«ПОЧЧА» НИМА ДЕГАНИ?

Сотиб олди бора-бора Сотволди шаклини олгани, Муҳаммад Амин кейинчалик Мадамин, сўнг Дамин бўлиб кетганидай, кўп қўлланадиган сўзлар анча-мунча қисқаришга учраши бор гап. Аммо бир сўз бошқа бирон сўз ёки сўз бирикмасининг ихчамлашган шакли бўлиши учун уларнинг маъноси муштарак, мазмуни ҳам қарийб бир хил бўлиши шарт.

Жалолобод вилоятидаги Поччаота деган жой ҳозир Пошшоота деб қайта номланди. Бунда «подшоҳ» сўзи талаффузда «почча»га ўзгарган, деган мулоҳазадан келиб чиқилган. Зеро поччаота сўзининг маъноси йўқ: ота почча эмас ва почча ҳам ота бўла олмайди. Отанинг подшоҳ бўлиши эса ҳақиқатга яқин келади.

«Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да почча ўзбек сўзи, яъни туркий калима деб берилган. Аммо туркий тилларнинг этимологик луғатларида, жумладан «Ўзбек тилининг этимологик луғати»да ҳам, бу сўз учрамайди. Бинобарин, унинг туркий қатламга мансублигини қатъий белгилаш амри маҳол. Қизиқки, бошқа ҳеч бир туркий тилда почча сўзи учрамайди. Демак, айни калиманинг туркий сўз экани гумон. Ундай десак, араб тилида «П» товуши йўқлигининг ўзиёқ поччанинг арабча сўз эмаслигини кўрсатади. Форсий луғатлар («Фарҳанги забони тожики», «Ўзбек тилига ўзлашган форсий сўзлар» ва ҳ.)да ҳам бу сўз учрамайди. Тожикларда почча ҳам, куёв ҳам бир хилда домод, оилали эркак – эр эса шавҳар деб аталар экан. Ажаб, почча сўзи қайси тилга мансуб?

Ўзбек тилида аёлнинг ука ва сингиллари унинг эрини почча дейишади. Ҳозир бу семантик майдон сал кенгайган: амма ва холанинг эри ҳам почча деб аталади. Бора-бора айрим жойларда ёши катта эркак кишини ҳурмат юзасидан почча деб чақириш ҳам оммалашган (амаки, ё тоға дегандай).

Аммо қадим туркий хоссалар кўпроқ сақланиб қолган баъзи шеваларимизда опанинг эрига почча деб эмас, язна деб мурожаат қилинади. Шунга мувофиқ, бошқа аксар туркий тилларда язна сўзи жезде, езне каби вариацияларда келади, аммо почча дейилмайди.

Почча сўзи язнадан кейин пайдо бўлган ва дастлаб кўчма маънода қўлланган. Аммо ўзбек тилида почча сўзи ҳозир язна ўрнини эгаллаб олиб, унинг қўлланиш ареалини торайтирди, энди язнанинг ўзи шева сўзи ҳисобланади (Ўзбек тилининг изоҳли луғати, 5-жилд, 100-бет).

Бизнингча, почча подшоҳ сўзининг ассимиляцияланган кўриниши. Унинг шаклланиш йўли қуйидагича: шоҳ сўзи олдига улуғликни ифодаловчи «под» шаклини қўшиш  орқали подшоҳ сўзи юзага келган (ҳиндларда рожанинг мартабаси баландлигини кўрсатиш учун унинг олдига «маҳа» қўшиб, маҳарожа сўзи ясалгани каби); сирғалувчи жарангсиз Ҳ бўғиз товуши талаффузда тушиб қолиб, подшо шаклини олган; подшо сўзи ўртасида ёнма-ён келган д+ш товушлари регрессив ассимиляцияга учраб, пошшога айланган; тил олди, жарангсиз сирғалувчи ч ва ш ундошларининг алмашиб (чол-шал, шўрва-сорпо ва ҳ.), пошшо – поччага айлана борган. Форс-тожик тилида подшоҳ ассимиляцияланмай, подшоҳ деб тўлиқ талаффуз қилинади. Пошшо – поччага айланишида энг мушкул ҳолат Ш товушининг Чга эврилиши десак, аслида бу табиий ҳол, чунки Ч аслида бирикма товуш (Т+Ш) бўлиб, Ч билан Ш ўзаро энг яқин, бир-бири билан алмашиниб туради.

