ўз таъсир кучини йўқотгани йўқ. Ҳамиятли, маданиятли инсон бўлишни истаганлар бу мактубдан ўзлари учун қимматли маслаҳатлар топадилар.    

…Сен ҳамиша «мени тушунмайсизлар» деб нолийсан. Биз сени жуда яхши тушунамиз. Агар ўзингни тушунишни хоҳламаётган бўлсанг, бу бошқаларнинг айби эмас. Истеъдодингнинг ўзи сени миллионлаб одамлар орасида юқори даражаларга кўтаради, чунки ҳар икки миллион одамнинг биттасигина истеъдодли мусаввир бўла олади.

Мен сенинг барча хислатларингни беш қўлдай биламан, уларни қадрлайман, ҳурмат қиламан. Агар истасанг сени тушунишимнинг исботи ўлароқ барча фазилатларингни бирма-бир санаб чиқишга тайёрман. Сен жуда меҳрибон, олийҳиммат инсонсан, асло худбин эмассан. Охирги чақанггача ўзгалар билан бўлишишга тайёр, сахий, самимий, софдил одамсан. Табиатингга ҳасад ва нафрат, муғомбирлик туйғулари умуман ёт. Одамларга, ҳатто ҳайвонларга нисбатан ўта раҳмдилсан. Гина ва кек сақламайдиган, ишонувчан инсонсан. Сенда Худо томонидан берилган ноёб қобилият мужассам. Бундай истеъдод қошида ҳар қандай қусурлар хира тортади. Сенинг бор-йўғи битта камчилигинг бор. Унда сенинг ёлғон таассуротларинг, ғам-аламинг, оғриқли нуқтанг жам бўлган. Бу – сенинг ўта даражада бетартиблигингдир.

Мени кечирасан, дўст ачитиб гапиради. Гап шундаки, ҳаётнинг ўз тартиб-қоидалари бор. Зиёлилар даврасида ўзингни бегона ҳис қилмаслигинг учун, анчайин тарбияли бўлишинг талаб этилади. Сен аслида шу муҳит одамисан. Маданиятли жамиятдан жуфтакни ростлаш ва садақалар ҳисобига майхўрлик қилиб юриш – сен учун эмас! Ҳар қанча мушкул бўлмасин, сен бу тўсиқни енгиб ўтишинг шарт.

Ҳамиятли, маданиятли, зиёли инсоннинг феъл-атвори, менинг фикримча, қўйидагича бўлиши керак:

улар инсон шахсини ҳурмат қиладилар, шу сабабли ҳар вақт мурувватли, юмшоқ, хушмуомала, оқ кўнгил бўладилар;

улар йўқолган моддий нарсалар туфайли исён кўтармайдилар;

бирга яшаган кишилари билан ажралишга тўғри келиб қолса, «Сен билан яшашнинг иложи йўқ» дея уни ерга урмайдилар;

улар шовқинга ҳам, очликка ҳам, тагига олган овқатга ҳам, қочирим гапларга ҳам чидайдилар;

улар нафақат қашшоқлар ва кўчада қолган ҳайвонлар учун, оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган бошқа нарсалар учун ҳам чин дилдан қайғурадилар;

улар ёлғондан оловдан қўрққан каби қўрқадилар, ҳатто энг арзимас нарсалар ҳақида ҳам ёлғон сўзламайдилар, ёр-биродарларини аврамайдилар;

улар сергап ҳам эмаслар, сўралганидан ортиғини сўзламайдилар, суҳбатлари ўзгаларга малол келмаслиги учун кўпроқ сукут сақлайдилар;

улар ўзгаларда ҳамдардлик ҳиссини уйғотиш мақсадида ўзларини ерга урмайдилар;

улар муаммо ва қийинчиликлар устида оҳ-воҳ қилмайдилар;

улар «Мени ҳеч ким тушунмайди» қабилидаги бир тийинга қиммат даъво билан чиқмайдилар;

улар кучларини беҳуда ишларга сарфламайдилар;

таниқли одамлар билан яқин бўлиш, давраларда одамларни қойил қолдириш, машҳурликка интилиш каби «сохта биллурлар» уларни қизиқтирмайди;

улар ўзларидаги истеъдодни ривожлантириш учун ўз ҳаловатларидан, маишатлардан, майдан ва беҳуда майллардан воз кечадилар;

улар ҳирсларини тия биладилар ва маънавий гўзалликка интиладилар;

улар йўл-йўлакай ароқ ичиб кетавермайдилар, газак ўрнида енгларини ҳидламайдилар, зеро улар ўзларининг тўнғиз эмасликларини яхши биладилар…

Тарбияли, ҳамиятли кишилар шундайлар. Бу даражага етиш учун кеча-кундуз тинимсиз меҳнат, иродани чиниқтириш, ўқиш ва уқиш даркор! Бу йўлда ҳар бир соат қадрли.

…Сен энди уйингга бор ва ароқ тўла графинни уриб синдир! Биз ҳаммамиз сенинг соғлом ҳаётга қайтишингни кутяпмиз.

Москва, 1886

Гулноза ҲАСАНОВА тайёрлади

2018 йил 16 феврал сони

2+