КИТОБДАН УЗР СЎРАЙМАН

Биз ўзгараётган замонда яшаяпмиз. Кейинги йигирма-йигирма беш йил асносида нималар ўзгаришга учрамади дейсиз?! Китобга муносабат ҳам шу жумладан. Биздан илгариги ва бизнинг авлод кишилари нисбатан анчагина китобий руҳда тарбия кўрганмиз. Китобий бўлганмиз. Китобда, газета-журналда нима ўқисак, ҳаётда ҳам шундай, деб ишонганмиз. Ибратли воқеаларни, намуна бўларли сиймоларни ўқиганларимиздан излаганмиз ва топганмиз ҳам. Сўнгги чорак аср мобайнида дунё миқёсида юз берган ва бераётган ўзгаришлар, жамиятда кечаётган жараёнлар ундай тасаввурларни чиппакка чиқариб юборди. Лекин мен шу борада ўзимни чиппакка чиқарилган деб ҳисобламайман, мен китобга ишонаман, китобга садоқатимни ўзгартирмайман!

Уйдаги жавонларга сиғмай қолган, ўз даврини ўтаган, деб ҳисоблаш мумкин бўлган китобларни чордоқда сақлайман. Лекин вақти келиб, бирор сабаб билан уларнинг бирортаси шу қадар зарур бўлиб қоладики, чордоқдан топиб, чанг-чунгини артиб, кўзларимга суртгудай бўлиб, олиб тушаман ва уларга жавонимдан жой топаман. Уни керак эмас, даври ўтди деб ҳисоблаганим учун КИТОБдан узр сўрайман. Айтмоқчиманки, ҳар бир китоб бамисоли бир одам, ҳар қандай одамни биринчи навбатда инсон бўлгани учун ҳам қадрламоғимиз, ардоқламоғимиз лозим. Ушбу мулоҳазалардан келиб чиқиб, китобни олтин ё кумушга ўхшатиш эҳтимол тўғридир. Лекин мен унчалик тўғри, деб ҳисобламайман. Моҳиятан, китобнинг қадри олтин-у кумушлардан қиммат!

КИТОБСЕВАРЛАР ҚАВМИ

Ҳар бир халқда китобсеварлар қавми бўлади. Улар бир-бирларини бир кўрганда танийдилар, сира бегонасирамай гурунглашиб кетаверадилар. Улар ўзларининг борликлари билан ўзига хос тарғиботчилик вазифасини ҳам ўтайдилар. Бошқаларни зиёга, билимга, билишга — зиёли ҳаёт кечиришга даъват этадилар. Афсуски, ҳамма жойда ҳам халқнинг умумий сонига нисбатан бундай қавмлар озчиликни ташкил этадилар. «Китобсеварлар» деб атаймизми ё бошқача ном бериладими, қатъи назар, китобга меҳри баланд ҳамюртларимизнинг бошини қовуштирадиган, уларнинг ҳолидан хабар оладиган, уларнинг оғирини енгил қиладиган маърифий вазифаларни адо этувчи нодавлат ташкилот зарур, деб ўйлайман.

ҲАҚИҚАТНИ ЭСЛАТУВЧИ БОЙЛИК

Китобни ўқишнинг ўзигина кифоя эмас, ўқилганининг маъно-мазмуни, моҳиятини уқмоқ ҳам керак. Қолаверса, ҳозир жуда кўп китобларни такрор мутолаа қиладиган даврда яшамоқдамиз. Замон, давр, қарашлар, тафаккурлар, муносабатлар ўзгараётган бир пайтда у ёки бу китоб ҳақидаги илгарилари шаклланган қарашларимизни қайта кўриб чиқишимиз, янгидан-янги хулосаларга келишимиз керак бўлаётган бир пайтда китобни тез ва тушуниб ўқиш алоҳида муаммо бўлиб қолмоқда. Китобни тўғри ўқиш ва тушуниб ўқишнинг нақадар зарурлигини, бунинг учун вақт озлиги, имкониятлар чекланганлигини ёшларимиз ҳозирданоқ билиб қўйишлари зарур. Ҳаёт эса кутиб турмаяпти — янгидан-янги китоблар шу қадар кўп чиқмоқдаки, уларни пешма-пеш ўқиш, ўзлаштириш ҳар бир зиёли инсон зиммасидаги маънавий мажбурият миқёсини кенгайтириб юбормоқда. Шахсан ўзим шахсий кутубхонамдаги китобларнинг барини бошдан охиригача ўқиганман, деб айтолмайман, лекин уларни жавонимда кўриб турсам, вақти-вақти билан варақласам, «чўқилаб-чўқилаб» ўқиб қўйсам завқ оламан, ҳузурланаман. Айтмоқчиманки, ўқиб улгурмаган китобларим ҳам менинг бойлигим, уларнинг жавонимда туришининг, менга жуда кўп ҳақиқатларни эслатаётганининг ўзи менинг маънавий бойлигим ҳисобланади.

