МАШРАБ ОТА ҲИКОЯСИ

Бир минг тўққиз юз тўқсон тўртинчи йил эди. Республика киночилар уйида Наби Ғаниевнинг тўқсон йиллиги нишонланаётганини эшитиб, бордим. Зал санъатшунослар, киноактёрлар, атоқли кинорежиссёрнинг авлод ва қариндошлари, шунингдек биз каби ихлосмандлар билан тўлган экан.

Албатта, орадан салкам чорак аср вақт ўтди, ўша йиғилишнинг тафсилотини, ҳатто кимлар сўзга чиққанлигини ҳозир яхши эслай олишим маҳол. Аммо шу маъракада иштирок этган кекса актёр, Ўзбекистон халқ артисти Машраб Юнусовнинг хотиралари ҳамон ёдимда.

 

Ихчам соқоли ўзига ярашган отахон бироз энкайиб, тўлагина гавдаси салмоғини қўлидаги ҳассага ташлаган кўйи, қирқинчи йиллар бошида Наби Ғаниев билан танишиб, бирга ишлашгани, унинг кино санъати ва актёрларга қўядиган талаблари, феъл-атвори ҳақида хотираларини сўзларкан, режиссёр номини машҳур қилган “Тоҳир ва Зуҳра” фильмини суратга олиш жараёнида юз берган бир ҳангомани ҳам гоҳ кулиб, гоҳ ачиниш билан айтиб берди.

Гап шундаки, фильм 1945 йилда Тошкентда суратга олинади, Тоҳир билан Зуҳранинг боғда учрашиш саҳнаси Астрономия институти ҳовлисида, бу ердаги ҳозир ҳам сақланиб қолган кўтарма кўприк ёнида тасвирга туширилади. Аммо Тоҳирни сандиққа солиб дарёга ташлаш учун “фон” йўқ эди, Бўзсув бўйи эса дарёга ўхшамасди. Шу сабабли Наби Ғаниев бу саҳнани Чирчиқ дарёси мансабида, Хўжакент яқинида тасвирга олишга қарор қилади.

Бир неча “полуторка” машинасида артистлар, кинооператорлар, саҳна ишчилари, кино ускуналари, кўрпа-тўшагу қозон-товоқларгача – Хумсоннинг ҳозирги кўприги яқинидаги бир очиқ майдонга етказилади. Саҳна ишчилари декорация тайёрлашга киришади. Аммо икки кундан сўнг тоғ томонга кетиб бораётган бир отлиқ нохуш хабар етказади – Чирчиқ дарёси устидаги, кечагина ўзлари ўтиб келишган омонат кўприкни сел оқизиб кетибди, Тошкент билан алоқа узилибди.

