ИСМ ВА ТАҚДИР

Исмимиз — умрбодлик йўлдошимиздир. Ҳар бир миллатда исмлар ўзига хос тарзда, маълум бир эътиқоддан, миллийликдан ёки замона талабидан келиб чиқиб танланади. Инсоният қадим даврлардан буён исм масаласига жиддий ёндошиб келган. Жуда кўп халқларда инсоннинг исми унинг феъл-атвори ва тақдирига таъсир қилади, деган тушунча мавжуд. Болага қандай ният билан исм қўйилса, ўша ниятнинг амалга ошиш эҳтимоли юқори бўлишини бизнинг машойихлар ҳам айтиб ўтишган. Бу тушунчанинг ҳақиқат эканини ҳозирги замон психологлари ўз тажрибалари асосида илмий исботлаб бердилар. Психолог олимларнинг фикрича, ота-она ўз фарзандига исм қўйиш асносида унинг ҳаётини ўзига хос тарзда «дастурлайди».  

Бугун фарзандга исм қўйиш масаласига одамлар жуда оддий бир ҳолдек қарайдилар ва исмлар англатадиган маъно-мазмундан кўра, унинг замонавийроқ, оммабопроқ бўлишига эътибор қаратадилар. Болага қандай исм қўйишни ҳал қилаётган вақтларида унинг феъл-атвори, ҳаёти ва тақдирига оид масалаларни ҳам «ҳал қилаётганларини» англамайдилар. Лондондаги Қиролича Мария университети антропологлари узоқ вақт давомида олиб борилган тадқиқот ва таҳлиллар натижасида қуйидагича хулосага келдилар: исмнинг тақдирга таъсири хаёлот эмас, ҳақиқат бўлиб, ҳатто адашларнинг феъл-атворида, ҳаётида ва тақдирида жуда кўп ўхшашликлар кузатилади.

Жубайр ибн Шайбадан шундай ривоят қилинади:

«Мен Саъийд ибн Мусайябнинг олдида ўтирган эдим. У қуйидагиларни айтиб берди:

— Бобом Ҳазн Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганларида у зот сўрадилар:

— Исминг нима?

— Исмим Ҳазн.

— Йўқ! Сен Саҳлсан, — дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

— Отам қўйган исмни ўзгартирмасман, — деди бобом…

Шундан буён бизнинг авлодда ҳазн (қўполлик) бардавом…».

ТАЛАФФУЗДАГИ ИСМ

Биласизки, ҳали гапга тўлиқ тушунмайдиган бир неча ойлик гўдакларни ҳам исмини айтиб чақирганингизда ҳар бири ўзига хос реакция билдиради. «Ҳар бир сўз — ҳарфлар йиғиндисигина эмас, товушли қўзғатувчилар йиғиндиси ҳамдир. Турли товушли қўзғатувчилар миямизнинг у ёки бу қисмига турлича таъсир кўрсатади», дея ёзади рус психологи Павел Флоренский ўзининг «Исмлар» («Имена») китобида.  Демак, қулоғимизга азон айтилган вақтдаёқ миямизга ўрнашган ва умримиз давомида энг кўп эшитадиганимиз – исмимиздаги товушлар ўзининг оҳангдорлигига, майинлигига, жарангдорлигига ва ёки қаттиқ оҳангига асосланган ҳолда марказий асаб тизимимизга кучли таъсир қила олади, яъни, феъл-атворимизнинг шаклланишида иштирок этади.    

Одатда, кичик ёшдаги болаларнинг исми қисқартириб айтилади ва бундаги маъно бузилишларига эътибор ҳам берилмайди. Бу қисқартирилган исм билан чақиришлар боланинг марказий асаб тизимида ўзига хос ўзгаришлар ясаб, феъл-атворини нотўғри шакллантираётгани эса кўпчиликнинг ҳатто хаёлига ҳам келмайди. Масалан, фарзандингизга «мадҳга, мақтовга лойиқ инсон» маъносини берувчи Муҳаммад исмини берсангиз-у, уни «Мамат», «Маҳаммат» ёки «Мамаш» деб чақиришни одат қилсангиз, яъни, «Муҳаммад» дея тўлиқ талаффуз этилгандаги чиройли оҳангдорликни бузсангиз, бу боланинг феълида «мақтовга лойиқлик» сифатини шакллантира олмайсиз.  Муҳаммад Алини – Мамадали, Муҳаммад Юсуфни – Мамаюсуф, Муҳаммад Солиҳни – Мамасоли, Асадуллоҳни – Асатилла, Раҳматуллоҳни – Раҳматилла ва ҳоказо тарзида бузиб айтилиши ҳам исм эгасининг феълига салбий таъсир этади. Шу боис ҳам, исмга қараб инсоннинг характерини аниқлайдиган психологлар кишининг ҳужжатида ёзилган исми бўйича эмас, талаффуздаги исми бўйича таҳлил қиладилар.

