ТУПРОҚНИНГ ҚЎРҚУВИ

Мутолаа отамнинг энг яхши кўрган машғулотларидан эди. Ҳар сафар у кишини кўргани борганимда:

Хўш, бизга қанақа китоблар келтирдинг? — деб кутиб олардилар. Кўп китоб ўқиганлари учун ичлари тўла ривоят бўлиб кетган, ҳар бир ҳодисага, ҳар бир одамга бирор ривоят билан баҳо бериш у кишига чўт эмасди. Ҳозир сизга айтиб бермоқчи бўлган ривоятимни ҳам отамдан эшитганман.

Қадим замонларда бир қишлоқда яшовчи деҳқоннинг унча катта бўлмаган ери бор экан. Шу ер негадир ҳосил бермай қўйибди. Деҳқон шўрлик уни тиззагача ботадиган қилиб чопибди, гўнг солавериб, тупроқни тупроқ эмас, малҳам қилиб юборибди, ўтдан тозалабди, ҳатто қориларни олиб келиб «дам» ҳам солдирибди, барибир нафи бўлмабди – ер зиқналигича қолаверибди. Бу ҳол етти йил такрорлангач, деҳқон Хорун ар-Рашид ҳузурига бош уриб борибди:

— Олампаноҳ, аҳволим мана шундай, бирор чора кўрмасангиз бўлмайди.

Хорун ар-Рашид мийиғида кулиб, бир парча қоғозга нималарнидир ёзибди-да, деҳқоннинг қўлига тутқазибди:

— Мана шу хатни ерингнинг қоқ ўртасига кўмгин-да, яна бир йил экин-тикин қилиб кўр. Агар шунда ҳам ҳосил бермаса, майли, товонини тўлаб, сенга бошқа ер ажраттираман.

Деҳқон бу хатни сандиқчага солиб, ерининг ўртасига кўмибди. Ўша йили Худонинг қудрати билан шунақа ҳосил унибдики, етти йил давомида келган зарар ҳам қопланиб кетибди. Хурсандчилигининг чеки йўқ деҳқон роса ҳайратга тушибди. «Хатда нима ёзилган экан?» деган қизиқиш билан уни кавлаб олиб, ўқиб кўрибди. Мана унда нима битилган экан:

«Фармон қиламан, агар мана шу ер яна ҳосил бермаса, тарозудан уриб қоладиган савдогарлардан бири ўлганидан сўнг шу ернинг қоқ ўртасига кўмилсин!».

Эмишки, ер ўзига тарозудан уриб қоладиган савдогар кўмилишидан қўрққанидан деҳқоннинг етти йиллик ҳосилини ҳам қўшиб қайтарган экан…

Абдулла АЪЗАМ

2018 йил 20 январ сонидан олинди

1+