Нима ҳам қилиб бўлади? Уруш энди тугаган, шароит оғир. Таваккал дея иш давом эттирилади, аммо орадан уч-тўрт кун ўтгач, халта-хулталар бўшаб, юзга яқин одамнинг егулиги соб бўлади. Гўё, бир оролда қолиб кетишгандай. Кўприкни эса яқин кунларда тиклаш имкони йўқ. Ноилож, яқин-атрофдаги қишлоқларга бориб, аҳволни айтиб кўришади. Аммо маҳаллий аҳоли Тошкентдан келган “каттакон”лардан қочиб узоқ-яқинга беркинар эди: “Ҳукумат одамлари, улардан узоқроқ юрмасанг, тутиб қамаб қўйишади!” Бунинг устига, ўша даврларда нафақат кино актёрларини, ҳатто саҳнага чиқиб иккитагина ашула айтган санъаткорни ҳам баъзи ғаламислар бузуққа чиқарар, артист зотидан одамлар ўзини олиб қочарди. “Тоҳир ва Зуҳра”чилар оч, силлалари қуриган… Ана шунда ўспирин чоғида Қўқон мадрасасида бир муддат таълим олиб, Қуръонни хатм қилган Машраб Юнусов ёш жонини, келажагини хатарга қўйиб бўлса ҳам, таваккал бир иш қилади: техник ходимларга шу атрофдаги тўрт қишлоқнинг ҳар бири томонга бир радиокарнайни тўғрилаб қўйиб, овозкучайтиргичларни тўла қувват билан ишлатишни сўрайди-да, микрофон ёнига ўтириб, ёқимли ва шикаста овоз билан… Қуръон тиловат қила бошлайди. Қорининг овози тўрт улкан радиокарнай кучи билан олис-олис қишлоқлар узра баралла сасланади. Дин тақиқланган, муллалар қамалиб кетган, қўлга тушмагани эса тоғ-тошда ё бегона юртларда ўзини танитмай тирикчилик қилиб юрган қўрқинч бир замонда кучли радиокарнайлар орқали Қуръон оятларини ўқиш нақадар хавфли иш бўлганини ўша кунларни кўрган кишилар биздан яхши билади. Аммо… одамлар анчадан бери Қуръон эшитмаган экан!Қулоқларига ишониб-ишонмай, бир-бирига савол назари билан боқа-боқа… уйларидан чиқиб, кўчалар бошига тўпланиб, сўнг дил қаъридаги илоҳий туйғуларини жўш урдирган бу садолар келаётган томонга қараб юра бошлайдилар. Тўртала қишлоқдан тўпланган одамлар сони юздан ошганда Машраб қори фотиҳа ўқигач, микрофонни ўчириб, ўрнидан туради, барчалари билан бирма-бир саломлашиб, оч-наҳор эканликларини, ҳадемай озиқ-овқат келиб қолишини тушунтиради, унгача ёрдам қилишни сўрайди. Юклар етиб келгач, ким нима берса, қайтаришни ҳам ваъда қилади. Дарҳақиқат, урушнинг совуқ нафаси ҳар жойда сезилиб турар, қишлоқдагиларнинг ўзлари ҳам қийналиб, очин-тўқин кун кечиришарди. Шунга қарамай, соҳир Қуръон тиловати, кўзлари билан кўриб турган аҳвол одамларнинг ҳимматини жўш урдирди: ким нон, ким жўхори, ким ёрма – ҳар ким топганини олиб келади, одамлар бир-бирининг корига ярайди.

– Икки ойча Хўжакентда бўлдик, – деган эди Машраб ота Юнусов. – Юртда мулла зоти қолмаган экан, қайси қишлоқда биров вафот этса, мени олиб кетишарди, жаноза ўқирдим, хизматимга нима беришса, йўқ демай олиб келиб, кўчма киностудияда оч-наҳор ишлаётган артистларни боқар эдим. Тоҳирни ана шунақа қилиб дарёга оқизганмиз…

Истиқлолнинг ибтидоси

Мен бу кишини илгари танимас эдим, чунки кино актёрлари одатда грим билан тасвирга олинади-да. Аммо анжуман якунида давранинг кексаси бўлган Машраб ота Юнусов устози ва раҳбари Наби Ғаниев руҳига бағишлаб киройи бир қироат билан Қуръон ўқиди. Ана шунда – Қуръон оятларини ўқиётганида мен уни таниб олдим. Қаршимизда “Улуғбек хазинаси” видеофильмида, асарнинг энг драматик ўрнида шариат аҳкомлари юзасидан Мирзо Улуғбек билан баҳслашадиган шайх Низомиддин Хомуш, тўғрироғи, Низомиддин Хомуш ролини қойиллатиб ижро қилиб, Қуръон ва ҳадислардан фасоҳат билан далиллар келтирган Машраб Юнусов турар эди. Мен “Улуғбек хазинаси” томошаси вақтида, телефильм кинорежиссёри бирон муллани Низомиддин Хомуш ролига таклиф қилибди, деб ўйлаган эдим. Чунки ҳеч бир актёр, наинки актёр, ҳатто унча-мунча мулла ҳам кўпдан-кўп диний иқтибосларни баҳс чоғидаги уламо каби, сира тутилмай келтириб, “XV аср уламоси” бўла олмас эди-да! Ҳолбуки, бу одам – актёр…

