БАХТСИЗ ҚИЛАДИГАН МАҚСАДЛАР

…Олдимизга мақсад қўйишимиз жуда осон. Исталган биримиз келгусида бажаришни мўлжаллаган ишларнинг узун рўйхатини тузишимиз, кейин эса… уни бир чеккага суриб қўйиб, аввалгидек яшашда давом этишимиз мумкин.
Бу муаммо баъзан жуда кўп одамлар учун катта тўсиққа айланади. Лекин огоҳлантириб қўяй, сизни кундан кунга, йилдан йилга узоқ ва тиним билмай меҳнат қилишга мажбурлайдиган, ўзингиз ва суйган одамларингиз учун ҳам вақт қолдирмайдиган ҳар қандай мақсад — бу мақсад эмас, балки ҳукмдир. У сизни — моддий фаровонлик ва муваффақиятга эришасизми ё йўқми, қатъи назар — бахтсиз турмуш кечиришга маҳкум этади.

***
Буюк рус ёзузчиси Лев Толстой одамлар аслида бахт-саодат келтирмайдиган аллақандай мақсадларга эришишга уриниб, ҳар доим мағлубиятга учрашлари ҳақида ажойиб бир ривоят ёзиб қолдирган. Пахом исмли бир деҳқон агар менда ҳам, худди бойлардагидек, жуда кўп ерим бўлганида, улкан муваффақиятга эришган бўлардим, деган ишонч билан яшайди. Буни ўз ҳаётининг бирдан-бир мақсади деб ҳисоблайди. Ниҳоят, бир куни келиб унга таклиф қилишади: тонгдан шомга қадар қанча ерни югуриб босиб ўтсанг, ҳаммаси сеники бўлади, деган шарт қўйишади.
Пахом бу ажойиб таклиф қилинган олис ўлкага кўчиб бориш учун ўзининг бор буд-шудини сотади. Йўлда кўп азоб-уқубатларни бошдан кечириб, манзилга етиб келади ва эртагаёқ ўзининг улкан орзусини амалга оширишга тайёр эканлигини билдиради.
Эрта тонгдан Пахом икки оёғини қўлига олиб, шитоб билан югуришга тушади. У олдида фақат ўз мақсадини кўради ва унга эришиш учун атрофга ҳам, жазирама иссиққа ҳам қарамай, олға интилади. Кун бўйи у тезликни пасайтирмай, еб-ичиш ёки дам олиш учун ҳам тўхтамай югуради. Унинг ер-суви соат сайин кўпайиб боради. Ниҳоят, қуёш уфқ ортида кўздан йўқолиб, ерга қоронғи тушгач, Пахом маррага етиб келади. Ғалаба! У ўз мақсадига эришди! Муваффақият!
Бироқ… сўнгги қадамни ташлаб, Пахом силласи қуриб ерга йиқиладию, жони узилади. Энди унга керак бор нарса — фақат бир неча метр қора ер, холос…

***
Бу кун ҳам, худди бошқа кунлар сингари, Парвардигорнинг сизга қилган алоҳида инъоми. Олдингизга шундай мақсадлар қўйингки, уларга эришиш кун охирида сизга қувонч бахш этсин. Уларнинг айримлари сизга кун давомида қувонч ва таскин бахш этса ҳам майли. Кундалик вазифаларингизни шундай режалаштирингки, улар сиз ўз орзуларингизга эришиш сари ташлаган алоҳида қадамлар бўлсин. Муваффақиятга эришиш учун бор имкониятингизни ишга солинг. Борди-ю, бугун муваффақият қозона олмасангиз, уринишларингизни эртасига давом эттиринг.
Рим файласуфи Сенека шундай деган эди: «Бугунги кунидан қувонган, ўтмишга қарам бўлмаган ва келажакдан қўрқмайдиган одам чинакам бахтлидир. Умид ва хавотирлар билан ўзимизни алдамай, борига қаноат қилмоғимиз даркор, зеро шукр қилган одам ҳеч нарса истамайди. Инсониятнинг энг буюк неъмати инсонларнинг ўзида. Доно одам ўз қисматига — у қандай бўлмасин шукр қилади ва ўзида йўқ нарсага эга бўлишга интилмайди».

***
Узоқ ва мазмунли ҳаёт йўлини босиб ўтган, ўз истеъдоди ва меҳнати билан моддий фаровонликка эришиб, бутун дунёда тан олинган америкалик буюк бир комик актёр берган интервьюларидан бирида ўз муваффақиятига доимо шубҳа қилганини тан олганди. «Баъзан эртага эрталаб уйғонаман-у, ҳаммаси ғойиб бўладигандек, кимдир келиб: «Бўлди, оғайни. Сен учун ҳаммаси тугади», дейди-ю, мен унга ишонадигандек бўлиб туюлади», деганди у. Ёши олтмишдан ошганига қарамай, бу ҳар томонлама қобилиятли одам худди Пахомга ўхшаб югуришда — театрлар, клублар, кино ва телевидениеда пайдо бўлишда давом этмоқда. Унинг мухлислари бундан, албатта, хурсандлар. Бироқ, мен унинг баъзида тўхташи ва атиргулларнинг сўнгги гулбарги тўкилиб тушмасидан, уларнинг атридан баҳра олишини истардим.
Биз ҳаммамиз ҳаёт гирдобида айланамиз. Шопенгауэр айтганидек, агар инсон йиқилишни истамаса, худди дорбоз янглиғ арқонда мувозанатни сақлаб, тинимсиз олға интилиши керак. Бу нақадар ачинарли! Аммо, ишончим комилки, бундан яхшироқ яшаш ҳам мумкин…

Ог Мандинонинг «Яхши яшаш сири» китобидан олинди

2018 йил 2 феврал сони

1+