ҲУКМДОРНИНГ ЕЛКАСИГА ОЁҚ БОСИЛСА…

Аббосийлар давлатининг энг кучли халифаларидан бўлмиш Хорун ар-Рашиднинг (786-809) бошқарув даврларига оид ибратли ҳаётий ҳикоялар жуда кўп. Бугун эътиборингизга ана ўша ҳаётий воқеалардан бири – барча даврлар учун бирдек ибратли бўлган; ҳушёрлик – ҳар бир даврнинг талаби эканини исботлайдиган тарихий воқеани ҳавола этмоқдамиз.

Хабарингиз бўлса керак, Хорун ар-Рашиднинг Яҳё ибн Холид исмли машҳур вазири аъзами, мураббийи бўлган. Яҳё ибн Холид – Бармакийлар авлодидан эди. Хўш, Бармакийларнинг ўзи ким эди?

Бармакийлар – аббосий халифаларнинг машҳур вазирлари мансуб бўлган буюк бир сулола бўлиб, сулолабоши Бармак оташпарастлардан эди ва Исломдан олдинги даврларда Афғонистоннинг Балх шаҳридаги Навбаҳор монастирида роҳиблик қилар, шунингдек, мунажжимлик, табиблик билан ҳам шуғулланарди. Хуросон волийси Қутайба ибн Муслим бўлгага соҳиб чиққанидан сўнг Бармак Шомга жўнатилиб, сарой ҳакими этиб тайинланади. Унинг ўғли Холид мусулмон бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб зурриёдлари бўлмиш Аббосийлар давлати шаклланишида катта жонбозлик кўрсатади. Унинг бу ғайрат ва фидокорликларини аббосий халифа Абул Аббос ас-Саффоҳ муносиб тақдирлайди: Холид Бармакийни аввалига ўзига бош котиб этиб олади. Холид бир муддатдан сўнг Байтул мол бошқарувчиси этиб тайинланади ва яна озроқ вақтдан кейин бош вазир бўлади. Идора ишларида халқнинг меҳр-муҳаббатини, ишончини қозонади.

Ана ўша Холид Бармакийнинг ўғли Яҳё — Хорун ар-Рашиднинг энг яқин одами, мураббийи эди. Хорун ар-Рашид ҳатто уни ота деб чақирарди. Яҳё Бармакийнинг Фозил, Жаъфар, Мусо ва Муҳаммад исмли ўғилларини ўзининг яқин оғайнилари деб биларди. Хорун ар-Рашид халифалик тахтига ўтиргач, Яҳё Бармакийни вазири аъзам этиб тайинлайди. Унинг ўғли Жаъфарга – Миср волийлигини; Фозилга эса Хуросон волийлигини топширади.

БИР ҚЎЛИ – МОЙДА, БИР ҚЎЛИ – БОЛДА!

Хорун ар-Рашид даврида Бармакийлар хонадонининг нуфузи ортгандан ортди. Чунки халифа уларга жуда катта имтиёзлар берганди: Бармакийлар қўшинларга қўмондонлик қилишар, фитналарни бостиришар, Байтул мол бошқарувида иштирок этишар, мансаб тақсимотида уларнинг фикри албатта инобатга олинар, қисқаси, бу сулола вакиллари ҳар соҳада пешқадам эдилар. Улар халифанинг бош маслаҳатчилари, энг яқин сирдошлари ҳисобланиб, унинг ҳузурига исталган вақтда, ҳатто изнсиз кира олардилар.

Хорун ар-Рашид бошқаруви даврида Бармакийлар аралашмаган соҳа йўқ эди.  Халқ ичида уларнинг обрўси шу қадар катта эдики, жуда кўп одамлар бу сулолага қариндош бўлишни ўзларига шараф деб билишарди.

Бармакийлар давлатга хизмат қилиш баробарида ўзларини ҳам унутишмасди, ўз манфаатлари йўлида ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтишарди.