Бу – тўқсон тўртинчи йил, истиқлолнинг учинчи баҳорида бўлган гап. Бу пайтга келиб Қуръон ўқиш, ё соме бўлишдан биров ҳайиқмай қолган эди. Ҳолбуки, ундан атиги саккиз йил бурун, биринчи Туркистон Халқ ашулачиси Муҳиддинқори Ёқубовнинг тўқсон йиллик юбилейи ўша пайтдаги Филармония залида ўтказилган чоғда машҳур хонанданинг укаси ўз оғаси ҳақида русча маъруза қилган, марҳумнинг жигари-ку, дея сийлаб кийдирилган банорас чопонни ҳам ўша ондаёқ ечиб ташлаб, кекса бир ўзбек зиёлиси, бошяланг ҳолда яна ўрисча гапини давом эттирган эди. Машраб отанинг хотиралари балки шунинг учун ёдимда кўпроқ сақланиб қолгандир?

Гарчи 1943 йилнинг ёзига келиб Совет ҳукумати “олижаноблик билан” диний эътиқод эркинлигига йўл очиб берган бўлса-да, зулмнинг ваҳшати дарров бартараф бўлиб кетмас экан – то ХХ аср бошларигача одамлар қуръон ўқиш тугул, ҳатто биров “Омин!” деб дуо қилса, наридан-бери қўлни юзга сийпаб қўйишга одатланган эдилар. Масжидда ҳам муаззин шивирлагандай бир овоз билан азон чақирар, товуши бор билан йўқнинг орасида бўлар эди.

Яна бир хотира. Тил ва адабиёт институтидан бир неча ёш илмий ходим Абдулла ака Юнусов бошчилигида саксонинчи йиллар аввалида Самарқандга боришади. Ишлари битгач, эски бир мадраса биносини томоша қилишади. Бу ердаги қаторлашган ҳужралар, айвону равоқлар, катта-кичик гумбазлар руҳ берган бўлсамикин, отаси бир пайтлар катта мулла бўлган арабшунос Абдулла ака биргина оятни чиройли тажвид билан секингина қироат қилади. Аммо буни қарангки, мадрасанинг нимқоронғу ҳужралари, улар орасидаги йўлаклар ҳам кўпдан бери қироат овозига маҳтал бўлиб кетган эканми, бу илоҳий садолар ғиштин деворлар узра сасланиб, мадраса ҳовлисигача чиқади. Аксига олиб, шу ерда чет элдан келган туристлар ҳам юришган экан, ҳаммалари чопиб келишади: “Яна ўқинг, илтимос!” Абдулла ака бечоранинг қўрққанини кўрсангиз: “Ким ўқиди ўзи, биз ҳам эшитдик, орамизда мулла йўқ”, дермиш бечора. Истиқлол ҳазрати олийларининг етиб келишига ҳали роса ўн йил бор эди-да у вақтда. Бу кунга Абдулла акамиз пешвоз чиқа олмади, беш-олти йил ўтмай бандаликни бажо келтирди. Мен, пешвоз чиқа олмади, деяпман, эҳтимол ўшанга ҳам журъати етмагандир. Ахир илмли оталари қирғинга учраганларнинг кўпи учун бўйнини эгиб, зотини эсламай, пастқамроқ жойларда кун кечириш – умр ўтказишнинг бирдан-бир шарти ва гарови бўлиб қолган эди-ку. Минглаб зиёлиларнинг умри сароб бўлиб, қисматлари ўзи ўйлаганига тескари равишда кечгани ёлғонми? Мустақиллик нима ўзи? Халқ ўз она тилида давлат юритса, ўз диний эътиқодига ва миллий удумларига ҳеч кимдан ҳадиксирамасдан эътимод қилса, мен учун истиқлолнинг ибтидоси мана шу.

