СУҚРОТ БУ… СОКРАТ! (воқеий ҳангома)

Бир куни уч-тўрт файласуф дўстлар билан гурунглашиб қолдик. Ўша кезларда битта мунаққид олимнинг бир газетада босилиб чиққан «Суқротнинг қотиллари» мақоласи устида гап кетди. Ҳар ким ҳар хил фикр айтди.

— Адабий танқидчи бўлсанг, фалсафага бурнингни тиқиб нима қиласан?! – дегувчилар ҳам бўлди.

— Рост-да, — унга қўшилди яна бир таниқли файласуф, академиянинг мухбир аъзоси, давлат мукофоти совриндори. — Айтгандай… Суқрот деганинглар ўзи ким?

Ҳангу манг бўлиб қолдим.

— Ким бўларди,ўзингизнинг бобонгиз-да, — дедим кесатиб.

— Қанақасига менинг бобом бўлсин! – араз оҳангида ғўлдиради димоғдор арбоб. — Менинг бобомни етти даҳа танийди. Менинг бобом — Фалончи хўжа!

— Йўқ, тақсир, Сизнинг бобонгиз – айнан Суқроти ҳаким, – дедим мен кулиб юборишдан аранг ўзимни тийиб. — Худди менинг бобом ҳазрат Навоий бўлганлари сингари.

— Кўриниб турибди, кимлигингиз бобонгиздан маълум…

Баттар ҳайрон бўлдим. Нима бу? Таҳсинми ёки пичинг?

Даврада ўтирганлардан бири менга кўзойнаги остидан маъноли қараб, кўзини қисди. Билдимки, у сал «анақароқ»…

Академиянинг мухбир аъзоси ўзини фош этишда давом этди. Чамамда, Суқрот бобоси эмаслигини исботлаш учун ўзининг етти пуштини номма-ном санашга миясини пешлаётган эди.

Шу топда кимдир ишни бузди: Суқрот – бу … «Сократ» эканини эслатиб қолди.

— Э, шундайми ҳали? Ўзимизнинг Сократ денг!.. – худди Американи кашф этгандай хитоб қилди у.

Мен ҳазрат Алишер Навоийдан сўз очиб, «Хамса»да Афлотун, Арасту, Файлақус, Луқмон, Буқрот, Хурмус, Фарфинюс, Суқрот сингари қадимги юнон ҳакимлари, кўплаб Ғарб-Шарқ асотирларининг қаҳрамонларига нисбатан берилган фалсафа ва ҳикматлар тилга олинганини эслатувдим, ҳалиги дўстимиз яна анграйиб қолди. Лекин ўзича сир бой бермаган бўлди. Эмишки, Навоий унинг учун «философ» сифатида «авторитет» эмас, гўё шунчаки бир «адабиётчи!». Хоҳ кул, хоҳ ўл! Унинг айтишича, ҳозир Навоий замони эмасмиш… Ана холос!

Чиндан ҳам, эй ёронлар, айтинг-чи, қайси замонда яшаяпмиз, а?

Бир қарич чўкиб кетдим. «Лайли ва Мажнун»да Қайснинг ёнидаги кучукка ишора қилиб айтган сўзлари ёдимга тушди: «Бул ит эрмас, итлиқ – менда!»… (Кейин билсам, шу тўпори фан арбоби фалсафадан докторлик ишини ёқлаган экан).

Биз ўзимизнинг ҳозирги ночор маънавий аҳволимиз учун нуқул собиқ шўро давридан, қизил салтанатдан домангир бўламиз. Бироқ, ўз тарихи, миллати, ватани, дини ва тилини ютган мана шундай муртадлар диёнатсиз сиёсат ноғорасига «фокстрот» тушадиган мунофиқ «зиёлилар» бўлмаганида, бу қадар жаҳолатга ботмасмидик, оёқости бўлмасмидик…

Қассобдан чиққан жаллоддан олимдан чиққан жаллод ёмон, деб бежиз айтмайдилар.

Устоз Ғайбуллоҳ АС-САЛОМ (у кишини Аллоҳ раҳмат айласин) хотираларидан

2018 йил 2 апрел сонидан олинди

1+