ҚЎРҒОН

— Қўлингга нима қилди, қизим?

— Кесиб олдим, она. Ошга сабзи тўғраётувдим…

— Ҳаҳ… Шу пичоқ суягингга бориб етмасин-да ишқилиб!

— …

 

— Менга қара, қизим, нега иягинг шишиб ётибди?

— Боғдаги нокларни териб қўяй деб дарахтга чиқувдим, оёғим сирпаниб кетиб, йиқилдим… Юзим билан тушганимга, иягим шишган шекилли, она…

— Нок дейди-я! Йиқилдим дейди-я! Худо кўтарсин бундай эрни! Бўлди, орани очди қил! Болаларингни ўзим боқаман.

— …

 

— Нега оқсоқланяпсан? Тинчликми?

— Ҳа-я, кеча бостирмадаги тошларни бир четга тахлаётганимда, биттаси оёғимни босиб қолса бўладими…

— Ўтган ҳафта тахламовмидинг ўша тошларни?

— …Чала қолган эди.

— Қаро ерга кўмилса бўлмайдими шўртумшуқ эринг! Сенга неча марта айтяпман, қизим, қадрингни бил! Бўлди, йиғиштир рўзғорингни! Яшамайсан унақа эр билан!

— …

 

— Қовоғинг кўкарибдими?

— Эшикка уриб олдим…

— Ўтин қилиб ёқ бундай эшикни! Илоё…

— Йўқ, она, қарғаманг!

— Қарғайман-да, ахир боламсан, жоним ачийди!

— Нима бўлгандаям, қарғаманг, она!

— Сенга охирги марта айтяпман, уйга қайт!

— Қайтмайман, қайтолмайман. Ахир… у ер менинг уйим, менинг қўрғоним! Яхшими-ёмонми… ўша менинг эрим, тақдирим! Йўқ, қайтмайман, она!..

 

Солиҳа УМИД

2018 йил 12 ноябр сонидан олинди

 

0