МИЛЛАТНИНГ ОНАСИ

Қуйидаги мақола бундан саккиз йил олдин «Маърифат гулшани» газетамизнинг 2011 йил 25 октябр сонида чоп этилган эди. Қарангки, «Маърифат гулшани»нинг барча сонларини ҳанузга қадар сақлаб келаётган кўплаб юртдошларимиз бор ва биз уларга бу қадар эътибор ва садоқат учун ташаккурлар айтамиз. Ана шу мухлисларимиздан айримлари, адабиётшунос олимимиз Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ қаламига мансуб мазкур мақола мавзуси ҳамон долзарб эканини, унда кўтарилган муаммолар ҳанузгача тўлиқ ечим топмаганини, бугунги кун газетхонлари ҳам уни албатта ўқиб хулоса қилиши кераклигини таъкидлаб, мақолани газетамиз саҳифаларида қайта чоп этишни илтимос қилдилар. Муштарийларимизнинг бу таклиф ва истакларини инобатга олган ҳолда, ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

Мен онамни ҳазиллашиб кўтариб олдим,

Ва ўн қадам юрмасданоқ йиғлаб юбордим:

Шўрлик онам… шунчалар ҳам енгил эдики!

                                      Исикава ТОКУБОКУ

Она фарзандини дунёга келтиради, боқиб ўстириб, вояга етказади. Шу билан бирга, унинг яна бир улуғ хислати бор: бир оилада туғилиб ўсган болалар она туфайли ака-ука, опа-сингил бўлиб, қондошу жондош бўлиб бирлашади. Фарзанднинг вазифаси ва бурчи эса, онани улуғлаш, унга меҳр изҳор айлаб қўшиқ айтишгина эмас, балки унинг дардини, ташвишларини дилдан англаш, соғлиғи, аҳвол-руҳиясидан хабардор бўлишдир.

Фарзандлар – оға-ини, эгачи-сингилларнинг дунёга келтирган онаси бир аёл бўлиши ҳаммага равшан. Қариндош-уруғ тўпи ичида ҳам бир онахон бўлади, у шу уруғнинг марказида: тўй-маърака усиз, унинг маслаҳатисиз ўтмайди. Эътибор берсангиз, ҳар қайси маҳалла ёки қишлоқнинг ҳам обрўли бир кайвони момоси бор.

Башарият дунёсида алоҳида ва ўзига хос бир оилани ташкил этадиган ўзбек элининг-чи? Унинг ҳам бир умумий онаси бордир? Бор албатта, Она тилимиз у! Шу тил туфайли Сиз билан биз қадрдонмиз, дилдошмиз, дарддош бўлиб турибмиз. Эҳтимол, бугун Сиз билан мен бир-биримизга сир бермай, хўмрайишармиз, аммо аниқ биламанки, агар эрта-бириси кун Сибирда ё Италияда кўришиб қолсак борми, ҳар иккимиз учун ҳам қуёш чарақлаб чиққандек бўлади, жону жаҳонимиз ёришиб кетади, бир-биримиздан ҳеч нарсани аямасликка тайёр бўламиз. Бари меҳр-оқибат – мана шу жонажон тил туфайли. Негаки, икковимизнинг тилимиз ҳам бир, элимиз ҳам бир-да. Элни эл қилган, уни яхлит ва ялакат мағиз қилиб бирлаштирадиган нарса аввало тил, она тили…

Давлат тили ҳақидаги Қонун таъсирида янги, ёки тил ғазнасида кўпдан бор, аммо қўлланмай турган юз-юзлаб тарҳи тоза сўз ва сўз бирикмалари майдонга чиқди, тилимиз янада бой ва тароватли бўлиб қолди. Аммо бу борадаги энг катта ютуғимиз – баъзи қардошлар каби сўзларни тубдан ўзгартиришга ружу қўймаганимиз бўлди, биз ҳар бир тушунчани ғирт «туркий ўзакли» қилишга берилиб кетмадик ва шунинг натижасида ўзбек тилининг қадим оҳангдорлигини, куч-қудратини, жилосини сақлаб қололдик.