Американинг «Huffington Post» нашри яқинда исмлардаги маъно ва оҳангдорликнинг инсон феъл-атвори ва тақдирига таъсири борасида Мичиган штатидаги Парапсихология университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижасини баён этувчи мақола чоп этди. Унда ёзилишича, исми қисқартириб ёки бузиб айтиладиган болаларнинг миясида товушлардаги чиройли оҳангдорликни илғай олиш хусусияти шаклланмайди. Кўпчилигининг табиатида қўполликка мойиллик, шошқалоқлик, беқарорлик сифатлари кузатилади. Олимларнинг фикрича, бундай болалардан нафосат, назокат, юксак ақл ва тартиб-интизом талаб этиладиган соҳа вакиллари етишиб чиқиши даргумон. Айниқса, қиз боланинг исмини қўпол тарзда бузиб айтиш унинг феълида қўполлик ва тўпориликни ривожлантиради.

Ушбу мақолада баён қилинишича, инсон ўзининг исмига уйқаш атамаларга алоҳида эътиборли бўлиб, бу нарса кўпчиликнинг ҳаётида ўзига хос ўзгаришлар ясайди. «Масалан, — дея ёзади мақола муаллифи Виктория Бернц хоним, — адвокатлар орасида Лоуренс ва Лаура исмли мутахассислар жуда кўп учрашини аниқладик. Сабаби, инглиз тилидаги lawyer (адвокат) сўзи Lawrence (Лоуренс) ва Laura (Лаура) исмларига уйқашдир».

БЕХАЙР МАЪНОЛАР

Имом Бухорий ҳазратларининг «Ал-адаб ал-муфрад» («Одоблар хазинаси») асарларида Абу Ҳадраддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Ушбу туяларимизни ким манзилга етказади? – дедилар. Бир киши:

— Мен, — деди.

— Исминг нима? – дедилар.

— Фалончи, — деди.

— Ўтир, — дедилар. Сўнг бошқа бир одам ўрнидан турди.

— Исминг нима? – дедилар.

— Фалончи, — деди.

— Ўтир, — дедилар. Сўнг яна бошқа бир одам ўрнидан турди. Ул зот:

— Исминг нима? – дедилар.

— Ножия, — деди.

— Улар сеники! Етакла уларни! – дедилар». Буни раҳматли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари шундай шарҳлаганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги карвонга сарбон бўлишни истаган икки кишининг исми яхшиликдан башорат маъносида эмаслиги туфайли уларга карвонни етаклашга изн бермадилар. Ножия деган исм эса «нажот» сўзидан олинганлиги учун, яхши башорат маъносида бўлганлиги учун карвонни етаклашни, туяларга сарбонликни ўша саҳобага ишониб топширдилар».

Пайғамбар алайҳиссалом исмларни инсон боласига хос, гўзал маъноли бўлишига алоҳида эътибор берганлар. Исм масаласига шу қадар эҳтиётлик билан ёндошганларки, ҳатто маъқул исмларни ҳам кўп ҳолларда бошқасига ўзгартирганлар. Имом Бухорий ҳазратларининг ёзишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Жувайрия бинти Ҳорис онамизнинг асл исмлари Барра («яхшилик» деган маънода) бўлган. Пайғамбар алайҳиссалом бу исм тилга олинганда бехайр маънолар келиб чиқмасин дея, (масалан, «Барра кетди» дейилса, «Яхшилик кетди», «Бу ерда Барра йўқ» дейилса, «Бу ерда яхшилик йўқ» деган маънолар юзага келмаслиги учун) у кишининг исмларини Жувайрия деб ўзгартирганлар. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўгай қизлари (Умму Салама онамизнинг қизлари) Барра бинти Абу Саламанинг исмини ҳам Зайнаб деб ўзгартириб, юқоридаги исмни қўймаслик кераклигини таъкидлаганлар.

Жобирдан ривоят қилинган ҳадисда айтиладики: «Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

-Агар яшаб турсам, ин ша Аллоҳ, умматимнинг бировини Барака, Нофеъ ва Афлаҳ деб номлашдан қайтарардим. «Бу ерда Барака борми?» дейилса, «Бу ерда Барака йўқ», дейилади, — дедилар…».

