ХАФАЧИЛИКЛАР ОМБОРХОНАСИ

Арзимас нарсага аразлайдиган, бурнининг учига қўнган пашшадан ҳам хафа бўлиб, уч кунгача ороми бузилиб юрадиганларни ҳисобга олмаганда, аксарият одамларнинг бир-биридан хафа бўлиб, узоқ вақт аразлаб юриши, асосан, иккита сабаб туфайли келиб чиқади:

1) ёмон муомала – кишининг иззат-нафсига тегиш, камситиш, алдаш, оёқости қилиш;

2) пул, бойлик ва умуман моддий неъматлар билан боғлиқ келишмовчиликлар.

Инсоният бундан беш минг йил олдин ёзувни ихтиро қилган вақтидан бошлаб шу бугунгача “қиличдан етказилган жароҳат битиб кетиши-ю, тил билан етказилган жароҳат ҳеч қачон битмаслиги” тўғрисидаги доно ҳикматлар, масаллар, ривоятларни қоғозга битиб, тарғиб қилиб келади. Лекин одамлар барибир тилдан жароҳат етказадиган, ҳатто ўлдирадиган хавфли қурол сифатида фойдаланишдан воз кечганлари йўқ.

ЗЎРАВОН «ЯҚИНЛАР»

Таажубланарлиси шундаки, одамлар кундалик ҳаётда энг заҳарханда гапларни ўз яқинларига айтадилар. Масалан, бизнинг айтганимизни қилмаган ёки хато иш қилиб қўйган бегона одамни ёмон гаплар билан ҳақоратлаш ҳеч бир эсли-ҳушли одамнинг хаёлига ҳам келмайди. Лекин ўз яқинларимиз – хотин, фарзанд, ука, сингил, келинларимизни минг хил гуноҳларда айблашни, уларга сурункали ақл ўргатишни, ёмон гаплар билан сўкишни, заҳримизни сочишни ва ҳатто арзимас сабаблар билан калтаклашни салкам ўз бурчимиз деб биламиз. Бошқачароқ айтганда, ўз яқинларимизни тарбиялашга, тўғри йўлга солишга билимимиз, салоҳиятимиз, ақлимиз, қолаверса, обрўйимиз етмай қолганда, уриш, сўкиш, ҳақоратлаш сингари “ҳуқуқ”ларимиздан фойдалана бошлаймиз. Хотин, бола-чақамиз бунақа пайтда сал-пал бўлса ҳам “овозини чиқаришга” ҳақли бўлгани ҳолда, келинларда бу ҳуқуқ деярли йўқ ҳисоби.

Одамнинг умумий савияси қанчалик паст бўлса, ўзига берилган ҳуқуқларни шунчалик кўп суиистеъмол қилади. Одамнинг табиати шундайки, у ўзини ўзи жуда яхши кўради, “ўзига ўзи ошиқ”. Ўзининг феъл-атворидаги иллатларни ҳам фазилат деб билувчи бечора “ошиқ”қа ўзганинг арзимас камчилиги ёки ўзиникига ўхшамаган феъл-атвори тоқат қилиб бўлмайдиган иллат бўлиб кўринади. Одамлар ва оилалар ҳар хил бўлишига қарамасдан, уларнинг кўпчилигида деярли бир хилдаги низо ва хафагарчиликлар бўлади. Чунки бу низолар, асосан, одамларнинг манманлиги, худбинлиги ва “ўзига ошиқ”лигидан келиб чиқади.