Бироқ мана шу қабилдаги яшасинчиликдан ўзимизни сал фориғ қилиб, миллатимиз онаси бўлмиш тилимизнинг аҳвол-руҳиясига разм соладиган бўлсак, унда бирталай муаммолар ҳам тўпланиб қолганини кўрамиз. Япон шоирининг эпиграф қилиб келтирилган атиги уч мисралик юқоридаги шеъри, назаримда, айнан она тилимизни кўзда тутиб айтилгандек.

 БИЗ БОШҚА НАТИЖАНИ КУТГАН ЭДИК…

Бир неча йиллардан буён 21 октябрнинг нари-берисида роса байрам қиламиз – ҳар йили давлат тили мақомининг фалон йиллигини нишонлаймиз. Мен ўзим ҳам беш-олти ташкилотларда маъруза ўқийман. Тилимизни улуғлайман, унинг қадим ва бойлигини, дунёдаги бошқа ҳеч бир тилдан қолишмаслигини далиллашга уринаман…

Гўё маърузамни тинглаётганлар тилимизнинг бой эканлигини, қадим эканлигини билиб олишса, иш пишади-ю, одамлар тил қадрини ўз жойига қўядигандек, гўё худди шуни ҳали ҳеч ким билмай турибди-ю, менинг далолатим билан ҳамма нарса изига тушадигандек. Ҳар бир маърузадан сўнг одатий бир чапак, ҳамишаги бир-икки савол, сўнг «қимматли вақтимни сарфлаб келиб, қизиқарли чиқиш қилганим» учун миннатдорчилик изҳори, ҳурмат ила кузатиб қўйиш. Тамом.

Биродарлар!

Неча йилдан бери шу гап! Шу манзара…

Юзлаб одамлар – манаман деган академиклар, эл-юртга таниқли шоиру ёзувчилар, фидойи муаллимлар, сиёсатшунослар, ҳуқуқшунослар… ҳар йили «маъруза» қилади, тилимиз бой деб таъкидлайди. Бунинг учун Маҳмуд Кошғарийдан тортиб Навоий, Чўлпонгача ёрдамга чақирилиб, беҳисоб далиллар келтирилади, шеърлар ўқилади. Эртасидан эса… яна ҳамма нарса эски изига тушади. Яъни, аксарият корхона ва ташкилотларда рус тилида иш юритиш давом этади.

Ҳар йили тил байрами яқинлашганида номига чоп этиладиган тўрт-беш мақола, ташкилотларда хўжакўрсинга уюштириладиган Тил байрами «тадбири»ни ҳисобга олмаганда, тил мақоми анчайин бир кампания сифатида бўлиб ўтгандек туюлади.

Ҳолбуки, биз бошқа нарсани кутган эдик. Дарров бўлмаса-да, йиллар оша тилимиз мавқеи оша боради деб ишонган эдик. Аҳвол эса бошқачароқ бўлиб чиқди.

Хўш, нега шунақа бўляпти? Бу ҳол қачонгача давом этади?..

 ДАВЛАТНИНГ МИЛЛИОНЛАРИНИ «ЗАКОННИЙ» ЎМАРИШ

Нега шундай аҳвол юзага келганининг бир сабабини мен айтай. Ўша, 1989 йилда қонун чиққанида ҳар қандай ўзгаришдан пул ясайдиган шоввозлар ғимирлаб қолишди. Қонунни орқа қилиб, давлатнинг миллионларини «законний» ўмаришга шайланган кимсалар гўё бошқа миллат кишиларига ўзбек тилини ўргатишни бош масала қилиб кўрсатиб, шу билан ҳамма муаммо ҳал бўладигандек, кооперативлару курслар очиб ташлашди, дастурни амалга оширишга ажратилган пуллар ўша ёққа қараб сувдай оқди, ҳар бир корхонаю ташкилотдаги юзлаб тил билмаслар эса гўё «тил ўрганди». Яъни, кимдир атайлабдан дарёнинг нишабини бошқа ёққа буриб юборгандек бўлди. Ўзбек тили ҳақидаги Қонунни бажаришга сарфланадиган пулнинг катта қисми ўзбекларга эмас, шу юртда ўн йиллаб, ўттиз йиллаб яшаган… аммо кибри туфайли тил ўрганмаганларга сарфланадиган бўлди (ҳозирда уларнинг кўпи Америкаю Канадага, Исроилу Россияга кўчиб кетишган, аммо ҳамон ўзбек тилини ўрганиб ётишмаган бўлса керак).