Ислом кўкракка уриб даъво қилинмайди

Биринчи президентимизнинг таъзияси кунлари бутун дунё Ўзбекистон қанчалик эркин давлат эканига яққол амин бўлди. Исломий дафн маросими, ўша кунлар барча теле ва радиоканалларда олиб узатилган хатми қуръонлар бизнинг қанчалик собит ва солим мусулмон эканимизни барчага аён қилди. Аза айёмида кўнгил сўраб, ҳурмат билдириб хориждан келган давлат арбоблари ҳам, ислом оламининг энг таниқли намояндалари ҳам Имом Бухорийлар, Имом Термизийларнинг бу қадимий ватани исломият бобида ҳеч кимдан орқада эмаслигига, бу мамлакатда аждодлар анъаналарига қатъият билан амал қилинишига тан бердилар. Бизнинг жамиятда ислом кўкракка уриб даъво қилинмайди, бизда мусулмонлик бегуноҳ инсонларни қириш орқали “исбот” қилинмайди ва динимизга нисбатан нафрат уйғотилмайди. Билъакс, “Дил ба ёру даст ба кор” шиори устуворлигининг шарофати билан, яъни дилимиз доим Оллоҳда бўлиб, қўлимиз ҳамиша ҳалол меҳнатга банд бўлгани боис, жамиятимиз тобора юксалиб бораверади.

Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом академияси каби илмий-маърифий муассасалар фаолияти йўлга қўйила бошланди, ислом ҳуқуқшунослиги, ҳадисшунослик, тасаввуф, калом, ақида илми каби диний-маърифий йўналишларни ўрганиш бўйича махсус мактаблар ташкил этилди. Биз бунга осонликча эришмадик. Ёдингизда бўлса, мустақилликнинг дастлабки йилларида деярли ҳар бир корхона ва муассасада, шифохона ва санаторияда, вокзал ва аэропортларда намозхоналар очиб қўйилган эди. Аммо динимизнинг энг ашаддий душманлари – ғайридин каслар эмас, айнан динда ғулуга кетувчи, ёки динни ниқоб қилиб олиб, ҳокимият ва бойлик илинжида юрган кимсалар эканки, уларнинг қутқуси билан талай хунезликлар (мен буларни санаб ўтирмайман) амалга оширилди ҳам. Махфий ҳужралар очиб, уларда хориждаги ғаддор “устоз”ларининг кўрсатмалари билан ота-боболаримиз амал қилган шариат ва тариқат аҳкомларига зид қарашларни тарғиб этдиларки, охир-оқибат, балодан ҳазар дегандай, эҳтиёт чоралари кўришга мажбур бўлинди. Аммо бу вақтинча эди. Дин йўли – тақиқ эмас, тарғибдир. Қайси даъватчининг этагидан тутишни билмай иккиланаётган одамларни тўғри йўлга солиш учун диний маърифатни кенг тарғиб этиш, шу орқали фитна қўзғовчиларнинг қабиҳ ниятларини пучга чиқариш лозим бўларди, бу кунларга ҳам етиб келдик, алҳамдулиллоҳ. Дин ишлари тўғри йўлга қўйилиши орқали жиноят ва фитна-фасод, хамр, зино ва ғоратгирликлар хийла барҳам топиб, жамият қалбан тозаради. Шу кунларда ҳофизи Қуръонлар мусобақаси бошланди. Барча вилояту шаҳарларимизлардаги ёш қорилар илоҳий каломлар жозибаси ва сеҳрини қалбларимизга сингдириш учун жидду жаҳд қилишаётир. Мен юқорида ҳикоя қилган ўша 1994 йилда туғилган болалар ҳозир 24 ёшга кирибди, қалблари иймон нури билан ғарқоб бўлибди, овозлари ҳам болиғ ва солим ҳолга етиб, ҳофизи Қуръон бўлибдилар. Бу ёшларимизга шу кунларга етиб келолмаган, аммо энг таҳликали, қўрқинч замонларда ҳам иймонини ўткинчи замоннинг муваққат долғалари қаршисида таслим этмаган Машраб ота Юнусов каби Қуръонхон оталаримиз дуоларининг баракотидан файзу футуҳ етишини азтаҳидил тилар эдик.

 

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

2018 йил 16 феврал сонидан олинди

1+