ЧИҚИНДИ ИЧИДАГИ ХАЗИНА

Кичик бир ташкилотда раҳбарлик қиладиган танишимнинг олдига иш билан боргандим. Гап бошламасимдан ўзининг «дарди»ни англата кетди:

— Макулатура ташвиши бошимда, шуни ҳал қилмасам, гап эшитаман. Туман марказий кутубхонасидаги эски, яроқсизланиб қолган китобларни тўплатиб қўйгандим…

Кейин ҳиринглаб, қўшимча қилди:

— Семиз-семиз китоблар экан. Ҳозир уларни ким ўқирди?! Неча кило чиқса ҳам, ҳарна-да…

Бу гапларни эшитиб, бу ерга нега келганим ҳам ёдимдан кўтарилди. Китоб деса ўзини томдан ташлайдиганларданман.

— Менам борай, — дедим танишимга. – Ўша яроқсиз, «семиз» китобларни кўрай-чи…

У билан бирга туман марказий кутубхонаси ҳовлисига кирдик. Чиндан ҳам кутубхона айвонига битта машинага сиғадиган китоблар уйиб қўйилган экан. Шивалаб ёғаётган ёмғир сувлари тарновдан тушиб, китоблар устига сочиляпти. Шошиб бориб, китобларни титкилай бошладим. Мана бу Лев Толстойнинг «Танланган асарлар»и! Буниси Чехов, мана булар эса Достоевский, Гоголь асарлари! Буниси Есениннинг шеърий тўплами! Мана бу китоб эса поляк, чех ёзувчиларининг ҳикояларидан иборат тўплам! Ахир булар тиллога топилмас хазиналар-ку!

— Шу китоблар сизнингча яроқсизми? – дедим уларни уюмдан ажратиб олиб, бир четга тўпларканман.

— Эски китоблар-ку булар. Титкиламанг-э, уст-бошингиз расво бўлади.

— Бу китобларнинг қадр-қимматини англамас экансиз, афсус…

У гапларимни эшитмаганга олди. Орқа томони билан тисарилиб, китобларни юклашга келаётган машина шофёрига қўл силтаб, «юравер» дея имо қила бошлади.

— Шошманг, мен бу китоблар ичидан ўзимга кераклигини ажратиб олай, шуларнинг оғирлигича қоғоз бераман сизга, — дедим.

— Афанди одам экансиз, — деди у сал қизишиб. – Буларнинг аҳволига бир қаранг. Шу эскириб, ҳилвираб кетган китобларни жавонга териб бўларканми?! Ана, китоб дўконига янги китоблар келган, муқовалари зўр. Ўшалардан олинг.

«Ўв, миясини қурт еган! Менга уйни безатадиган эмас, шууримни, онгимни бойитадиган китоблар керак! Сен буни тушунармидинг!» деган аччиқ гаплар ўтди хаёлимдан.

Ўша куни бир илож қилиб, чиқинди ичидаги хазинани ажратиб олишга муваффақ бўлдим…

Соҳиб МАНЗУР

2018 йил 12 март сонидан олинди

0