ЖАННАТИ

Ислом таълимотига кўра, нариги дунёда кимнинг тақдири қандай бўлишини – охиратда кимнинг Жаннатга, кимнинг Жаҳаннамга равона бўлишини ёлғиз Худонинг ўзи билади. Осийни, ҳатто кофирни «дўзахи» дейишга Одам авлодида ваколат йўқ – осийнинг ҳам, кофирнинг ҳам сўнгги нафасида тавбаси қабул бўлиши, иймон келтириб, Худонинг марҳаматига сазовор бўлиши истисно эмас. Бу фикрдан зинҳор «гуноҳга ботиб яшайвериш керак» деган маъно чиқмайди. Аммо бошқа томондан, эзгу ишлари, чиройли феъл-атвори билан одамларда «бу одам жаннати бўлади» деган тасаввур уйғотувчи яхши инсонлар ҳам кўп.

Болалик хотираларимда қолган Мастура хола ана шундайлардан бири эди.

Мастура холанинг эри урушдан контузияга учраб қайтган, бунинг оқибатида ишга яроқсиз, ногирон бўлиб қолган. Уни парваришлаш ҳам, болаларини боқиш ва рўзғор ташвишлари ҳам холанинг зиммасида эди. Мастура хола новвойлик қиларди. Тўнғич ўғли — ўртоғим, аммо унинг тенгдошларимизга қўшилиб ўйнагани вақти бўлмас: эрта саҳар, то дарслар бошлангунича бир тандир, дарсдан кейин яна бир тандир нонни сотиб келиш унинг зиммасида эди.

Рўзғор аравасини ёлғиз тортиш холага осон бўлмаган, албатта. Аммо бирор марта бўлсин, холани кайфияти нохуш ҳолда кўрганимни эслолмайман. Биргина мен эмас, маҳалладаги каттаю кичик ҳамма у кишини «истараси нондай иссиқ», «сабру бардоши, уй тутиши аёлларга ўрнак» дея мақтарди. Хола бадавлат хонадонда вояга етган, ота-онасининг эрка қизи бўлган экан. Бошига оғир кунлар тушиб, ногирон эр билан бир этак болани урушдан кейинги оғир кунларда боқишнинг ўзи бўлмаган.

Мастура хола ёпган нонлар бўлиқ ва жуда мазали, харидори кўп бўларди. Шунга қарамай, хола икки тандирдан ортиқ нон ёпмасди, ўзларининг егулиги ҳам шунинг ичида бўларди. Ортиғига дармони етмасмиди, билмадим…

Менга ўша йиллари бошқа нарса кўпроқ тушунарсиз эди – хола ҳар куни кечки пайт иккита юмшоқ нонни халтага солиб, тўнғич ўғлининг қўлига тутқазарди-да,»Ҳў, фалончи бувангга олиб бориб бер» дея, нариги маҳалладаги сўққабош қариянинг уйига жўнатарди. Эртаси куни кечқурун яна иккита нонни халтага солиб, «Фалончи опангга бериб кел» дея, бир чақирим нарида турадиган бева хотинникига жўнатарди. Ўртоғимга кўпинча мен ҳамроҳ бўлардим. Бу ишлар ўртоғимга малол келаётганини сезардим – у ҳам вақтини қизғонарди, ҳам нонларни. Лекин онасига бир оғиз эътироз билдирмасди, айтганини индамай бажарарди.

Одамларга тўйиб нон ейиш орзу бўлган ўша қийинчилик даврларида якка ўзи катта рўзғор юкини тортаётган Мастура холага бундай қилиш нега зарурлигини тушунмасдим. Отамдан сўрасам, «закот» дегандилар. Онамнинг жавоблари анча соддароқ бўлган: «Бева-бечораларга садақа қилишнинг савоби кўп-да, болам»…

Ўша замондан бери неча сувлар оқиб ўтди. Энди биламанки, кунда сотиладиган ўттиз-қирқта нон учун закот буюрилмаган. Аксинча, холанинг хонадони закот олишга ҳақли эди, десам тўғрироқ бўлар. Қачон болалигим хотираларида Мастура холанинг сиймоси гавдаланганида, «У аёл жаннати эди» деган фикр хаёлимга келаверади.

Абдулла АЪЗАМ                                                                         

2018 йил 16 апрел сонидан олинди    

2+