УЙ БЕКАСИ БЎЛИШ – БАХТ!

Кўпчиликнинг фикрига кўра, кейинги вақтларда уй бекаси бўлиш анча обрўдан қолган эмиш. “Аёл уйни қанчалик яхши эпламасин, у ижтимоий аҳамиятга эга бўлмай қолаверади”, дейишади. Шу сабабли ҳам кўп аёллар “бор-йўғи уй бекаси” эканликларини айтарканлар, бироз хижолат тортишади.

Нега “уй бекаси” деган ибора ачиниш билан талаффуз этилади? Сизга бу ғалати кўринмаяптими? Назаримда, ҳеч қандай карьера, ҳеч қандай мансаб, ҳеч қандай касб – оила тотувлигини таъминлаш ва болаларни тарбия қилишчалик ҳурматга, эъзозга ва жамият учун катта аҳамиятга эга эмас.

Қаранг-а, “шунчаки уй бекаси” эмиш! Бу нимага ўхшайди, биласизми? Халқаро миқёсдаги конференцияда: “Эътибор берманглар, мен шунчаки АҚШ президентиман”, дегандек гап бу!

Уйига ва оиласига борини бағишлаган аёл ўзидан ҳар қанча фахрланса арзийди. Бир ўйлаб кўринг, уй бекаси қанча кўп ва турфа хил касбларни эгаллаган бўлади: кир ювувчи, фаррош, ошпаз, тикувчи, энага, тарбиячи, оқсоч, хизматчи, ҳисобчи, харидлар бўйича агент, жамоатчилик билан ишлаш мутахассиси, маслаҳатчи, посбон, тартибни сақлаш ходими, ҳамшира, маъмур, котиба, қоровул, сартарош… Булардан ташқари, у – АЁЛ бўлиши, эрининг кўзи олма-кесак термаслиги учун доимо гўзал ва жозибали бўлиши ҳам лозим!

Мен раҳбари ҳам пол ювадиган, ҳам ходимлар ҳужжатлари билан шуғулланадиган, ҳам бухгалтерия ҳисобини юритадиган, ҳам қоровуллик қиладиган бирорта ташкилотни билмайман. Уй бекаси эса буларнинг ҳаммасини ва яна қўшимча бир дунё ишларни бажаради.

Менга қолса, йўқни йўндирадиган аёлларимизга халқаро миқёсда “Йилнинг энг яхши уй бекаси” мукофотини таъсис этган бўлардим. Киноюлдузлар, моделлар, журнал муқоваларидаги гўзалларнинг ҳаммасини жамласангиз ҳам, уй бекаларининг иқтидори ва қобилиятига тенг келмайди.

Буюк эркакларнинг юқорига кўтарилишларида уларнинг уй бекаси бўлишга меҳр берган рафиқалари кўмак беришган.

— Рафиқалик – аёлнинг қўлидан келадиган энг яхши карьерадир, — деган эди АҚШ президенти Эйзенхауэрнинг рафиқаси Мэйми Эйзенхауэр хоним. – Болалар пайпоғини ювиш, уй йиғиштириш ва ҳоказолар зерикарли бўлиши мумкин. Чеки кўринмайдиган кундалик юмушлар баъзан кўзингга ғирт бемаънилик бўлиб кўринади. Айниқса, кечқурун ишдан қайтган эрингиз: “Кун бўйи нималар билан машғул бўлдинг?” деб сўраганда, сиз: “Газга пул тўладим, уй тозаладим, дўконга чиқиб келдим…” десангиз. Шундай пайтларда одамлар орасида бўлишга ва пул топишга имкон берадиган ҳар қандай иш уйда ўтиришдан кўра яхшироқ бўлиб туюлади. Лекин сиз уй бекалигининг заҳматларига бардош берсангиз, сабрингиз мукофотини бир неча баробар қилиб оласиз. Агар менда ҳаётимни қайтадан бошлашга имкон туғилса борми, ҳаётимни яна айни шундай – уй бекаси сифатида кечирган бўлардим. Эримнинг уйига бекалик қилиш мен учун оғир, лекин қувончли, файзли ва бахтли ҳаёт кечиришни англатади…

“Шунчаки уй бекаси” сифатида Мэйми хоним яхшигина натижага эришди: эри Оқ уйнинг хўжайини бўлди!

Дороти КАРНЕГИ,

америкалик педагог, нотиқ ва машҳур Дейл Карнегининг рафиқаси, АҚШда ташкил этилган «Аёллар учун Карнеги курслари»нинг ташкилотчиси.

Аловиддин САДРИДДИНОВ таржимаси

2018 йил 9 июл сонидан олинди

0