АҲМОҚОНА МАСЛАҲАТЛАР

Англиялик журналист Гилберт Кит Честертоннинг мазкур мақоласи бундан етмиш беш йил аввал Буюк Британиядаги етакчи газеталарда чоп этилган. У даврларда бу мамлакатда ҳам «фойдали маслаҳатлар», «омад келтирувчи омиллар» каби мавзулар ёритилган газета-журналлар ва китоблар бепарво беканинг ошхонасида кўпайган сувараклар каби роса болалаган эди. Одамларни асосий машғулотларидан чалғитиб, фақат мол-дунё орттиришга, тезда бойиб кетишга иштиёқ орттирадиган ва охир-оқибатда кўпчиликни хонавайрон бўлишга олиб келган, одамлар омадсизлиги ортидан пул ишлаб олган «тадбиркор маслаҳатчилар» танқид қилинган ушбу мақолани ўқиркансиз, беихтиёр бугун бизнинг юртимиздаги китоб дўконлари ва газета сотиш шаҳобчаларини тўлдириб ётган «осон бойиб кетишни ўргатувчи, маслаҳатчи» китоблар ва ҳаётдаги ҳар қандай масала юзасидан «тезкор ва ақлли кўрсатмалар» берувчи айрим газета-журналлар кўз олдингизга келади…

 

Охирги пайтларда шундай китоблар ва мақолалар пайдо бўляптики, мен уларни ҳақли равишда «дунёдаги энг аҳмоқона асарлар» деб эълон қилган бўлардим. Улар «аравани қуруқ олиб қочиш» ва хомхаёлликда рицарлар ҳақидаги ҳар қандай романларни ярим йўлда қолдиришади. Бундай китоблар мавзусини муаллифлар «омад ва муваффақиятга эришишнинг осон йўллари» деб кўрсатишади. Ҳар қандай китоб дўконидаги ҳар учта китобнинг биттасида, ҳар битта газета ёки журналда албатта бу мавзудаги «қимматли маслаҳатлар»га дуч келасиз. Улар сизни оламдаги ҳар қандай ишни дўндиришга ўргатишади, бироқ бу маслаҳатларни одатда ўзлари ҳеч бир ишни уддаламаган одамлар беришади (уларнинг салоҳият даражасини ёзган китоб ёки мақолалари савиясидан ҳам кўриш мумкин).

Аввало шуни айтиш керакки, муваффақиятсизлик – бу мавҳум тушунчадир. Мавжуд бўлмоқ ва муваффақиятга эришмоқ – бу битта нарса. Майли, бунақа беҳуда сафсатани қўйиб турайлик-да, муаллифлар томонга ўтиб, муваффақият – бу кўп пул топиш ёки юқори мартабага эришиш деб ҳисоблайлик. Оддий одамни ўз ишида муваффақият қозонишга ўргатиш мумкин: агар у девор қурадиган уста бўлса, унга осон ғишт теришни; савдогар бўлса, савдо қилишнинг янги усулларини. Бундан ташқари, унга бегона ишларни ҳам ўргатса бўлади, масалан, дўкондорга сузишни ўргатиш мумкин. Булар аниқ ва фойдали нарсалар.

Бироқ осон бойишни ўргатадиган «маслаҳатчи» китобларни билмасдан сотиб олган кишиларнинг маънан ва балки ҳуқуқий томондан ҳам ўз пулларини қайтариб олишга ҳақлари бор. Ҳеч кимнинг «электр ҳақида китоб» деб электрлаштириш ҳақида бирорта ҳам сўз бўлмаган китоб нашр эттиришга ҳаққи йўқ. Ўсимликнинг илдизи билан поясини фарқлай олмайдиган муаллифнинг ботаника соҳасида китоб ёзиши мумкин эмас. Бизнинг замонамизда ҳаммаёқни муваффақият ҳақидаги китоблар босиб кетди, бироқ бу китоблар ичидан бирор жўяли фикр ёки мулоҳаза тополмайсиз.

Оммабоп журналлардан бирини варақлай туриб, мавзумизга оид қизиқарли мисолга дуч келдим. «Бойликка олиб борувчи сезги» деб сарлавҳа қўйилган мақола лорд Ротшильднинг сурати билан безатилган. Бойлик орттиришнинг ҳалол ва ноҳалол йўллари кўп, бироқ уларни барининг асосида менинг билишимча, битта сезги: диндорлар баднафслик гуноҳи деб атайдиган сезги ётади. Мавзудан бироз четлаб кетдим, аслида мен бу мақоладан муваффақият ҳақидаги асарлар учун намуна бўла оладиган бир мулоҳазани келтирмоқчи эдим:

«…Вандербильт деган номнинг ўзиёқ бойлик ва ишбилармонлик ҳақидаги фикрларни уйғотади. Вандербильтларнинг биринчиси бўлган Корнелиус Американинг энг машҳур сулоласига асос солган. У камбағал фермер оиласида дунёга келди ва миллионер бўлиб оламдан ўтди. Унда бойишга бўлган туғма сезги бор эди. У ўзига берилган имкониятни қўлдан бой бермади, бу имкониятни эса буғ машинасини денгизда сузиш ишида қўллаш, ҳамда бой лекин қолоқ мамлакат бўлган Америка штатларида темир йўл тармоғини барпо этиш ғояси вужудга келтирган эди. Мана шу ишлар орқали у улкан сармоя орттирди. Ўз-ўзидан равшанки, биз том маънода темир йўл қиролининг изидан бора олмаймиз. Ундаги имкониятлар бизда йўқ. Чунки у яшаган вақтдан бери кўп шарт-шароитлар ўзгариб кетган. Аммо биз ўз соҳамизда унинг услубларидан фойдаланиб, бойлик орттиришимиз мумкин».