Ўзбекнинг ўзи-чи? У бугун ўз тилини қанчалик билади? Ўзбек эли тил ўрганишга муҳтож эмасми? Уйдаю тўйда, бадиий адабиётда, бозордаю мозордагина қўлланиб, қисилиб-қимтиниб қолган, аммо тил байрами кунлари келганида ҳамиша «қадим ва бой» деб мақтови келиштириладиган бу тил мамлакатнинг ичкарисидаю ташқарисида, илму таълимда, ишлаб чиқариш, банк ва тиббиётда, технология ва ҳоказоларда ишлатиш учун ярамайдими? Ярамайдиган бўлса, сабабини айтинг — нега? Чорасини топайлик. Ўзбекистоннинг битта вилоятича келмайдиган митти давлатлар бор дунёда, ана ўшалар ҳам давлат ишида она тилини қўллайди, шу тилини улуғлайди, ахир.

Давлат тили деган тушунчани давлатнинг тили деб ҳам англаш мумкин. Яъни, Ўзбекистон давлатининг тили – ўзбек тилидир. Бошқа бир тил эмас. Аммо давлат идораларида тўла ҳуқуқ билан ишлатиладиган тилгина чин давлат тили бўла олади, бошқа гапга ўрин йўқ!

 «ИССЛЕДОВАНИЕ» БИТАДИГАН ЎЗБЕК ОЛИМЛАРИ

Давлат тили тўғрисидаги Қонун фақат ҳуқуқий аҳамиятга молик эмас, балки аввало сиёсий ҳужжат, декларациядир. Зеро, мустақилликнинг ўзи тил мустақиллигини тақозо этади. Буни шундай тушунтириш мумкин: илгари барча ишлар рус тилида юритиларди, чунки унда биз озод эмас, тобе эдик. Ўзбекистонда бирон идорага ишга кириш учун ариза ҳам рус тилида ёзилар эди. Энди тасаввур қилинг: Италияда итальян тилида эмас, немис тилида иш юритилса… шу юртни ҳар жиҳатдан суверен деб бўлармикин?

Афсуски, бу соҳада бизда дунёнинг ҳеч бир мамлакатида учрамайдиган ғаройиботлар бисёр. Масалан, рус тилини билмайдиган… рус дипломати бўлиши мумкинлигини биров эшитмаган. Япон тилидан бехабар япон дипломати, испанчани уқмайдиган испан элчиси борлигини билмаймиз. Инглиз тилида мақола ёза олмайдиган Англия ёки Америка олими ҳам йўқ, албатта. Ва умуман, бунақа ғайритабиий ҳолатларни бошқа юртларнинг одамлари тасаввур ҳам қила олишмайди.

Бизда эса, ўзбекча гапирсангиз, анқайиб қараб, елкасини қисадиган, давлат тилида бирон-бир халқаро шартнома ё битим тайёрлаш қўлидан келмайдиган, тайёрлаш тугул, она тилида ёзилган шартномани ўқиб тушунмайдиган «паспорти бўйича ўзбек» дипломатлари озмунча эмас.

Ёки бошқа мисол. Айрим санъатшунослар, файласуфлар, ҳуқуқшунослар, шарқшуносу сиёсатшунослар, тарихчилар, археолог ва этнографлар… хуллас, ижтимоий соҳа уламоларининг аксарияти она тилида бирон-бир мақола ёзишни то ҳануз ўрганмай, эски ўзан ичида йўрғалаб, русча «исследование» битади. Уларнинг «ўзбек тилида публикация қилиб жаҳонга танилиш қийин», деган истиғносини айтмайсизми?! Ҳей, сен аввал она тилингда бирон нимани қойиллатиб битиб, халқинг ичида танил, агар илминг, ёзганларинг чиндан ҳам зўр бўлса, жаҳоннинг ўзи сени таниб олаверади, дейдиган бир мард йўқ.