Тиллар сўз олибгина эмас, олинган сўзларга янги маъно юклаш орқали ҳам бойиб боради. Тожик тилидан ўзбек тилига подшоҳ сўзининг кириб келиши ва муайян семантик майдонда поччага айланиши бунга мисол. Аммо қарангки, баъзи жойлардаги тожиклар поччани ўзбеклардан қайта қабул қилиб олиб, сингил ёки жияннинг эри (куёв)ни – укапоччо деб, опа, амма ё холанинг эри (почча)ни эса – акапоччо деб аташга ҳам ўтганлар.

Албатта, булар тилга оид жиҳатлар, аммо савол туғилади: нега энди язнани подшоҳ деб аташ керак экан? Бунга қанақа зарурат бўлган?

Барчага аён: ҳар бир элат, қабила ва халқнинг ҳаёт тарзи унинг тилига ҳал қилувчи таъсир ўтказади. Бинобарин, маълум бир қариндошнинг подшоҳ деб аталиши ўзбек халқининг турмушига, урф-одат ва удумларига алоқадор бўлиб чиқса, ажаб эмас.

КУЁВНИ ПОДШОҲ ДЕБ ЭЪЗОЗЛАШ

Эътибор қилсангиз, бизда куёв ғоятда эъзозланади, унга алоҳида эҳтиром кўрсатилади. Эски замонларда юқори мартабали эмас, оддийгина, масалан, бирон косиб куёв қайнотанинг уйига борадиган бўлса, у уйда эмас, кўча бошида, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар иштирокида кутиб олинган, шу қариндош-уруғ ва маҳалла ҳам уни куёв санаб, эъзозлаган. Куёвни пайғамбарлар ҳам сийлаган дея, куёв томон қудалар келин томон қудалардан кўпроқ иззатланишини ҳам табиий қабул қиламиз. Албатта, бу ҳурмат ўз йўлига, аммо масаланинг тарихий илдизлари бирмунча теранроқ.