СОЯДА ЯШОВЧИ ИЖОДКОР

Бизда профессионал ёзувчи йўқ ҳисоби… Профессионал ёзувчи бўлиш учун аввало, истеъдод, сўнг ўша истеъдодни юзага чиқарувчи ички меҳнат интизоми, муттасил мутолаа, ўзидан қониқмаслик ва айни чоғда қатъият бўлмоғи зарур. Қатъият деганда ҳар қандай миқёсдаги воқеа-ҳодисаларга нисбатан мутлақо шахсий нуқтаи назари ва мутлақо ўзининг муносабати бўлишини назарда тутяпман. Кимларнингдир ёки нималарнингдир таъсирида, соясида яшовчи ва шу таъсир доирасидагина қалам тебратувчи ижодкор катта ёзувчи бўлиши мумкиндир, лекин у ҳеч қачон йирик профессионал адиб, чинакам шахс мақомига кўтарила олмайди.

ОДАМЛАР ЎЗГАРМАСА…

Катта адабиёт анъаналардан воз кечилган жойда яратилади! Энг буюк асарлар ўзларигача ҳукм сурган анъананинг инкори ҳисобланади!

Аччиқ бўлса ҳам айтай, бутун бир миллий адабиёт битта Қодирий ё битта Чўлпон даҳоси соясида қачонгача ялпайиб ётади? Ахир, замон ўзгарди, дунёнинг ранглари ўзгарди, адабиётчи?..

Адабиёт ўзгармагунича одамлар ўзгармайди, ёки бўлмаса, одам ўзгармагунича адабиёт ҳам ўзгармайди!..

ИСТЕЪДОД МАНФААТИ

Адабиёт – инсонни тушунишга уринишдир. Ҳар бир ижодкор, ҳар бир асар инсонни қайтадан, янгитдан, мутлақо ўзгача нуқтаи назарлардан тушунишга ҳаракатдир. Бунинг учун ижодкор мумкин қадар дахлдорлик ришталаридан холи қолмоғи зарур. Ундаги бетакрор бадиий лаёқат бошқа ҳар қандай қадриятлардан устун ҳисобланади.

Истеъдод манфаати халқ, миллат, ватан манфаатларидан устун ҳисобланади. «Сиз Ирландия учун жонингизни берасизми?» деб сўрашган Жеймс Жойсдан. «Ирландия мен учун жонини берсин!» деб жавоб қайтарган адиб тап тортмай. Бу гапни эшитган заҳоти шўрлик ёзувчини сазойи қилишга ошиқмаслигимиз керак, зеро, Жойс исмли буюк ИСТЕЪДОД қолдирган ўлмас адабий мерос абадулабад ер юзида Ирландия деган давлат, ирланд деган миллат, халқ борлигини дунё аҳлига танитиб, эслатиб туради. Бу кичкина хизматми?!

АДАБИЙ ДИДСИЗЛИК

Бадиий ижод – Аллоҳ таоло бандаларига ато этган бемисл сеҳр, бетакрор жозиба, туганмас мўъжиза! Бадиий ҳақиқатсиз ҳаёт ҳақиқати жуда ғариб, ўта зерикарли бўлиб қолар эди. Бадиий реаллик ҳаёт реаллигидан бойроқ, шунинг учун ҳам, дейлик, бадиий адабиёт ҳақида сўз борар экан, уни ҳаёт ҳақиқатларининг исталган пучмоғига тортиб кетиш мумкин. Шу боисдан ҳам муайян бадиий асарни истаган киши истаганича талқин қилади. Бизда шўро давридан мерос қолган мезонлардан бири – бадиий асарни асосан теварак-атрофда бўй кўрсатиб турган воқелик қиёсида талқин қилиш, ундан ижтимоий ёки тарбиявий аҳамият излаш касаллигидан воз кечиш, айрим уринишларни истисно этганда, қийин кечмоқда. Бадиий асарда ҳаёт ҳақиқатини кўриш энг юксак чўққи ҳисобланади. «Вой, худди ҳаётдагидек тасвирлапти-я!» – дея ҳайратларга тушиш оддий китобхон учун узрли бўлиши мумкин, лекин бутун адабий жамоатчилик шу мезондан нарини, бошқа ўлчамларни билмаслиги ёки билишни истамаслиги маънавий фожеа! Адабий дидсизлик!