Ижтимоий фанлар маънавиятга, мафкурага бевосита дахлдор. Шу олимларки ўзбек тилида теран тадқиқотларни амалга ошириб, таҳлилий китобларини ўзбекча чоп этмаса, бошқа соҳа олимларидан ўпкалашга не ҳожат? Тўғри, кимдир «Менинг фалон китобим ўзбек тилида чиққан, муаллиф кўрмабди», деб биздан ранжиши мумкин. Балким чиққандир ва эҳтимол сиз уни ўзбек тилида ёзгандирсиз ҳам. Лекин сиз билан бақамти ишлаётган ҳамкасбларингизнинг китоби аввал ўрис тилида ёзилганини, уни номсиз таржимонлар ўзбекчага ўгириб берганини яхши биласиз-ку. Менинг ўзим баъзи ўзбек олимларининг ижтимоий соҳага оид бир неча диссертациясини шу олимларнинг она тилига таржима қилиб берганман. Ва бу узоқ ўтмишда эмас, шу кунларда – тилимиз давлат тилига айланган, илмий ишлар Масков ВАКига эмас, Тошкентдаги ОАКка юбориладиган бўлганидан кейинги гап!

Бу дунёда ўзбекман деб юришдан мурод бошга дўппи кийишу наҳорги ошга боришгина эмас, ахир. Улуғ онамиз – она тилимизни эъзозлай олмасак, бошқасидан мурод нима?

ХЎЖАКЎРСИН ИШ

Тафаккур тилда акс этади ва тил орқали ривожланади. Шунинг учун улар чамбарчас боғлиқ. Ўзбек тили – ўзбек тафаккури демак. Шундай экан, ўзбек тилини давлат идораларида ишлатмаслик – ўзбек тафаккурига йўл бермаслик, қўполроқ айтганда, ўзбек тафаккури билан шу соҳани бошқариб бўлмайди, деб ҳисоблашдир. 

Қонунга амал қилмаган, уни бузган одамни жазоламаслик, ёки хўжакўрсинга дакки бериб қўя қолиш – амалда уни рағбатлантириш билан баробар.

Бизнингча, ҳали-бери шундан нарисига ўтилаётгани йўқ. Рост, давлат тили ҳақидаги Қонун ижросини назорат қиладиган муассасалар бор, улар комиссия тузиб, ҳали Қашқадарёда – шу вилоятдаги тиббий масканларда, ҳали эса Андижонда – хизмат кўрсатиш соҳасида ва ҳоказо, давлат тили дастурининг бажарилишини текшириш билан овора. Дуруст, аммо назаримизда, бу худди икки юзта товуқни эшиги йўқ катакка жойлашга уринаётган кишининг ҳолига ўхшайди – биттасини тутиб катакка соласиз, сўнг иккинчисига чопсангиз, бояги товуқ ҳам далага чиқиб кетган бўлади, ҳолбуки улар иккита эмас, икки юзта, қачон буларни эпақага келтириб бўлади? Демак, бу хўжакўрсин иш, бошқа гапга ўрин йўқ.

Тилимизнинг чинакам давлат тилига айланиши Қонун чиқарилганлигига эмас, ана шунга таяниб иш олиб борадиган одамларнинг амалий фаолиятига боғлиқ. Бундан ҳам аввал, каттами-кичикми, ҳар бир корхона ва ташкилот раҳбарининг миллатпарварлигига боғлиқ. Она халқим деган ҳар бир ўзбек раҳбари Давлат тили тўғрисидаги Қонунга лоқайд қарай олмайди. Ўз ташкилотида уни рўёбга чиқаришга интилмаган раҳбарнинг халқпарварлигига ишонч йўқ.

ДЕВНИНГ ЖОНИ ҚАЕРДА?