Араб тилида Нофеъ – наф берувчи, Афлаҳ – нажот топувчи, деган маъноларни билдиради. «Бу ерда Афлаҳ йўқ» дейилса, «Бу ерда нажот топувчи йўқ»деган маъно келиб чиқиши, бу гап қулоққа жуда хунук, ёмон башоратдай эшитилиши мумкин. Бу ҳадислар шунга ишоратки, исм қўяётганда унинг маъносига катта эътибор қаратиш, шу исм тилга олинганда нотўғри, хунук, бехайр маънолар келиб чиқмайдими – мана шуни ҳисобга олиш шарт. Фарзандига Умид, Ҳаёт, Нажот, Иймон дея исм қўяётганлар бу каби исмлар тилга олинганда ҳам юқоридагидай ҳолатлар юзага келиб қолиши мумкинлигини унутмасалар яхши бўлар эди.

ИСМДАГИ ИРИМ

Одамларимиз орасида ой номларини фарзандларга исм қилиб қўйиш одати кўп учрайди: Муҳаррам, Ражаб, Мавлуда, Ашур, Барот, Сафар… Шу ойларда туғилган чақалоқларга айнан шундай исм қўйилса, хайрли бўлади, дея ирим қиладилар. Лекин уларнинг мазмунига эътибор берилса, исмлар ғализ тус олади. Мисол учун, Муҳаррам – уруш ҳаром қилинган, урушлар тақиқланган ой, дегани бўлса, Мавлуда – ўзбек тилига «туғилиш» дея таржима қилинади. Ашур эса «муқаддас ўн куни бор ой», деган маънони билдиради. 

Ҳайит кунларида туғилган гўдакларга Қурбоной, Қурбонбой, Ҳайитбой, Ҳайитгул, Ҳайитхон каби, наврўз куни туғилганларга Наврўзбек, Наврўза, жума куни туғилганларга Жумабой, Жумагул, Одина каби исмлар бериш ҳам бир қадар урфга кирган. «Жума куни ўғил туғилса, унга Мусо, Яҳё, Закариё исмлари қўйилсин», маъносида келган ҳадиси набавий мавжудлигини унутгандекмиз.

Афсуски, исм борасидаги иримларнинг яна бир тури одамларимиз орасида кенг тарқалиб кетган. Айтайлик, бир оилада кетма-кет қиз туғилаверса, кейингиси ўғил бўлсин деган ният билан, охирги туғилган қизалоққа Ўғилой ёки Улдона деб исм қўядилар. Ёки туғилган болалар нобуд бўлаверса, «Шуниси ўлмай қолсин» дея, унга Ўлмас(ой), Турғун(ой), Турди(хон), Тўхта(хон) сингари исмларни қўядилар. «Қизимга Ўғилой деб исм берганим учун кейингиси ўғил бўлди», «Боламга фалон исмни қўйганим учун ҳам ўлмай яшаб қолди» деган тушунчалар ҳам жоҳилликдан даракдир.

Баъзи кишилар эса танасида қизил доғ ёки катта хол билан туғилган фарзандларига Анорбой, Анора, Ҳамро, Нортожи, Холтожи, Тожимурод, Холида, Холбек, Холдор, Холбиби, Бибинор, Холмирза, Холмурод, Норхол, Норбой, Нормўмин, Норқобил, Рўзихол, Гулнор каби исмларни қўядилар ва бола шундай номланса, танасидаги доғ йўқолиб кетади, агар шундай ном қўйилмаса, ўша доғ ёки хол боланинг бутун танасини қоплаб олади деб ишонадилар. Ваҳоланки, исм туфайли танадаги доғ ёки холларнинг йўқолгани ва ё кўпайиб қолганини ҳанузгача биров кўрган эмас…

ЭГИЗАКЛАР ЎЗ ИСМИ БИЛАН ТУҒИЛАДИМИ?

Исм қўйиш борасида ҳеч оғишмай амал қилиб келаётган яна бир одатимиз бор: эгизак фарзанд кўрсак, улар ўғил бўлса, албатта Ҳасан-Ҳусан, қиз бўлса, Фотима-Зуҳра дея исм қўямиз ва бу ҳолни ҳам кўпчилик диний негизга эга деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, эгиз фарзандларга айнан шундай исм қўйиш шарт деган ҳеч қандай кўрсатма йўқ. Ҳасан ва Ҳусан (аслида Ҳусайн) номи Пайғамбар алайҳиссаломнинг набиралари, ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг ўғиллари исми сифатида эъзозланиб қўйилади. Лекин, унутмаслик керакки, имом Ҳасан ва имом Ҳусайнлар эгизак бўлишмаган, уларнинг орасида икки ёш фарқ бўлган.

