ОТАНГ БИЛАН МАҚТАНМА!

Эй инсон ўғли, ота-боболарингдан қолган шон-шуҳрат билан мақтанма. Чунки у шон-шуҳрат ўтмишда қолган. Аждодларингдан мерос қолган бу шон-шуҳратга сен ҳам янги ва хайрли, шон-шуҳратли ишлар қўшгин. Ана шунда ҳаққоний обрў қозонасан. Ўз яхши ишларинг билан шараф қозонмагунча, боболаринг шон-шавкатига шерик бўлишни иддао қилма. Насаб ва ҳасабнинг фарқи гўё кун билан тун кабидир: насаб – ота-боболарингдан ўтган иззат-ҳурмат бўлса, ҳасаб – ўз қувватинг, мардона ишларинг билан топган иззат-ҳурматингдир. Кечаги тўқлигинг бугунги очлигингга ёрдам беролмайди.

Насл-насаби билан ва шахсий хислатлари билан овунадиганларга, ўзини покиза деб билганларга Аллоҳ назар солмайди. Баъзи кулгили ва мазах ишлар борки, ғофил инсонлар улар билан фахрланадилар. “Менинг аждодим фалон ва пистондир. Менга фалон катта одам ҳурмат билдирган”, деб мақтанадилар. Эҳтимол, бу одамнинг аждоди кичик бир хизматчи, ё бирор ўғри, қароқчининг шогирди ё сояси бўлгандир.

Бошқа бировлар эса “Фалон давлат арбобининг юзага чиқишига сабабчи бўлганман”, деб мақтанадилар. Аслида ўша одамга мансабни Ҳақ таоло раво кўрган.

Умрида хайр ва ҳасанотни, савоб ва ишларни кўп қиладиган одам – иши ўнгидан келган, насаби тоза одамдир.

Эй инсон ўғли, “аждодларим фалончи, пистончилардир” дея лоф уришни бас қил. Ўзингга ёрдам берки, узоқ сафардасан, озиқ-овқатинг озайган, сувинг тугаган, йўл узайган, сарбон эса шоширмоқда. Қандай қийин йўлга чиққанингдан хабаринг борми?..

Маҳмуд –аз-Замахшарийнинг «Олтин шодалар»идан

2018 йил 2 апрел сони

0