СИЁСИЙ РАСМИЯТЧИЛИКДАН ИНСОНИЙ САМИМИЙЛИККА

Сиёсат алоҳида бир ҳаёт реаллиги. Бу реалликдан ташқарида, чеккада туриб унинг ичида кечаётган жараёнлар устидан тўғри ва адолатли ҳукм-хулоса чиқариш қийин. Давлат арбоблари ёки сиёсий арбоблар ҳаётдан йироқ деган таъналар қулоққа чалинади. Бўлиши мумкин. Мен бундай таънани давом эттириб, сиёсатдан йироқ жуда кўп одамлар ҳам сиёсатни тўғри тушунишмайди деган бўлур эдим. Аслида бундай тушунмовчиликдан жудаям ажабланмаслик керак. Чунки, айтдим-ку, сиёсат ниҳоятда алоҳида бир реаллик, ўзига хос воқелик. Мана шундай – ҳаёт ва сиёсат воқелиги орасидаги тушунмовчилик вазиятларида ижодкор-сиёсатчи боғловчилик вазифасини, миссиясини адо этиш учун ҳам сиёсатга асқотади. Ижодкор сифатида айтсам, сиёсат дунёсидаги ўта расмиятчилик, ташқаридан қараганда димоғдорликдан фарқлаш қийин бўлган сиёсий маданият кўпда ёқавермайди. Шунда сиёсий расмиятчиликни оддий инсоний самимийлик даражасига олиб тушиш (эҳтимол, кўтариш!) йўлларини ўзимча излашга киришаман. Ўта жиддий сиёсий жараёнлар замирида ҳам, охир-оқибат жуда оддий, ҳатто жўн ҳаётий муаммолар ётади-ку, ахир. Сиёсатнинг, сиёсатчининг ҳам бирламчи бурчи, вазифаси ҳаёт учун хизмат қилиш-ку.

Сиёсат олами ёзувчига шу қадар кўп ижодий мавзу берадики, башарти мен, дейлик, шу оламни кўрмай-нетмай ижод билан машғул бўлиб юрганимда жуда-жуда кўп ҳақиқатларни билмай-нетмай яшаган, ёзсам – билмай-нетмай ёзган бўлар эканман… Бу борада, сиёсат ижодкор учун кони фойда…

МУХЛИСЛАР ЙЎҚОЛИБ КЕТМАЙДИ

Адабиёт ўлмайди, у яшайверади. Мухлислар доираси камайиши, сийраклашиши мумкин, лекин бутунлай йўқолиб кетмайди. Фикримча, ҳозирги даврни яқин ўтмишдаги вазиятга қиёслайвериш тўғри эмас. Кенг китобхонлар армияси сийраклашаётган экан, демак, ҳаёт ўзгармоқда, одамлар ўзгармоқда. Энди каттаю кичикни унча-бунча нарса билан ҳайратга солиб бўлмайди. Ахборот оқими шу қадар шиддатли тус олдики, бирорта янги топилма гапни наср ё назмга сингдириб улгурмасингиздан ахборот тўлқини унча-мунча ҳайратларни сўндириб улгурмоқда.
Ахборотлашган жамият – хилма-хил ахборот муттасил алмашиб турадиган майдон. Ахборотнинг хилма-хиллиги одамларни ҳам хилма-хиллаштириб юбормоқда. Бу борадаги вазият бундан 15-20 йил бурунги аҳволдан буткул фарқланади, чунки у пайтлардаги ахборот майдони ҳозиргидан кўра анча-мунча ғариб эди. Шу боис илгари айтарли қийинчиликсиз эътибори бир нарсага жалб этилган юз минг кишининг бугунги қизиқиш доираси шу қадар кенгайиб, хилма-хиллашиб, парчаланиб кетдики, энди ўша юз минг киши ўн, эҳтимол йигирма хил нарсага қизиқмоқда. Яъни, кимдир роман, шеър ўқишга қизиқишини сақлаб қолса, кимдир енгил-елпи фильмлардан қаноат ҳосил қилмоқда, яна бир тоифа кишилар «реппер»лардан завқ туймоқда.

Шуларга қарамай, ишончим комилки, жиддий адабиёт яратилаверади, у – яшайди!

Аввало, китобга меҳр қўйишдек инсон ҳаётининг э-энг саодатли туйғусини ардоқламоқ керак. Муҳтарам газетхон, ишонинг, Сизнинг қалбингизда ҳам китобга меҳр-муҳаббат туйғуси бор, Сиз фақат ундан бехабар қолманг, э-э, мен китобга қизиқмайман, деган сўзни оғзингизга олманг. Ўқисангиз-у, тушунмаган бўлсангиз яна ўқинг, синчковлик билан ўқинг. Астойдил, диққатингизни жамлаб ўқишга киришсангиз китобнинг ўзи, ундаги сўз ва жумлаларнинг ўзи сизга ёрдам беради, бундай мўжизали ҳолатни бошдан кечирсангиз китобга, мутолаага умрбод дўст тутинасиз-қоласиз. Шунда бу дўстликка ҳеч ким ва ҳеч қачон рахна сололмайди. Атрофингизга қаранг, китоб ўқийдиган ва мутлақо ўқимайдиган танишларингизни таққослаб кўринг, китоби бўлган ва китоб сақламайдиган оила кишиларини ўзингизча қиёслаб кўринг, ана шунда, ўзингиз бирдан ўзгариб қола бошлаганингизни сезасиз, аввалига қийналиброқ, зерикиброқ мутолаасига киришган китобингизни шитоб билан, завқ-шавқ билан ўқий бошлаганингизни сезмай  қоласиз! Албатта, ҳаёт йўлингизни аниқлашга, яшаш сирларини ўрганишга ёрдам берадиган китобларни диққат билан ўқинг, ҳаёт таърифига тил ожиз бўлган нақадар ширин, нақадар гўзал мўъжиза эканини билиб оласиз!

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД

2018 йил 20 январ сонидан олинди

0