Эгизак қизларга ҳам албатта Фотима-Зуҳра деб исм қўйиш шарт эмас. Сабаби, Фотима онамиз эгизакларнинг бири бўлмаганлар. У киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг кенжа – тўртинчи қизлари бўлиб, тўртта сифат-номга эга эдилар, яъни: Заҳро (чиройли қиз), Розия (Худо ато этган тақдирга рози бўладиган қиз), Марзия (Аллоҳнинг розилигига эришган қиз) ва Робиъа (тўртинчи қиз). Демак, Фотимаи Заҳрога Зуҳро исмининг дахли йўқ. Эгизакларга албатта шундай исм қўйиш керак, деган тушунча ҳам мантиқий негизга эга эмас.

ТОШЛАРГА «ҲУРМАТ»

Ўтган асрда чақалоқлар уйда туғилганда, доя хотинлар айрим ҳолларда уларнинг киндигини турли асбоблар билан кесишга мажбур бўлишган экан. Ана ўшандай ҳолларда киндиги теша билан кесилган болага Тешавой, киндиги болта билан кесилган болага Болтавой, қилич билан кесилган бўлса, Қиличбек каби исмлар берилган. Киндигига ўралиб туғилган болани Ўролбой атаганлар. Бугунги кунимизда эса «темир-терсак исм»лар ўз ўрнини зийнатлар номига бўшатиб беряпти: Жавоҳир, Олтин, Кумуш, Олмос, Дурбек, Ёқут, Маржона, Садаф, Марварид…

Тўғри, бунинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ ва масала муҳокамага ҳам арзимасдай туюлади. Лекин инсон – Ер юзининг халифаси! Бу бетакрор зотга зийнат тошлари номини қўйиш нимани англатади: ялтироқ тошларга, мунчоқларга бўлган «чексиз ҳурмат»имизними?!

ИСМДАГИ ШИРК

Мусулмон оламида Аллоҳнинг сифатларини англатувчи гўзал исмларни ўғил фарзандларга қўйиш анъанаси мавжуд ва халқимиз ҳам бу анъанага содиқ. Лекин Яратган номларини исм сифатида қўйишда, албатта, «бандаси» маъносини берувчи қўшимчани қўшиш жоиз, масалан: Ваҳҳоб эмас — Абдулваҳҳоб, Жаббор эмас — Абдулжаббор, Азиз эмас — Абдулазиз тарзида…

Имом Табароний ривоят қилган ҳадиси шарифлардан бирида айтиладики: «Исмларнинг Аллоҳ таолога энг ёқимлиси «Унинг бандаси (қули)» маъносини берадиганидир».

Биламизки, расул – Худонинг элчиси, набий – илоҳий элчи, деганидир. Хўш, бизнинг янги туғилган фарзандларимиз пайғамбар ёки илоҳий элчими? Унда нега уларга шундай исм қўйяпмиз? Дейлик, Расул исмли ўғлингиз жаҳлингизни чиқарди, сиз: «Расул! Овозингни ўчир! Ҳозир адабингни бераман!», дедингиз ғазабланиб. Ана энди бу таҳдиддан қандай бехайр маъно чиққанига бир эътибор қилинг…

Кўп ҳолларда эса «банда», «қул» сўзини Расул, Набийга қўшиб, Абдурасул, Абдунаби деган «исм»лар ясаб, ўзимиз англамаган ҳолда шаккоклик қиламиз. Чунки, Абдурасул – пайғамбарнинг қули ёки бандаси, Абдунаби – илоҳий элчининг қули ёки бандаси, дегани бўлади. Қуръони Каримнинг «Аъроф» сураси 189-191- оятларида Момо Ҳаввонинг иблис макрига учиб, фарзандига «Абдулхарс – ернинг, деҳқончиликнинг қули, ер бандаси» деб ном қўйгани ширк деб аталган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзга яқин сифат-номлари бўлиб, уларга ҳам кўр-кўрона «абду», «абдул» қўшиб, «исм»  ясашдан эҳтиёт бўлиш керак.

