ДУНЁНИ БОЛАЛАР ҚУТҚАРАДИ

…Бугун уни ишдан бўшатишди. Кўзига дунё қоронғи кўриниб, уйига ҳам боргиси келмади. Кўнглида алам билан кетиб бораркан, елкасига урилган копток зарбидан қалқиб кетди. Жаҳл билан ўгирилиб қаради ва рўпарасида айбдорона мўлтираб турган болакайга кўзи тушиб, ўшқирди:

— Кўзингга қарасанг ўласанми? Ҳе, афтинг қурсин, ярамас!..

Болакай қўрқиб кетиб, коптогини олди-ю, қочиб қолди. Аёл зардаланиб елкасини қоқаркан, эрталабдан буён ичига ютаётган аламлари кўзларидан ёш бўлиб қуюла бошлади. У одамларнинг эътиборини тортмаслик учун шу атрофдаги ўриндиқлардан бирига ўтирди, лекин барибир кўз ёшларини тиёлмади. Бошини эгиб олганича, пиқ-пиқ йиғлай бошлади. Ногаҳон сочларида митти ва майин кафтнинг тафтини ҳис қилди ва секин бошини кўтариб қаради. Чамаси беш ёшлардаги қизча аёлга ҳамдардлик билан тикилиб турарди.

— Йиғламанг, хола, — деди у ширин овоз билан. Кейин бир қўлида сиқимлаб турган ширинликларини унга узатди:

— Манг, олинг…

Аёл нотаниш қизчанинг бу меҳрибонлигидан тўлқинланиб кетди. Ўзига келиб, қизчанинг лўппи юзларидан беозоргина чимчилаб қўйди:

— Раҳмат, асалим! Жудаям ақлли қиз экансан-а…

— Сизниям ойингиз ўлиб қолдилами?

Аёл қизнинг овозидаги дарддан сесканиб кетди.

— Маниям ойим ўлиб қолганла… Лекин ман энди катта қиз бўп қолдим, йиғламайман… Сизам йиғламанг, ҳали ҳаммаси яхши бўлади…

Аёлнинг бошидан бир челак муздай сув ағдарилгандай бўлди. Рўпарасида турган шу миттигина қизалоқнинг катта дарди олдида ўзининг ташвишлари нақадар арзимас эканини ҳис қиларкан, ўзини ўзи ёмон кўриб кетди. Уни маҳкам қучоқлаб, бағрига босаркан:

— Ўзим ўргилай сендан, — деди меҳри ийиб. – Тўғри айтасан, ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Сенам дунёдаги энг бахтли қиз бўласан!

— Ман ўзи бахтли қизман-ку, — деди қизча аёлни баттар таажжубга солиб. – Мани дадам борла, укам бор, бувим борла… Бувим қўғирчоғимга чиройли кўйлакча тикиб бердила… Мани ўйинчоқларим, китобларимам роса кўп, бизникига борсангиз, сизгаям китобларимдан бераман…

Аёлга кичкинагина қизалоқнинг БАХТ ҳақидаги тасаввури ва саботи катта дарс бўлди. Уйига қайтгач, иш столида турадиган дафтарига катта-катта ҳарфлар билан «Дунёни болалар қутқаради», —  дея ёзиб қўйди.

Шаҳина ЮСУФ тайёрлади

2018 йил 12 март сонидан олинди

2+