«ЗАМОНДАН ОРТДА ҚОЛГАН» МУАЛЛИМА

…Андиша ва уятни йиғиштириб, арзимаган пул устида шаллақилик қилаётган аёлдан кафанлик сотиб олганига Опа қаттиқ ачинди. Эсиз! Хуноби ошганидан юзлари қизарди. Лекин, пулини қайтариб олишга журъати ҳам, сабри ҳам етмади. Бутун бозорни бошга кўтаргудек бўлиб саннаётган савдогар аёлнинг товуши ҳали бери тинадиганга ўхшамасди. Опа қўлини силтаб, шаҳд билан юриб кетди. Мато бозоридан чиқаркан, бўйин ва энса томирлари лўқиллаётганини ҳис этди.

— Ҳаёси йўқ хотиндан кўра мудҳишроқ махлуқ бўлмаса керак. Дунёнинг молига ҳирс қўйганнинг аҳволи шу-да!.. – Опа беихтиёр пичирларкан, юрагида санчиқ туриб, аъзойи бадани увишиб кетди. Атрофга аланглаб, ўтирадиган жой қидирди. Хайрият, ҳув нарида ўриндиқ бор экан. Тахта ўриндиққа базўр етиб бориб ўтираркан, боши айланиб, пешонасини совуқ тер босди. Хаёлидан «ҳозир ўлиб қоламан шекилли» деган ўй ўтиб, беихтиёр калима келтира бошлади. Йўқ, қайтага юрагига қувват ингандек бўлди.

— Бозорда ўлиб қолишдан Худо сақласин-а! — деди пешонасини артаркан, — Нақ қирқ йил ўқитувчилик қилган директор опанинг бозорда жони узилибди, деган гап тарқалсами… Худо сақласин!..

Хаёлига ҳоким қабулхонасида жони узилган, тўрт эшик нарида яшаган шоир қўшниси келди. Бечоранинг ёнида на хати, на ҳужжати бор экан. Кимлиги аниқлангунча марҳумнинг маййити роса сарсон бўлганди. Шу-шу  Опа қаерга борса, қўлида ҳужжати солинган катта катмони билан юради.

Бозор аҳли жуда зийрак бўлади. Опанинг аҳволини сезиб, бир нечта бозорчи аёллар ҳол сўрашди. Бири бир пиёла иссиқ чой келтирди, бошқаси тил тагига ташлашга хапдори таклиф қилди, бир аёл суяниб ўтириш учун ёстиқ ҳам олиб келди. Опа уларга миннатдорчилик билдираркан, бояги дилхиралиги бироз тарқагандек бўлди. Салдан кейин аҳволи анча яхшиланди, оёқ-қўлига куч, юзига ранг қайтди, лекин туриб кетишга шошилмади.

У сал нарироқда савдо қилаётган бозорчи аёллар ичида ўзининг собиқ ўқувчиси ҳам борлигини кўрган, помидор сотаётган қош-кўзлари попукдек аёлни дарров таниганди. Яхши кўрган шогирдини қандай танимаслик мумкин! Лекин сир бой бермади. У ҳам Опани кўрди, аммо олдига келолмади. Хижолат қилди. Математикадан жуда қобилиятли қиз эди, аспирантурада ўқиётган эди. Бечора бозорга чиқиб кетибди-да. Тирикчилик ташвишларига у ҳам енгилибди. Афсус, яхшигина иқтидори бор эди.

— Ҳақиқий олимлар камёб бўлган бир даврда, яна бир олимани бой берибмиз, — изтироб билан кўнглидан ўтказди Опа. – Олимлар бой бўладиган даврлар ҳам келармикан?..

Дунёнинг катта  бозорга айланиб, инсонга ишонч қаҳат бўлганига, ғурур — жўн бир қадрсиз молга айланганига, зиёли-ю олимларнинг қадри пасайиб кетганига Опанинг кўниккиси келмайди. Бу замонда дўхтир ва ўқитувчининг пора олмаслигига ҳали ҳам ишонади.

Институт машғулотларида кам кўринишса ҳам, доим ишлари беш,  иқтисодчи талаба набиралари айтишгандек, собиқ математик буви  яратган «маҳсулот брендининг ғояси» —  замондан жуда ортда қолиб кетган ва унга «товар ва хизматлар  бозорида ҳозирда талаб йўқ»… Буви бу чиройли гапларнинг остида қандай шама яширинганини  жуда яхши  билади, аммо индамайди. Гапирганининг фойдаси йўқ, барибир ҳеч нимани уқтиролмайди. Бу ёшларни ҳаммасининг ўз фикри бор, ўзича жуда доно.

Оила ҳам, тарбия ҳам, ахлоқ ҳам, қариндош-уруғчилик ҳам бузилиб, бозорлашиб кетди. Ҳамманинг дарди пул. Бу, пул деганлари қандай топиляпти: ҳалол йўл биланми, ё бошқа йўллар биланми, ҳеч кимга қизиғи қолмагандек. Ҳаромдан топиб едирилган луқма етти авлоднинг фитратини булғашини ҳеч ким тафаккур қилмайди. Ўгит берсанг, «замондан ортда қолган»га чиқаришади.

Опа шуларни ўйлаб куйинади, дуоларида ҳаммага инсоф тилайди.

…Опа ҳалигина сотиб олган ўттиз метр сурпни қўлтиғига қисганча, секин-секин юриб, бозор дарвозасидан узоқлашаркан, энг яхши кўрган иқтидорли шогирдининг рангпар юзи-ю, харидорга ялинчоқлик билан қараб: «Кўпроқ олинг, арзон қилиб бераман. Неча кило тортай?» деганлари кўз олдидан кетмас, ўзининг чорасизлигидан эзилар, ҳарчанд ўзини тутишга уринмасин, кўз ёшларини тия олмаётган эди…

Ёрқин ИНОҒОМОВ

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 14 март №5 сонидан олинди

2+