Одамларимиз орасида Абдуманноф (талаффузда Абдуманноп) деган бир исм борки, уни кўпчилик Пайғамбар алайҳиссалом аждодларига оид исм, яъни, у зот бобокалонларидан бирининг исми деб билади. Аслида у лақаб бўлиб, «бут, санамнинг қули» деган маънони билдиради. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам бобокалонларидан бири бўлган Абдуманофнинг асл исми Муғийра бўлиб, у ашаддий мушриклардан эди ва туғилганида Маноф исмли бутнинг олдига олиб бориб, «Сен энди абдуманофсан, яъни шу бутнинг қулисан», дейишгани учун бу ном унга лақаб бўлиб қолган.

Шунингдек, қиз болага Санам, Гулсанам, Шоҳсанам исмларини қўйиш ҳам тавсия этилмайди. Санам – араб тилида «бут» деган маънони англатади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатига кўра, мусулмон одам фарзандига Шоҳруҳ исмини қўйиши ҳам жоиз эмас.

Қулоққа чиройли эшитиладиган Мафтуна сўзи араб тилида «ақли ўғирланган», «тўғри йўлдан озган», «бирор нарсага қаттиқ берилган»  каби салбий маъноларда ишлатилади. Шунинг учун ҳам бу сўзни исм сифатида қўйиш ножоиздир. Унутмаслик керакки, омма орасида урф бўлгани ёхуд қулоққа ёқимли эшитилгани учунгина ҳар қандай сўзларни болага исм сифатида бериш фарзанднинг ҳаққига хилоф қилиш ҳисобланади.

МАЪНОГА ДИҚҚАТ ЭТИЛМАСА…

Исм танлашда унинг асл маъносига эътибор бермаслик оқибатида, араб ва форс тилидаги кўп сифатлар, турдош отлар бизнинг тилимизда атоқли отга айланиб кетган. Масалан, адҳам – қора деган маънони билдиради. Бу сифат тарихда Балх ҳукмдори, валий Иброҳимга (қорачадан келган одам бўлгани учун) лақаб сифатида айтилган, яъни Иброҳим адҳам – қора Иброҳим деганидир.

Баҳром — Миррих (Марс) сайёрасининг форс тилидаги номи. Туроб эса «тупроқ» дегани бўлиб, Алишер Навоий ҳазратлари ҳам «Хамса»нинг «Садди Искандарий» достонида «туроб» сўзини айнан тупроқ маъносида ишлатганлар.

Араблар тўрғай қушини — «қамбар», арслонни — «ҳайдар», шерни — «асад», миниладиган туяни — «роҳила» дейдилар. Қадимда авлиёларга, эшонларга назр қилинган, бағишланган қизларни «назира» деганлар. Ғулом эса «ёш хизматкор», «қул» деган маънони билдиради. Мадина сўзи – араб тилида шаҳар маъносини англатса, Лайли – қора тун деганидир. Шу кунларда урфга кираётган Сафина исмининг маъноси – катта кемадир. Қадимий араб битикларида ҳам Нуҳ алайҳиссаломнинг кемалари «сафина» – яъни, улкан кема дея таърифланган.

Шунингдек, Зулфия — форс тилида «жингалак сочли» деган маънода қўлланса, Шаҳбоз — «катта бургут» маъносини билдиради. Жасмина – ёсуман гули номининг ғарбча талаффуз билан айтилиши, холос.

Ҳозирда «замонавий» исмлар сирасига киритилаётган «Динара»нинг ўзаги «динор» – араб пул бирлиги номидан келиб чиққан. Осиё эса қитъа маъносида келади, лекин талаффузда бу исмни бузиб, «Осия» шаклида айтилса, у «исёнчи, гуноҳкор аёл» деган маъно касб этиб қолади…

Шу ўринда «мирзо» атамаси ҳам асло исм ҳисобланмаслигини айтиб ўтиш даркор. Тарихда «мирзо» —  «амирнинг ўғли», «ҳарбий амалдорнинг боласи» деган маъноларни билдирган ва у туркийларнинг Барлос уруғи аслзодаларига нисбатангина қўлланган. Шу сингари, «тўра» ҳам исм эмас, қадим туркийларга хос атама бўлиб, мансабдор шахсларнинг унвони ҳисобланган.

Шундай экан, фарзандларга исм қўйишда ниҳоятда ҳушёр ва эътиборли бўлайликки, бу борадаги эҳтиётсизлигимиз, илмсизлигимиз уларнинг тақдирига салбий таъсир этмасин.

Дилфуза КОМИЛ

2018 йил 3 март сонидан олинди     

1+