БОПЛАБ ЁЗИБДИ!

Бу жумлани кўп эшитган, айтгандирсиз ҳам. Матбуот саҳифаларида асосли танқид ва жўяли фикр-мулоҳазаларни ўқиб қолсак кўпинча шундай деймиз-у, бир дардимиз аригандай енгил тортамиз (Бугунги янгиланиш даврида вақтли нашрларда ва ниҳоят танқидий руҳ устунлик қила бошлаганини сезгандирсиз). Тўғри-да, кимдир дилингдаги гапни айтса, сени ҳам қийнаётган иллат ҳақидаги бор ҳақиқатни очиб ташласа, юрагингга ботиб турган тугун ечилиб кетгандай бўлади. «Ана, боплаб ёзибди! Энди фалон муаммо ҳал бўлади, тўсиқлар йўқолади»,  деб қувониб кетади ўқувчи. Аммо афсуски, аксарият ҳолларда жараён худди шу ерда тўхтайди. Вақт ўтаверади, «фалон муаммо»нинг ҳал бўлишидан эса дарак йўқ…

Баъзан битта мавзу (айтайлик, қўшиқчиликдаги бемаъниликлар мавзуси) шундай чайналадики, «Энди бу нодон қўшиқчи ўзига келмайди, аниқ адо бўлди», деймиз. Йўқ, яна хомтама бўлиб чиқамиз: яна ўша бетамиз қўшиқлар бетаъсир клиплари билан телеканалларда айланаверади. Яна қизлар яримта кўйлакда, йигитлар тиззаси йиртиқ шимда саҳнага чиқаверади. «Танқид қилинди, энди шу саводсизлар дастидан қутуламиз», деб ўйлаймиз, лекин яна муҳташам лавҳа ва пештоқларда ажнабий сўзлар, хатолар «манаман» деб тураверади ва ҳоказо…

Нега шундай? Нега «боплаб ёзилганига» қарамасдан барибир ҳеч нарса ўзгармади? Бундайин бесамарликнинг сабаби нимада? Негаки, танқид қилинди, фикр айтилди, таклиф берилди, аммо орқасидан ҳеч ким, аввало муаллиф суриштирмади! Ҳаммамиз бир бўлиб, «боплаб ёзибди»дан нарига ўтолмадик! Кўнглини бўшатган мухбирнинг мақтовлардан боши осмонда, у ёғи билан иши йўқ. Ўқувчи эса ўзи айтолмай юрган гапини биров дангал айтганидан хурсанд. Аммо…вақт ўтиб, мухбирнинг худди йўқ нишонга ўқ отган овчидек ҳафсаласи пир бўлади, ўқувчи эса қўл силтаганча терс қарайди.  Бу орада янги мавзу топилиб қолади-ю, мухбир яна хумордан чиқиб ёзади, одамлар мақтаб-мақтаб ўқийдилар. Чунки боплаб ёзган бўлади-да!..

Нафсиламрини айтганда,  яхши ёзишнинг ўзи ютуқ. Бироқ, журналист учун ёзиш – кўнгил ёзиш эмас, холис муносабат, ҳаракатлантирувчи фикр билдириш эмасми? Жамиятдаги қайсидир бир қусурни бартараф қилишдек эзгу мақсадда ёзилган мақолани дахлдорларга етказа олган, кези келса шу масалага алоқадор ташкилот масъул ходимининг иш столига шартта ташлаб, жавоб талаб қилган ва мавзуга албатта қайтишини уқтира олган журналистгина бирон-бир натижага эришиши, одамларга наф келтира олишини англайдиган пайт келмадимикин? Айтиш керак, бу ўринда журналистдан ҳам кўра у фаолият олиб бораётган таҳририятнинг роли катта.

Танқид муҳим, аммо энг муҳими — унинг натижасидир. Акс ҳолда, «Ээ, булар ёзаверади, барибир ҳеч нарса ўзгармайди», деган аччиқ хулосага дучор бўламиз. Овозимиз айни биз куюниб ёзаётган муаммони бартараф қилишга қодир масъулларга етиб бормас экан, сўзни елга совурганимиз қолади, холос.

Гулчеҳра АСРОНОВА

2018 йил 20 январ сонидан олинди

1+