ТИНЧИМИЗНИ «СОТАЁТГАН» БОЛАЛАР

Болалар туғилибоқ бизни бошқарадилар десам, ишонасизми? Ишонаверинг, аслида шундай. Бу — ҳамма катталар тан олишдан қўрқадиган ҳақиқат. Негаки, бизнинг болалар борасидаги билимларимиз кам. Шу сабабли ҳам, ота-оналар ва болалар ўртасида (улар бир-бирларини қаттиқ яхши кўришларига қарамай) катта-кичик жанжаллар, дилхираликлар, тортишувлар бўлиб туради.

ҚАЙСАРЛИК УЧУН МУКОФОТ

Ҳаммамиз фарзандларимизни мукофотлашни хуш кўрамиз, бироқ, деярли барчамиз мукофотлашни “сотиб олиш” билан чалкаштириб юборганмиз. Агар фарзандингиз инжиқ ва қайсар бўлиб бораётган бўлса, демак, сиз уни айни шу инжиқликлари ва қайсарлиги учун мукофотлаяпсиз.

— Йиғламасанг, шоколад бераман, — дейсиз. Ана шу гапингиздан сўнг бола шоколад олиши учун йиғлаши кераклигини “кашф қилади”.

— Укангни урмасанг, бир нарса бераман, — дейсиз. Бола ўша “бир нарса”нинг мазасини билиб қолдими, тамом — укаси калтак тагида қолади!

— Тўполон қилмасанг, музқаймоқ егани борамиз, — дейсиз. Бу гапингиз болага агар музқаймоқ егиси келса, албатта, тўполон қилиши кераклиги англатади.

Эҳ-ҳе, бунақа “рағбатлантириш”ларимизнинг чегараси йўқ. Ҳар сафар болаларимиз хархаша ёки тантиқлик қилганда (қулоғимиз тинч туриши учун), буни сўзсиз мукофотлаймиз. Ҳаётининг илк ёшлариданоқ боланинг номақбул хулқ-атворини тақдирлаймиз. Яхши ҳаракатларини эса эътиборсиз қолдирамиз.

— Боғчага бормайман, — деб хархаша қилади болакай.

— Хархаша қилмай, боғчага борсанг, сенга велосипед олиб бераман, — дея у билан “шартнома тузади” ота. Энди бола ҳар кунги тинимсиз хархашалари билан отасига велосипед ҳақида “эслата бошлайди”.

Бу одатлар шунчалик ёмонки, ҳатто бориб-бориб фарзандингиздан ўз тинчингизни сотиб ола бошлайсиз. Масалан, ишингизга халақит бераётган болага маҳаллангиздаги дўкончадан “истаган нарсасини сотиб олиши учун” пул бериб жўнатасиз. Тамом! Бола дўкончадан “истаган нарсасини сотиб олиши учун” сизга халақит бериши, тоқатингизни тоқ қилиши кераклигини тушунди!..

ЧАҚАЛОҚЛАР БИЗНИ БОШҚАРАДИЛАР

Чақалоқ дунёга кела солиб, бутун атроф-муҳитни ва теграсида парвона бўлаётганларни ўзига мослаштира бошлайди. Ҳатто икки-уч ойлик гўдак ҳам йиғлаш ва чинқириш орқали она диққатини тортиш мумкинлигини билади. Шу тариқа, гўдаклар бизни аста-секин бошқариладиган қиладилар. Жуда кўпчилик ота-оналар доимо номаъқул ҳаракатларга муносабат билдиришларини болага намойиш қиладилар. Масалан, кичкинтой ҳиқилласа, қарамайсиз, эътибор бермайсиз. Лекин агар дод солиб йиғласа, ёнига учиб борасиз. Аксарият ҳолларда, ҳеч гап йўқ эканини кўриб, жаҳлингиз чиқади, “бекордан бекорга дод солган” болага дакки берасиз. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, худди шу онларда сиз боланинг назорати остидасиз: у қўполлик қилади – сиз жаҳл қиласиз, у ўжарлик қилади – сиз асабийлашасиз. Унга шу керак! У ўзига эътибор беришингизни хоҳлайди, жаҳл қилсангиз ҳам, асабийлашсангиз ҳам, койисангиз ҳам майли, эътибор берсангиз бўлгани…

Яхши ишлари учун муносабат билдирмаган эдингиз: пол артди — эътибор қилмадингиз, камига танқид ҳам қилдингиз:

— Чала артибсан-ку! Кап-катта қиз шуни ҳам эплолмайсан-а! Нари тур, ўзим артаман…

Мактабда олган аъло баҳоларини кўрсатганида, шунчаки бош ирғаб қўя қоласиз, лекин идиш юваётиб, бехосдан пиёлани синдириб қўйса, тепасига югуриб борасиз, ўшқириб берасиз. Боланинг ҳамма иши яхши бўлганда, унга ҳеч ким эътибор бермайди ва шу тариқа, туғилганидан бошлаб бутун умр ёмон нарсаларга муносабат билдириб, яхши нарсаларга эътибор бермасдан, болаларни номаъқул хатти-ҳаракатларга ўзимиз ўргатамиз.