Кўп эртакларда бир воқеа такрорланади: ботир йигит девни енгиб, қилич билан калласини узса, бир бош ўрнида учта бош ўсиб чиқади, уларни кесса, яна… Ҳайрон бўлиб боши қотиб турса, бир чол унга қараб:

— Э болам, бундай қилиб девни енголмайсан, ундан кўра, сен фалон қудуқ ичига тушсанг, унинг тубида бир дарча бор. Уни очиб ичкари кирсанг, ҳужрада бир сандиқ турганини кўрасан, сандиқ ичида бир қутича бор. Ана ўша қутича ичидаги қуртни қиличинг билан қиймаласанг, дев ўлади, чунки девнинг жони ана ўша қурт ичида, — дейди.

Ўзбек тилининг ўз юртида беклик қилишига йўл бермай келаётган дев-ку. аниқ, бу – миллатсеварликнинг етишмаслиги, фикрий ялқовлигимиз, ҳамон ҳар нарсадан ҳадик оладиган ғилоф бандаси бўлиб келаётганимиз!

Хўш, ичимиздаги бу девни маҳв этадиган омил, эртак тили билан айтсак, бу девнинг жони – қути ичидаги қурт қаерда? Қандай қилсак, ўзбек тили барча идора ва ташкилотларда тўла ишга тушиб, давлат тилига айланади? Нима қилсак, хорижий бир тилда иш юритишга барҳам бериб, она тилимизнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқини тиклай оламиз?

Билсангиз, бу девнинг жони ҳам, худди эртаклардагидай, кичкина бир қути ичида. Бу қути – БУХГАЛТЕРИЯ деб аталади. Ҳа, агар ҳар бир идорада бухгалтерия ҳужжатлари бугун давлат тилига ўтса, ишонинг, эртадан шу идоранинг барча иши давлат тилига кўчади. Чунки, ҳеч қайси идоранинг иши бухгалтериясиз битмайди.

Ҳозир бизда нечта идора (бутун бошли вазирлик ва қўмиталарни қўя турайлик) давлат тилида иш юритяпти, деб ўйлайсиз? Буни билиш учун ҳар бир идоранинг бухгалтерия ҳужжатлари тилига эътибор қилиш керак, вассалом.

Ўзимча бир нарсани пайқаган бўламан: лоқайдроқ бўлиб қолаётгандаймиз. Ишқилиб, кунимиз ўтиб турса бўлди, дегандай. Ахир, эсласангиз, бундан бир неча йиллар аввал ҳатто русийзабон кишилар ўз фарзандларини ўзбек мактабларида ўқишга қўя бошлаган эдилар, чунки замон зайли шундай бўлди, деб ҳисоблашган эди. Энди эса аксинча: эплаган ота-она боласини рус мактабига бериш пайида.

Худди сирли бир кимса ҳар бир идора ва ташкилотнинг кўринмас бир хонасига кириб олиб, давлат тилида иш юритилмасин деб жоду қилаётгандай, ҳаммага ўз таъсирини тобора кўпроқ ўтказиб бораётгандай. Қадим ўзбек халқининг иродаси билан юзага чиққан Давлат тили ҳақидаги Қонунни беписандлик билан емиришга тушгандай.

Бу сирли кимса ким?

У – ҳар бир идора ва корхонада, ташкилот  ва маҳкамада ишлайдиган, миллати бор, аммо миллий ғурури йўқ одам. Қорнининг ғамини орининг ғамидан устун қўядиган, сиртдан ўта маданиятли, аммо ўзбек бўлиб туғилганидан фахрланиш ўрнига ўкинадиган, нафс бандаси – манқурт. Маданиятли қул!

Орадан йиллар ўтар. Ҳозирги муваққат моддий-иқтисодий қийинчиликлар орқада ҳам қолар. Ана ўшанда аҳли юрт вақтинча бироз четда қолган қадриятларини яна эъзозлайди, бошига кўтаради. Биринчи навбатда, жондан азиз бўлган онани – она тилини, албатта.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

«Маърифат саодати» газетасининг

2019 йил 11 апрел №7 сонидан олинди

1+