Мисол учун, “Келин бўлдим – қайнонамга ёқмадим, қайнона бўлдим – келинимга ёқмадим”, мақолини эшитган кўпчилик қайноналар жуда тўғри айтилганини мақтаб, халқнинг донолигига таҳсин ўқийдилар. Лекин, нима учун қайнона келинини, келин қайнонасини ёқтирмаслиги керак? Чунки “ўзига ошиқ” бўлган қайнона ўзини энг яхши хотин ва энг аъло уй бекаси деб ҳисоблайди. Натижада, ўғлини фариштага уйлантирган тақдирда ҳам, уни ҳеч қачон ўзи сингари яхши хотин ва яхши уй бекаси бўла олишига ишонмайди. Бундай қайнона уйга ҳали келин тушмасиданоқ уни тарбиялашнинг режасини тузиб қўяди. Билиб қўйингки, қайнона қанчалик “ўзига ошиқ” бўлса, келиннинг шунчалик шўри қурийди. Агар келин ҳам “ўзига ошиқ”лардан бўлса – шу уйда охирзамон бўлди деяверинг!

Оиладаги низолар бартараф қилиниб, тушунмовчиликлар унутилиб кетиши мумкин, лекин зўравонлик ҳеч қачон унутилмайди ва кўпинча одамнинг келажак ҳаётига ҳам салбий таъсир қилади. Бегона одамларнинг зўравонлиги ёки адолатсизлиги айрим ҳолларда қонунга мувофиқ жазоланмай ҳам қолиши мумкин, лекин ҳеч ерда ёзилмаган оилавий ҳаёт қонунлари бўйича, жабр етказувчи эртами-кечми ўз қилмишларининг жазосини тортмасдан қолмайди.

Хотини ва бола-чақасига зўравонлик қилган эркакнинг йиғиб оладиган ҳосили бадбахт фарзандлардан иборат бўлса, келинини хўрлаган қайнона жазони ўз феълидан, қайнонасини беҳурмат қилган келин эса ўз келажагидан топади.

ПУЛНИНГ БУЗҒУНЧИЛИК ХУСУСИЯТИ

Юқорида айтганимиздай, хафачиликларнинг иккинчи сабаби – пул ва моддий бойликлар билан боғлиқ келишмовчиликлардир.

Пул азалдан одамларни бир-биридан ажратиш хусусиятига эга. Одамлар пулни деб бир-бирлари билан ўлгунча душман бўладилар;

урушлар эълон қилинади;

адоват, низо, ишонсизлик кўпаяди;

дўстлик ва қариндошлик муносабатлари узилади.

Пулнинг бундай бузғунчилик хусусиятига одамларнинг феъл-атворидаги қусурлар қўшилса борми!..

Муқаддас ҳадисларда “Одамлардан битта чўп ҳам сўрай кўрма” деб ёзилган. Бунга: “айниқса дўст-ёрлардан” деган иборани қўшимча қилиб, унга амал қилганимизда эди, қўлтиғимиздаги тарвузни ҳам, дўстликни ҳам асраб қолган бўлардик. Тўғри, ҳаётда сиз учун охирги кўйлагини ҳам беришга тайёр турганлар бўлиши мумкин, албатта. Лекин, сиз ўзингиз охирги кўйлагингиздан кечишга тайёрмисиз? Бир бурда нонни биров билан бўлишиб ейиш – оддий нарса. Аммо катта маблағ устида гап кетганда, биз истасак-истамасак, кимга, қандай ишга ва ҳоказо саволлар устида бош қотиришга мажбур бўламиз. Бас, шундай экан, энг қадрдон дўстимиз, акамиз, укамиз, қариндошимиз биз учун каттагина маблағидан (ва шу маблағ туфайли каттаю кичик орзу-умидларидан) воз кечишга тайёр туриши керак, деб ҳисоблашга ҳақлимизми? Мабодо улардан рад жавобини эшитсак, хафа бўлишга ҳаққимиз борми?

Айтайлик, сиз ўзингиз дўст ёки танишларингиздан бирига қарзга пул беришни истамайсиз. Гап унинг қарзни қайтариши ёки қайтаролмаслигида ҳам эмас, шунчаки айнан ўша одамга пул беришни хоҳламайсиз. Лекин энг нозик пайтда рад жавобини беришга кўнглингиз бўлмай, олижаноблик қиласиз. Кейин эса фурсати етганда, қарздорнинг фазилатлари ҳақида ёмон гумонларга, бўлмағур фикрларга бора бошлайсиз, уни айбдор ҳисоблайсиз. Қарабсизки, йўқ жойдан катта тўполон ҳосил бўлади. Лаънати олди-берди ишлари шунақа дилхираликлар келтириб чиқаради.