Болаларни жазолаймиз ва ҳайрон қоламиз: улар нега бунча ўжар? Ҳатто калтак ҳам таъсир қилмайди-я! Билмаймизки, муносабат билдириш – аслида бола олган мукофот. Жазо, жанжал, тортишувлар – аслида уларнинг бақиришга, тўполон қилишга уринишини “тақдирлаш”. Хўш, нима қилмоқ керак? Шунчаки, муносабат билдирмаслик керак, вассалом. Демак, йиғи-сиғи, ўжарлик, дод-войларга муносабат билдирмаслик керакми? Ҳа, шундай қилиш керак. Буларнинг ҳаммаси ҳақиқатдан ҳам эътиборга молик эмас. Инсоний фазилатларгагина муносабат билдирган маъқул. Яхши феълли бўлиш – фойдали, ёмон табиатли бўлиш – зарар эканини болага жуда кичкиналигиданоқ амалда ўргатиш керак.

“Сотиб олиш”ларимизга ўрганган бола “ҳали бола-да, катта бўлса эси кириб қолар” дея “тушуниш”ларимиз орқали ўзининг ота-онадан кучли эканини англаб олади.

Кўчада ўйнаб юрган кичкинтой ҳаяжонланиб уйга югуради:

— Ойи, музқаймоқ сотишяпти, олиб беринг…

— Йўқ, ўғлим, томоғинг эндигина тузалди. Сенга ҳозир музқаймоқ ейиш мумкин эмас.

— Йўқ, ейман! Олиб берасиз! Олиб берасиз!..

Бола хархаша қилади, йиғлайди, ялинади. Агар она қарорини ўзгартирмаса, боланинг бу “спектакли”га эътибор бермаса, бола ноилож ўзини ўнглаб олиб, яна ўйинга чалғийди. Энг асосийси, хархаша қилиш, дод-вой солиш билан ҳеч нарсага эриша олмаслигини тушунади.

АЧИНИШ УЙҒОТИБ АЛДАШ УСУЛИ

Одатда, энг тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолатларда болага ён берамиз ва шу тариқа, кейинчалик бола билан ўртамизда одатга айланадиган нохуш муносабатларнинг тамал тошини қўямиз.

Ўртоқлари билан ўйнаб юрган болакайни онаси уйга чақирди, дейлик. Ўшандай вақтларда боланинг феъл-атворидаги ўзгаришларга ҳеч эътибор берганмисиз? Боланинг рафтори бир зумда ўзгаради. Инжиқланиб, ҳиқиллай бошлайди. Бор-йўғи бир неча дақиқа олдин хурсанд бўлиб, ирғишлаб ўйнаб юрган болакайни таниёлмай қоласиз. Шубҳасиз, бу яна ўйинни давом эттириш учун онани кўндиришнинг энг яхши усули! Ёмон томони шундаки, бу тахлит феъл-атвор билан улғайган болалар эркак ёшга етганида ҳам, айб иш қилиб қўйса, аёлига нисбатан (худди онасига қилгани каби) ачиниш уйғотиб алдаш усулидан мунтазам фойдаланадилар.

Қувноқ ва хуш кайфиятда бўлган болани рағбатлантирилса, у ҳамиша қувноқликка ва тетикликка интиладиган бўлади.

Қизим тўрт ёшда эканида, бир куни булутли ва совуқ ҳавода кўчада ўйнашига рухсат бермадим. Аммо у кўзимни шамғалат қилиб, кўчадаги ўртоқлари ёнига қочиб қолди. Бироздан сўнг тиззалари шилинган, уст-боши ҳўл бир алфозда уйга қайтди ва ўтириб олиб, ҳиқиллай бошлади. Ора-сира “менга эътибор беряптимикин” дегандек мен томонга яширинча қараб-қараб қўярди. Эътибор бермаётганимни кўргач, ҳиқиллашни бас қилиб, индамайгина кийимларини алмаштирди. Эртасига ўртоқлари чақирса ҳам, кўчага чиқишни истамади. Менга уй ишларида баҳоли қудрат ёрдам бергани учун мукофот олгач, ёрдам беришни одатга айлантирди. Айтмоқчиманки, инжиқликлари беэътибор қолаётган болалар инжиқлик қилишдан албатта тийиладилар. Унутмангки, болалар яхши ишларни биздан қўрққанларидан ёки виждон амри билан эмас, бу иш ўзларига ёқиб қолгани учун бажарадилар. Яхши ишларни уларга янада ёқимли кўрсатиш ота-оналик маҳоратимизнинг нечоғли эканига боғлиқ.

Дилфуза КОМИЛ

2018 йил 7 май сонидан олинди

0