ШЎРЛИК ЖОДУГАРОВЛАР…

Чақалоқ дунёга келганидан сўнг ота-она яхши ниятлар билан унга муносиб исм танлайди ва имомни чақириб, қулоғига азон айттиради. Бу қадимдан қолган ибратли удумларимиздан. Чақалоқнинг қулоғига азон айтиб қўйилган исм унинг ўзлигини англатувчи ёрлиқдир. Исм қанчалар топиб қўйилган, чиройли бўлса, одам бундан қувониб, ўз исми билан фахрланади. Хўш, бунинг акси бўлса-чи?..

Бўш иш ўринлари ярмаркасида ишга жойлашувчиларнинг исм-шарифларини ёзаётган аёл қадди-қомати келишган йигитчанинг жавобидан бир сапчиб тушди.

– Онангиз тенги аёлман, менга майнавозчилик қилмай, фамилиянгизни тўғри айтинг! – деди йигитга зардали овозда.

– Фамилиям Жодугаров, ишонмасангиз, мана, паспортимни кўринг!

Аёл ишонқирамай паспортни қўлига оларкан, юз ифодаси бирдан ўзгарди. Энди унинг чеҳрасида раҳм-шафқат ифодаланарди:

– Вой ўғлим шўрлик-а! Бу қайси қўлинг сингурнинг иши? Фамилиянгиз аслида Ёдгоров бўлса керак, Жодугаров деб ёзишибди-да. Паспорт олаётганингизда тўғри ёздирсангиз бўлмасмиди?

– Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада қандай бўлса шундай ёзиларканда, опажон!

Аёлдаги таажжуб ва йигитга нисбатан ачиниш ҳисси менга ҳам юқди. Шундай келишган йигитга хунук фамилияни раво кўрганларни ичимда сўкдим.

Биламан, болалигимизда аксарият ФҲДЁ бўлимларида бошқа миллат вакиллари ишлашарди. Тоталитар тузумнинг “козирлиги”ни пеш қилишганми ёки рус тилининг оҳангжамаларини намойиш этмоқчи бўлишганми, ҳар ҳолда “Ж” билан бошланувчи фамилиялар бошига “Д” қўшиб, унинг “жарангдорлиги”ни оширмоқчи бўлган кўринишади. Натижада, жарангсиз “Жуманов” жарангли “Джуманов” кўринишига эга бўлган. Шу тариқа “Йўлдошев”лар “Юлдашев”га, “Ўлмасов”лар “Улмасов”га, “Жумабоев”лар “Джумабаев”га айланган ва ҳоказо. Шўрлик йигитнинг бошига бундай хунук фамилиянинг тиркалишига ҳам ўша пайтдаги “аний”ми, “товариш”ми сабабчи бўлган бўлса керак.

Аламли ўтмиш ортда қолди. Озод ва мустақил юртда яшаяпмиз. Эркимиз, ҳуқуқимиз ўз қўлимизда. Лекин ҳатто шу кунларда ҳам юқоридаги каби “олд қўшимчалари” бор фамилиялар ҳамон ҳаёт. Борди-ю “эътиборсизлик қилинибди”, деган мулоҳазада бу фамилияларни ўзбекчалаштирсангиз борми, нақ балога қолишингиз ҳеч гапмас.

Бир воқеани айтай: газетамиз таҳририятига таъсирли, анча мукаммал ёзилган бир мақола келтиришди. Масъул муҳаррирлар мақолани газета саҳифаларига жойлаштирдилар. Мақола муаллифи матн остига “Хаджаев Алим Екибджанович” дея имзо қўйган экан. Муҳаррирлар уни сал сайқаллаб, “Хўжаев Олим Ёқубжонович” дея ўзгартириб қўйишибди. Газетада мақоласи чиққан муаллиф таҳририятга миннатдорчилик билдириш ўрнига бирам тархашлик қилдики, ҳар тугул таҳририятдагилар бир амаллаб вазиятни юмшатдилар. Нимаймиш, бу киши “Хўжаев” эмас, “Хаджаев” эканлар. Хўш, “Хаджаев”ни аслига қайтариб, ўзбекчалаштирилса, осмон узилиб ерга тушармиди?! Айнан мана шу ҳарф фамилияни ҳуснбузардек хунук кўрсатиб турибди-ку. Бунга мавлоно “Хаджаев”нинг ақли қандоқ ҳам етсин!..

Муҳтарам газетхон, ўзингиз ҳам “Ағзамов”, “Ниғматов”, “Джуманазар”-у, “Юлдашев” деган исм-шарифли миллатдошларимизнинг кўпини танийсиз. Ўрни келиб қолганда, ён дафтаримга ёзиб қўйган “нодир” исм-шарифларнинг айримларини сизга ўқиб берай: “Ақмадалиев Джумуназар Кириевич” (Аҳмадалиев Жуманазар Қориевич бўлса керак), Ваппаев Норолла (Вафоев Нуруллоҳ бўлса керак асли), Абдулқат Кемчеев (Абдулаҳад Қамчиев бўлиши керак)…

Ахир инсон ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган исм-шарифни ҳужжатларга ёзишдаги бундай масъулиятсизликлар жиноят эмасми? Бу ерда инсоннинг шаъни, ор-номуси масхара қилинмаяптими? Агар бунақанги чаласаводликнинг олдини олмасак, ўзбекча исм-шарифларни бузиб, масхаромуз ҳолга келтираётганларга нисбатан кескин чоралар кўрмасак, “Жодугаров”лар, “Хаджаев”лар, “Ваппаев”лар болалаб кетаверади…

Сотволди РАЖАБОВ

2018 йил 16 феврал сонидан олинди

0