Дўстона муносабатларга пул аралаштирилса, айтайлик, яқин дўстлар биргаликда бизнес қилишни режалаштиришса ва ўша иш амалга оширилса, у ишнинг натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, бу ҳамкорликнинг оқибати бир хилда аянчли бўлади, яъни ҳаммаси дўстларнинг жанжали билан тугайди.

Агар бошланган иш олға силжимай, уларнинг меҳнати ва маблағлари йўққа чиқса, айбдорни аниқлаш мақсадида жанжал қиладилар. Узоқ тортишув ва ёқа йиртишлардан кейин молиявий масалалар ечим топиши мумкин, лекин энди бу учала дўстга чойхонада ёки табиат бағрида биргалашиб мазза қилиб дам олиш энди ҳеч қачон насиб қилмайди.

Агар дўстларга омад кулиб боқиб, улар бу бизнес ортидан Сулаймоннинг узугига етишган бўлишса ҳам, ҳамкорлик натижаси юқоридагидан бешбаттар ачинарли бўлиши мумкин. Авваламбор, иш бошида ким қанча пул сарф қилгани эсланади. Кейин ким кунига 16 соату ким 8 соат ишлаганини, умуман, умумий ишга ким қандай ва қанча ҳисса қўшганини ҳисоб-китоб қилишга тушишади. Ишқилиб, олдин биттасини, кейин умуман бир-бирини четга суриб ташлашга ҳаракат қилишади…

Наҳотки, одамлар шунчалик очкўз бўлишса? Эй йўқ. Бу ерда пулнинг ўзига хос хусусиятлари намоён бўляпти: инсоний муносабатларга аралаштирилганидан кейин пул одамларнинг энг ожиз томонларини ва ёмон қирраларини юзага чиқаради.

Ишқилиб, дўстлик ва қариндошлик муносабатларига пул аралашган кундан бошлаб ўзаро низо ва хафачиликлар уйингиз тўридан жой оладилар. Кўпчилик бун билса ҳам, “тадбиркорлик ишларида ўз яқинларингдан ишончлироқ ҳамкор йўқ” деб ҳисоблашади. Дўстлар ва қариндошлар билан пул топиш эмас, дўстлик ва қариндошлик қилиш кераклигини қонунан белгилаб қўйилса ҳам бизнинг одамларга фойдаси бўлмаса керак. Чунки ҳар бир авлод бу ҳақиқатни ўзида синаб кўрмагунча тинчимайди. Синаганидан кейин эса ё дўстидан, ё қариндошидан айрилади. Бу масаладаги низоларни йўқ қилиш учун биринчи бўлиб қўл узатадиган айрим кучли ирода соҳибларини инобатга олмаганда, кўпчилик хафа бўлганлар бу туйғуни болаларига ҳам мерос қилиб қолдирадилар.

Кимдан ва нима учун хафа бўлишимиздан қатъий назар, бу туйғу бизга фақат зарар келтиради. Аслида хафалик – бу тийиб турилган ғазабдир. Очиқдан очиқ зарда қилишга ҳаққимиз ёки имкониятимиз йўқлигини англагач, ичимизни эски ва янги хафачиликлар сақланадиган омборхонага айлантирамиз. Натижада бу омборхонада оддий инсоний қувончлар учун жой қолмайди.

Эски хафачиликларни сақлашга ўрганган кўнгил эса ўзига янги-янги дилхираликларни жалб қилишга одатланиб қолади. Хафачилик туйғуси худди боғимизда ўсаётган чақиртиканакларга ўхшайди. Агар уларни ўз вақтида юлиб ташламасак, боғимиз чакалакзор бўлди деяверинг…

Шавкат Раззоқов

2018 йил 13 август сонидан олинди

0