МАСАЛЛИҚ «ПУЛЛАР»

Металл тангалар ва қоғоз пуллар зарб этилгунга қадар дунёнинг турли мамлакатларида бозор-ўчар, олди-сотди ишлари овқатларга солинадиган масаллиқлар воситасида амалга оширилган. Буни биз тарихий китоблардан, археологик қазилмалардан, сайёҳларнинг эсдаликларидан, халқ оғзаки ижодидан ҳамда тилимизда сақланиб қолган атама ва иборалардан биламиз. Мол айирбошлаш, сотиш ва харид қилишда ҳар жойда ҳар хил масаллиқлар фақат баҳо эталонигина эмас, оғирлик ўлчови сифатида ҳам қўлланилган. Мисол учун, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва бошқа олимларимизнинг асарларида дори-дармонларни ўлчаш учун данак (ўрик данаги), жавза (ёнғоқ), бавза (бодом), шиъара (арпа дони), нуқот (нўхат), боқилло (ловия), аруза (гуруч) каби масаллиқлар қадоқ тош вазифасини ўтаганлиги ёзилган.

БАЛИҚ «ПУЛЛАР»

Ўтган аср ўрталарида рус археологлари Новгород шаҳрининг тарихини ўрганиш мақсадида қазув ишлари олиб бораётганларида қайин дарахтининг пўстлоғига ёзилган аллақандай хатларни топиб оладилар. Топилма XIII асрга оид бўлиб, унда ўша даврда қоғоз ва металл пуллар муомалага киритилган бўлишига қарамай, қадимги удумларга кўра бозорларда нарх-навони белгиловчи эталон сифатида лосос балиғидан фойдаланилгани ёзилган экан. Балиқ тез айнигани сабабли, ундан «пул» сифатида фойдаланмоқ учун олдин балиқни яхшилаб тузлаганлар ёки қоқлаганлар. Бозорларда қоқ балиқ ёки тузланган балиққа исталган нарсани харид қилиш мумкин бўлган. Қадимда балиқ ови машаққатли кечгани учун ҳам унинг «пул» сифатидаги қадри баланд бўлган.

Қадимги Исландияда эса треска балиғи «пул бирлиги» вазифасини ўтаган.

МУРЧ «ПУЛЛАР»

Ўрта асрларда Цейлон, Ява оролларига ва Ҳиндистонга қатнайдиган савдогарлар ёнларида ҳамён ўрнида мурч қопларини олиб юрганлар. Чунки ўша даврларда мурч тилла каби қадрли бўлган ва бир қоп мурчга эга киши бадавлат ҳисобланган. Мурч доналари бозорларда пул вазифасини ўтаган бўлиб, кимга нима керак бўлса, мурчдан санаб бериб, олиб кетаверган. Мурч «пуллар» қадимда Перу ва Боливияда ҳам амалда бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Мурчнинг бу қадар қадрланиши унинг шифобахш неъмат экани билан ҳам боғлиқ. Чунки  мурч – таомларга лаззат бахш этувчи зираворгина эмас, балки терлатувчи, овқат ҳазмини тезлатувчи ва ҳар хил микробларга қирон келтирувчи дори ҳамдир.

КАКАО «ПУЛ»

Мексикада қадимдан то XVI асргача ловия ҳамда какао дони «пул» вазифасини ўтаган. Мексикаликлар бу неъматларни шифобахш хусусиятлари учун қадрлаб, уларни исталган нарсага алишаверганлар. Зеро, ловия тўқтутар оқсил манбаи бўлиб, буйрак касалликларига даво ҳисобланади. Какао эса танадаги қон айланишини яхшилайди, бош оғриғини қолдиради, уйқуни мўътадиллаштиради, кишига куч-қувват бағишлайди.

 

ХУРМО «ПУЛ»

Бир вақтлар араб саҳроларида кўчманчилар учун пул вазифасини хурмо меваси ўтаган. Сувсиз саҳроларда ўсадиган бирдан-бир мева ҳам шу бўлганлигидан унинг қадри баланд бўлган.

ЧОЙ «ПУЛ

Ўрта асрларда Монголияда бир бўлак чойга битта қўй ёки эчки, ёхуд иккита тери ё битта кигиз алмаштириш мумкин бўлган. Марко Поло ўз саёҳатномасида бунга батафсил тўхталиб ўтади.

ТУЗ «ПУЛЛАР»

Руснинг улуғ олими Михаил Ломоносов асарларида туз тўғрисида қизиқарли маълумотлар ёзиб қолдирилган. Шулардан бирида, XVIII аср ўрталарида (яъни, олим яшаган даврда) Эфиопияда муштдай-муштдай тўрт бўлак тузга битта қулни алмаштириш мумкин бўлганлиги айтилади. Академик А.Ферсманнинг ёзишича, Африка қитъасининг туз танқис жойларида бир ҳовуч тузга бир ҳовуч тилла алмаштириш мумкин бўлган экан, яъни, бундан бир ярим асрлар муқаддам шундай бўлган. Ўша вақтларда у ерларда туздан пул ясалган ҳам. Яъни, тузнинг катта кристалларидан эни 5, узунлиги 65 сантиметр, оғирлиги 600 грамм келадиган тахтакач қирқиб олиб, тўртга бўлинадиган «пул» тайёрланар экан. Бундай туз «пуллар» (сотиб олинадиган нарсанинг нархига қараб) бутунлигича ёки бўлаклаб ишлатилган.