Яҳё ибн Холид Бармакийнинг тўплаган бойлиги ҳақидаги миш-мишлар халқ орасида достон бўлиб кетганди. Унинг ўғли Жаъфар ибн Яҳё билан Хорун-ар-Рашид жуда қалин дўст эдилар. Ана ўша Жаъфар – Бармакийлар авлодидан чиққан тўртинчи – энг сўнгги вазир бўлди. Вазирлик даврида Жаъфар Бармакий отаси ва боболаридан кўра кўпроқ шуҳрат қозонди. Одамлар уни «Бир қўли – мойда, бир қўли — болда» деб таърифлашарди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан сарой ичи-ю ташидаги барча катта-кичик амаллар фақат Бармакий авлодига мансуб бўлганларга тақсимлаб берилди.

Жаъфар Бармакий агар истаса, халифа ҳузурига ҳатто ярим тунда ҳам кириб бора оларди. Хорун ар-Рашид уни жуда қадрларди, ишонарди.

Жаъфар Бармакий ҳокимиятни мутлақ қўлга киритиш йўлида ўта эҳтиёткорлик билан, одим-одим илгарилаб бораётган эди. Ҳаммаси силлиқ кечаётган эди. Агар ўша – биттагина мева воқеаси бўлмаганида…

ҲАҚИҚАТНИНГ ОШКОР БЎЛИШИ

Баъзи араб манбаларида ўша мевани – узум деб;  турк манбаларида эса олма деб ёзишади. Келинг, биз ҳам олма дея қолайлик, ваҳоланки, мева турининг бу ерда ҳеч қандай аҳамияти йўқ.

Хуллас, Хорун ар-Рашид ўша куни дўсти, вазири, сирдоши Жаъфар ибн Яҳё билан сарой атрофидаги мевазор боғлардан бирида сайр қилиб юрарди. Сархил мевали дарахтларга қараб кўзи қувнаб бораётган халифанинг кўнгли олма тусаб қолди. Офтобда ялтираб турган олмалардан бирини шундоққина шохидан узиб олмоқчи бўлиб қўл узатди, аммо етолмади. Кейин Жаъфар ибн Яҳёга юзланиб:

— Қани, Жаъфар, менинг елкамга чиқиб, шу олмани узиб бергин-чи, — дея бир оёғи билан тиззалади. Жаъфар Бармакий ҳеч иккиланмасдан халифанинг елкасига оёқ қўйиб, ўша олмани узди. Халифа олмани еяркан, «Бай-бай, бунинг ширинлигини қара-я! Тезда менга боғбонни чақир, унга бу меҳнатларининг мукофотини берай», деди. Бу вақтда боғбон бўлаётган воқеаларни ҳайрат билан кузатганича, сал нарироқда турган эди. Халифанинг чорловини эшитгач, эгилиб-букилган кўйи яқинлашди.

— Буюринг, ҳукмдорим! Хизматингиздаман! – деди овози титраб.

— Сен жуда моҳир боғбон экансан, — деди Хорун ар-Рашид мамнун овозда. – Бунинг мукофотини олишинг керак. Қани, нима истагинг бор мендан? Тила тилагингни!

Боғбон халифанинг ёнгинасида гердайиб турган Жаъфар ибн Яҳёга тезгина кўз ташлаб олди ва:

— Аслида Сиздан ҳеч бир тилагим йўқ эди, ҳукмдорим, — деди. – Адолатли давлатингиз соясида ҳеч камчиликсиз яшаб юрибман. Лекин ҳозир…

Боғбоннинг тараддудланиб қолганини хижолатга йўйган халифа унга далда берди:

— Ҳеч тортинма! Истаган нарсангни сўра, бажо келтираман!

— Ундай бўлса, менинг Бармакийлардан эмаслигим ҳақида ҳужжат ёзиб, муҳр қўйиб берсангиз, ҳукмдорим…

Хорун ар-Рашиднинг бу кутилмаган истакдан ақли шошди. Жаъфар ибн Яҳё эса жаҳлданми, уятданми, қип-қизариб кетди.

— Демак, сен бизнинг авлоддансан-а? – деди бироз ғазаб билан, ҳукмдор ҳузурида унинг рухсатисиз гапириш мумкин эмаслигини унутгандек.