Ўзбек тўйларида ҳали-ҳамон сақланиб келаётган айрим удумлар аслида қадимги даврлардаги бутун-бутун ритуалларнинг ўчиб-ўнгиб кетган, хийла қисқарган, ҳозирга келиб фақат шакли бир қадар сақланиб қолган қисми (рудименти) экани ҳеч кимда эътироз уйғотмайди. Чунончи, тўйда келинни олиб кетиш учун куёв унинг яшаётган қишлоғи ёки маҳалласига ёр-дўстлари – ўзи тенги ёшларни олиб боради.  Бу ёр-дўстлар куёвнавкар деб аталади. Навкар эса, маълумки, аскар (жангчи) дегани. Улар келиннинг уйига дутор ё ғижжак чалиб эмас, қадимги жанг чолғулари бўлмиш карнай ва ноғора садолари остида қийқириқ, тўс-тўполон билан етиб боришади. Куёвнавкар йигитлар ҳам ёр-ёр айтадиган жойлардаги ёр-ёрларни тингласангиз, уларнинг ҳам қизлар айтадиган майин ва дилрабо ёр-ёр бўлмай, бор овоз билан ҳайқириб айтиладиган бирмунча ваҳимали ёр-ёр эканини пайқайсиз. Бу қисқа қўшиқ аслида жанг урҳосининг тўкилиб-сочилиб қолган унсурларидир. Кузатсангиз, катта ёшли одамлар, болалар тўйнинг шу қисмида – келинни олиб кетишда қатнашмайди. Нега? Негаки, улар жанг қилиш ёшида эмас. Дарвоқе, бу пайтда куёв алоҳида муҳофазага олинади – у нафақат куёвнавкар қуршовида бўлади, ҳатто айрим жойларда куёвни таниб олмасликлари учун бир неча жўра у билан бирга бошига тўн ёпиниб тўйхона сари илгарилашади. Бу дегани, аслида куёв келин томонга зирҳли кийимлар кийиб, ўзларини билдирмаслик учун кўпинча қоронғу тушганда тўсатдан ёпирилиб, жанг қилиб кириб бориши ва келин томоннинг қарши турган кучлари устидан ғолиб чиқиб, келинни олиб кетиши сюжети ҳозирга қадар тўйларимизда такрорланишини билдиради. Ёдингизда бўлса, яқин йилларгача келиннинг маҳалласидаги йигит-яланглар куёв томоннинг навкарлари йўлини тўсар, муштлашишар, ғижиллашар, қоронғида отилган тошлардан қанча бошлар ёрилар, отлар ҳуркитилар, йўллар қазиб ташланар эди. Илгари ҳатто қиз яширилган уйда ҳам куёв тараф билан келин тарафнинг сўнгги олишуви юз берган бўлиб, чимилдиқли уйда икки тараф аёлларнинг арқон тортишуви унинг қолдиғи. Буларнинг барчаси энг қадимги удумлар амал қилган замонларда подшоҳнинг ўз навкарлари билан етиб келиб, қарши кучларни енгиб, подшоҳ сифатида эътироф этилиб, шундан сўнг зўрлик қилиб келинни олиб кетиши воқеалари «шоҳона тўй» сифатида эътироф этилганини кўрсатади. Бундай тўй тарзи қиз томон қудалар тарафидан ҳам эътироф этилган, зеро у келиннинг шунчаки эриникига кўчиб ўтаётганини эмас, кимсан подшоҳнинг назарига тушиб, кўп талофотлар эвазига қўлга киритилган малика мақомига кўтарилганини билдирар эди.

Ўзбек тўйида куёвга келиннинг уйида сарупо кийдирилади, бошига тайёр салла қўндирилади ва куёв энг тўрга (қадимда – тахтга) ҳурмат билан ўтқазилади (ўтмишда ҳар бир уруғ, қабиланинг ўз туғи, тахти бўлиб, олимларнинг айтишича, тилимиздаги тагли-тахтли одам дегани аслзодаликни билдирган). Салла қўндирилади, дейишимизнинг сабаби шуки, бу салла намоз ўқишга эмас, подшоҳлик белгиси бўлмиш тож қадашга мўлжалланган бўлиб, махсус ясалади. Ўша ондан – бошига тож қўйилган дамдан бошлаб куёв йигит келин хонадони учун почча (подшоҳ)га айланади. Ҳатто энг замонавий, ғирт европача тарзда, ҳашаматли ресторанларда ўтаётган бугунги тўйларда ҳам куёвбола тож қадалган саллани бошига қўйиб, эгнида шоҳона зарчопон билан тўйхонага кириб келади ва келин тараф ўша ондан бошлаб уни почча (подшоҳ) дея эътироф этади.

Тўй, айниқса никоҳ тўйи – инсон ҳаётида бир марта бўлиб ўтадиган энг бахтли кун. Куёв ўша куни илгари ҳеч қачон киймаган анвойи либосларни кияди, аввал ҳавас қилишга ҳам ботина олмаган арғумоқни миниб (ҳозир энг ажойиб енгил машинада) келин тарафга боради; бу унинг подшоҳ бўлган ва бундан кейин доимо келиннинг укалари ва жиянлари тарафидан подшоҳ (почча) деб аталиши бошланадиган  шоҳона кунидир

Куёвни подшоҳ деб эъзозлаш Европа халқларида ҳам бор. Чунончи, рус тилидаги «венчание» аввало, подшоҳга тож кийдириб тахтга ўтқазишни, шунингдек, никоҳлаш чоғида куёвнинг бошига тож кийдиришни билдиради. Кўрамизки, куёвни иззатлаш кўп халқларга хос бўлиб, уни подшоҳ деб эътироф этиш ҳам бирмунча кенг тарқалган удум экан.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

2018 йил 16 апрел сонидан олинди

1+