Марко Поло ўз саёҳатномасида XIII асрда Хитойга борганида туздан пул ясалишини ўз кўзлари билан кўрганлигини қайд этади. Унинг ёзишича, хитойликлар танга тайёрлаш учун сувли идишга туздан оз-оздан солиб, эрита берар эканлар. Намакоб жуда қуюлиб, туз эримайдиган бўлганда оловга қўйиб қайнатилар экан. У қайнаб, қуюлиб, бамисоли хамир ҳолига келганда, ундан ёнғоқдай-ёнғоқдай зувалачалар узиб олиб, яссилаб, устига император муҳрини босишар ва буларни обдон қизитилган ғиштлар юзасига териб, махсус ўчоқларда пиширишар экан. Сайёҳнинг қайд этишича, бундай туз «пуллар» худди металл тангалардай жиринглар ва синмас экан.

ҚАТТИҚ НОН «ПУЛ»

Аляскани кашф қилган тадқиқотчиларнинг маълумотларида, бу жой аҳолисининг бозордаги олди-сотди муомаласида қаттиқ нонлардан фойдаланганлиги қайд қилинган. Ўша вақтларда аляскаликлар нонни маълум катталикда кесиб, печкада қуритишар ва бунга бозордан истаган нарсаларини алмаштириб олишар экан.

ПИШЛОҚ «ПУЛ»  

Масаллиқ «пуллар» фақат ўтмишдагина эмас, бизнинг асримизда ҳам мавжуддир. Масалан, Бутан мамлакатида. Бу Ҳимолай тоғларининг шарқида жойлашган кичкина қироллик бўлиб, бозорларида пишлоқ пул вазифасини ҳам ўтайди.

Гарчи бу ерда маҳаллий пул бирлиги – тикчунг ва ҳинд рупияси амал қилишига қарамай, олди-сотди ишларида маълум катталикда кесилган пишлоқдан ҳам пул сифатида фойдаланиб турилади. Мабодо ўша томонларга йўлингиз тушиб қолса, бозорда сизга қайтим ўрнига бир бўлак пишлоқ беришса, ташаккур айтиб, рози бўлиб кетаверинг.    

ГУРУЧ, БУҒДОЙ, МАЙИЗ, ҚУРУТ, НОН «ПУЛЛАР»

Маълумки, Ўрта Осиёда, хусусан Ўзбекистонимизда тарихда босқинчиликлар ва ўзаро урушлар кўп бўлган, хон ва султонлар тез-тез янгиланиб турган. Бу воқеалар пул курсининг пастлаб ёки юқорилаб кетишига сабаб бўлган. Шу сабабли, кўпгина ўзбек қишлоқларида пул эталони вазифасини гуруч, буғдой, қурут, майиз каби масаллиқлар ўтаган. Масалан, ўша вақтларда 2 қадоқ гуруч ёки 4 қадоқ майизга 1 қадоқ гўшт олиш мумкин бўлган.

Тилимизда «қурутдек санаб бердим» деган ибора ҳалиям бор. Бир вақтлар сузмадан ёнғоқ катталигида қилиб юмалатиб, офтобда қуритилган қурутлар майда пул вазифасини ўтаган ва бу ибора ўшандан қолган. Чунончи, баққолдан бирон нарса харид қилинса, баққол кўпинча қайтимига бир неча дона қурут бериб, харидорни рози қилган. Шунингдек, баққолдан арзон-гаров, майда-чуйда нарсаларни ҳам қурутга харид қилиш мумкин бўлган.

XIX асрда бозорларимизда масаллиқ айирбошлаш одати мавжуд эди. Масалан, ўшанда 10 дона анжирни 50 дона бодрингга ёки бир бош олий нав узумни бир дона нонга айирбошлаганлар.

Дарвоқе, ўша вақтларда юртимизнинг кўп жойларида мардикорнинг иш ҳақига нон бериш одат бўлган.

Ишнинг оғир-енгиллигига қараб, мардикорлар 10та, 20та нонга ишлаганлар. Тилимиздаги «нон топиш» ибораси ана ўшандан қолган: «Бу бола нонини топадиган бўлиб қолди» (вояга етиб, қўлидан бирор иш келадиган бўлганлигини англатади), «Нони доим бутун» (кишининг яхши бир ҳунарга ёки касбга эга эканини англатади), «Нон топмайди» (ишламайди, рўзғор тебратмайди, дангаса деган маъноларни англатади) ва ҳоказо.

Этнографияга оид асарларда Ўрта Осиё бозорларида буғдой ҳам тўлов вазифасини ўтаганлиги қайд этилган. Масалан, кулоллар ўзлари ясаган идишларни пулдан ташқари буғдойга ҳам сотганлар: кимга қандай идиш керак бўлса (кўзами, хумми), ўша идишни буғдойга тўлдирган — дон кулолники, идиш харидорники бўлган.

Қадимда масаллиқ «пуллар» билан савдо қилиш, ўз меҳнат маҳсулотларини қиймат сифатида бир-бири билан айирбошлаш асносида одамлар ўзларининг меҳнатларини бошқаларнинг меҳнати билан тенглаштирганлар. Яъни, нарсанинг баҳоси меҳнат билан ўлчанган.

Абдукарим МАҲМУДОВ тайёрлаган

2018 йил 12 ноябр сонидан олинди    

1+