Одоб билан қўл қовуштирганича, ердан кўз узмай турган боғбон унга эмас, подшоҳга қараб жавоб қилди:

— Мен Бармакийларданман. Лекин ҳозир менга улардан эмаслигим ҳақида ҳужжат беришингизни истайман, ҳукмдорим. Бошқа тилагим йўқ…

— Қизиқ, — деди ҳукмдор ва соқолини тутамлаб, бир муддат ўйга толди. Кейин ўз-ўзига гапиргандек, паст овозда: — Қанча-қанча одамлар Бармакийларга қариндош бўлиш учун жаҳд қилиб ётган бир вақтда сен бу шажарадан воз кечмоқчисан… Жуда қизиқ…

Боғбон бошини янада қуйироқ эгди.

— Хўп, майли, — деди Хорун ар-Рашид Жаъфар ибн Яҳёга қараб кулимсираркан. – Бу боғбоннинг қарори қатъийга ўхшайди. Биз ҳам сўзимизда турамиз, унга истаганини берамиз.

Ҳукмдорнинг бир имоси билан ўша ернинг ўзига котиб чақирилиб, боғбон истаган ҳужжат тайёрлаб берилди.

АҚЛИ БОШИГА КЕЛДИ

Орадан кунлар ўтди. Боғбоннинг ғалати истаги Хорун ар-Рашидга тинчлик бермай қўйди. Куну тун бунинг сабаби хусусида ўйланаркан, кўп нарсаларни англагандек бўларди. Жаъфар ибн Яҳёнинг хатти-ҳаракатлари, гап-сўзларига ақл кўзи билан қараб, унинг давлат бошқарувидаги ролини тафтиш қиларкан, кўз ўнгида хиёнаткор вазирнинг ниқоби ечилиб, асл мақсади намоён бўла бошлади. Қанчалик устомон ва айёр экан бу Жаъфар!

Ҳукмдор унинг: «Каъбанинг ичида доимий олов ёқишни жорий қилайлик. Шундай қилсак, Каъба ичидан атрофга нур ёғилиб турарди…», деган таклифини эслади. Ўшанда бу таклифга унчалик эътибор қилмаган эди, энди англасаки, Жаъфар шу йўл билан оташпарастликни яширинча давом эттирмоқчи бўлган экан.

Хорун ар-Рашид ўз хуфяларига Бармакийларнинг ҳар бир қадамини назорат қилишга, уларга оид ҳамма нарсани яширинча текширишга, тафтиш қилишга топшириқ берди. Бармакийларни хушламайдиган вазирларни ҳузурига чорлаб, уларнинг бу сулола вакиллари ва шахсан Жаъфар ибн Яҳё ҳақида билганларини сўраб-суриштирди, улар ҳақидаги фикрларини тинглади. Айни воқеа битилган тарихий битиклардаги ибора билан айтадиган бўлсак, «кўзлари кўриб, қулоқлари эшита бошлади, ақли бошига келди». Оқибатда нималар аён бўлмади дейсиз!

Халқнинг норозиликлари, миш-мишлар бекорга чиқмаганига амин бўлди. Бармакийлар Аббосийлар давлатини бир ўргимчак мисоли ўз тўрига ўраб олганини англади. Бошқарув тизгини уларнинг қўлига деярли ўтиб бўлган эди – улар давлат ичида давлат қурган эдилар!

Вазирлардан бирининг гувоҳлиги ҳаммасига сўнгги нуқтани қўйди. У Жаъфар ибн Яҳёнинг бир гапини сўзма-сўз айтиб берди.

— Аббосийлар бошқарувни ўз қўлларига олган вақтларида жуда кўп уммавийнинг қонини тўкдилар, — деган эди Жаъфар. – Кун келадики, ўша қатл этилганларнинг қонларидан интиқом дарахти ўсиб чиқади ва аччиқ мева бера бошлайди. Яъни, Аббосийлар ҳукмронлик ўз қўлимизда деб биладилар, лекин тизгин Уммавийларда бўлади. Мана бунинг отини сиёсий маҳорат дейдилар. Бу маҳорат эса биздадир!..