Бу жумлалар кўрсатадики, юқорида тилга олинган китобларда на ишбилармонлик, на инкор руҳи яширинган. Уларда ёритилган нарса бу сир, яъни пул, мол-дунёнинг этни жунжиктирадиган ғайришуурий сир сифатидаги талқинидир. Келтирилган парча муаллифи Вандербильт ёки бошқа бирор миллионернинг қандай қилиб пул топгани ҳақида зиғирча ҳам тушунчага эга эмас. Тўғри, у ниманидир билади, бироқ у билган нарсанинг Вандербильтга алоқаси йўқ. Муаллиф фақат миллионернинг сири олдида тиз чўкади, ана шу сирга қойил қолади. Биз бирор нарса ёки кимгадир қойил қолар эканмиз, қойил қолганимизнинг сирлилиги, унинг онгимиз доирасига сиғмаслиги бизга хуш ёқади. Бирор гўзал аёлни севиб қолсак, унинг ақлга сиғмайдиган қилиқларига ҳам мафтун бўлаверамиз. Юқоридаги сатрлар муаллифининг ҳаётий масалаларда ношудлигига қараганда, умрида бирор аёлга ошиқ ҳам бўлмаган. Аммо у Вандербильтга сиғингудек бўлади, оломонга ўзи ҳам англаб етмаган буюк сирни етказишга аҳд қилган гўё. Бойиш сезгиси ҳақидаги мулоҳазасини у қуйидаги фикрлар билан давом эттиради:

«…Қадимда бу сезги одамларга яхши маълум бўлган. Греклар бу сезгини ушлаган нарсаси олтинга айланиб қоладиган подшо Мидас афсонасида ифодалаб беришган. Мидас ўз қобилияти туфайли тўхтовсиз бойир эди. Виктория давридаги донолар бу афсонани бемаъни эртак деб билардилар, биз эса уни ҳақиқат деб қабул қиламиз. Биз ана шу Мидасга ўхшаб ушлаган нарсасини олтинга айлантира оладиган одамларни ҳаётда учратганмиз, улар ҳақида газеталарда ўқиганмиз. Муваффақият уларни изма-из қувиб юради. Уларнинг ҳаёт йўллари доимо юқорига йўналган. Улар мағлубият нималигини билишмайди…».

Аслида Мидас мағлубият нималигини жуда яхши билган. Унинг босган йўли юқорига етакламаган. У муттасил очликдан азоб чеккан, чунки қўлига олган нон ҳам, ёғ ҳам дарҳол тиллага айланиб қолаверган. Афсонанинг моҳияти ҳам худди шунда эди.

Қадимги эртакларда чуқур донолик яширин. Уларни миллионерлар фойдаси учун ўзгартиришнинг ҳеч кераги йўқ. Ушлаган нарсаси олтинга айланиб қолаверадиган одамни муваффақият тимсолига айлантириб бўлмайди, аксинча у — омадсизларнинг энг бахтиқаросидир.

Баднафсликни қўзғатувчи китоблар

Мен миллионерларнинг газета-журналлар саҳифаларидаги фотосуратларига ҳурмат билан қарайман, миллионерларнинг муваффақият ва мартабалари ҳақидаги мақолаларни ҳам ҳурмат билан ўқиб чиқаман. Мен бу одамлардек, ушлаган нарсамни олтинга айлантира олмайман, бунга уриниб ҳам кўрмаганман. Чунки менга олтинлардан кўра, масалан, янги кўкат ёки юмшоққина нон кўпроқ ёқади.

Мен бундай одамларнинг қайсидир соҳада илғор эканликларини, кимлардандир ўзиб кетишганини, қайсидир соҳаларда тенгсиз эканликларини биламан. Мен уларнинг жаҳон бозорларини идора қилишларини, қитъалараро қадам ташлай олишларини ҳам биламан. Аммо уларни инсоният учун идеаллар деб билмайман.

Умид қиламанки, муваффақият ва осон бойиб кетиш йўллари ҳақидаги бемаъни китобларга ҳеч ким қарамай қўядиган вақтлар келади.

Ишонинг, бу китоблар одамларни яхши мартабаларга эришишга ўргата олмайди. Улар ғойибдан келадиган бахт қушининг сирли йўлида бошқалардан нафратланишга ўргатиши мумкин, холос. Пок ахлоқ тарафдорлари эҳтиросни қўзғайдиган китобларга қарши бўлишган. Хўш, шаҳвоний эҳтиросдан ҳам юз марта ёмон бўлган баднафслик ва кибрлиликни қўзғатувчи китоблар ҳақида улар нима деган бўлишарди?!

Бундан юз йиллар олдинроқ биз ёшларга сабр-қаноат билан ҳунар ўрганувчи шогирд руҳини сингдиришга ҳаракат қилардик. Ўша даврларда болаларга «меҳнатсеварлик, билим ва тежамкорлик билан ҳар қандай одам йирик давлат арбоби ёки йирик тадбиркор бўлиб етишиши мумкин», деб ўргатилган. Ота-боболаримизга ҳар қандай соҳада мартабага эришиш учун ахлоқ меъёрлари қўл келган. Аммо ахлоқсизликка асосланган — бойлик ҳирсини шакллантирувчи китоблар ёшларимизни қайси йўлларга етаклайди?!

Гилберт Кит ЧЕСТЕРТОН

Йўлдош МУСО таржимаси

2018 йил 9 феврал сонидан олинди

0