Ўша куни Хорун ар-Рашид Бармакийларга мансуб эркакларнинг ҳаммасини қиличдан ўтказишга, қарияларини зиндонбанд этишга, мол-мулкларини давлат ҳисобига мусодара қилишга буйруқ берди. Амр адо этилди. Энг биринчилардан бўлиб Жаъфар Ибн Яҳёнинг боши танасидан жудо қилинди. Унинг отаси Яҳё Бармакий эса бир йил зиндонда ётиб, оғир касалликдан ўлди. Дунёга довруғ солган сулола шу тариқа йўқ этилди.

«ФАЛОКАТНИ ОЛДИНДАН КЎРГАН ЭДИМ…»

Хўш, боғбоннинг тақдири нима кечди?

— Ҳукмдорим, амрингизга мувофиқ барча Бармакийлар қатл қилинди, лекин биттасига теголмадик. Унинг қўлида Бармакий эмаслиги ҳақида ўзингиз тасдиқлаб берган ҳужжат бор экан, — деди амр адо этилгач, ҳукмдорга ҳисоб беришга келган янги бош вазир.

— Мен танийман уни! Боғбон у! – Хитоб қилди ҳукмдор. – Дарҳол ҳузуримга келтиринглар!

Боғбонни ҳузурига келтирганларида Хорун ар-Рашид уни саволга тутди:

— Сен ҳаммасини билардинг-а? Ҳаммасидан хабардор эдинг, шундайми?

— Мени авф этинг, ҳукмдорим, — деди боғбон. – Менинг бу ҳийлаю фитналардан асло хабарим йўқ эди.

— Лекин сен Бармакийларга мансубликдан воз кечишни истадинг. Бежиз эмасдир бу?

— Албатта, бежиз эмас. Ҳукмдорим, ўша куни вазири аъзамнинг Сизнинг елкангизга оёқ босганини кўрганимда бу сулоланинг паймонаси тўлганини, хатар яқинлигини англадим.

— Лекин ундан елкамга чиқиб, олма узиб беришини ўзим сўрадим. У ўзича бу ишни қилгани йўқ, — деди Хорун ар-Рашид.

— Подшоҳнинг бунга изн бериши — самимийлик ва олижанобликдир! — деди боғбон. – Аммо ҳеч кимнинг подшоҳ устига оёқ босишга ҳаққи йўқ! Фақат ҳаддини билмайдиганлар, давлати олияни ҳурмат қилмайдиганлар, ўзини подшоҳдан ҳам устун ва аъло санайдиганларгина бунга жазм қила олади. Агар Жаъфар Бармакий шулардан бири бўлмаганида, Сиз истасангиз ҳам елкангизга оёқ қўймаган бўларди. У менинг ўша атрофда эканимни кўрган эди, демак, мени чақириб, олмани узиб беришимни сўраши керак эди, аммо у бундай қилмади. Мен ўшанда Бармакийларнинг фалокати яқин эканини тушундим ва Сиздан буларга мансуб эмаслигим тўғрисида ҳужжат беришингизни сўрадим. Чунки адолатли подшоҳдан устун келишни истаганларни, уни оёқости қилмоқчи бўлганларни муқаррар ҳалокат кутади!..

Ўша куни Хорун ар-Рашид бу закий боғбонга саройдан бир лавозим тайин этди. Ва шаҳзодаларга шундай насиҳат қилди:

— Азиятлар одамнинг яхши кўрган эшигидан кирганидек, энг катта синовлар ҳам ўзингизга яқин тутган одамларингиз орқали келади. Қўл остингиздаги давлатни бехатар идора қилмоқчи бўлсангиз, аввало яқинингиздаги одамлардан эҳтиёт бўлинг! Мабодо уларнинг хиёнатини сезсангиз, халқ ва давлат хавфсизлиги учун уларни аяб ўтирманг, ҳатто ота қаторида бўлсалар ҳам!..

Дилфуза КОМИЛ

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 15 феврал (№3) сонидан олинди  

6+