ҚУРЪОНИ КАРИМДА ЗИКР ҚИЛИНГАН АҲМОҚЛАР ёхуд ИЛОҲИЙ ҚАҲР

Марямнинг ўғли Исо алайҳиссалом арслондан қочган каби югуриб борар эди. Кўчадан ўтаётган одамлардан бири унинг орқасидан югурди ва шундай деди:

— Нима бўлди, ҳуркитилган қуш каби учиб бормоқдасиз?

Исо алайҳиссалом шу қадар тез чопар эдики, шошилганидан бу одамнинг саволига жавоб беролмади. Унинг бу тарз югуришидан ҳайратга тушган одам, ниҳоят унга яқинлашди ва:

— Эй Руҳуллоҳ! Аллоҳ ризоси учун бир лаҳза тўхтанг ва ҳолингиздан бизга хабар беринг. Нега ва кимдан қочмоқдасиз? Ахир ортингизда қўрқадиган бирон нарса йўқ-ку, — деди.

— Аҳмоқдан қочмоқдаман, аҳмоқдан! Мендан узоқ турки, ўзимни қутқарай.

— Нафаси билан кўрларга ва карларга шифо берувчи Исо сиз эмасми?

— Ҳа, менман.

— Маънавий сирларнинг тилсимини билган ва шунинг учун ҳам “Руҳуллоҳ” номини олган маънавий зот сиз эмасми? Ахир, сиз дуо ўқиганда ўлганлар ҳам қабрдан сакраб чиқарди-ку…

— Ҳа, ўликларни тирилтира оладиган пайғамбар менман.

— Эй Исо! Лойдан қуш ясаб, уларга жон бағишлаган сиз эмасми?

— Ҳа, менман ўша.

— Шунча ишларга қодир бўла туриб, яна кимдан қўрқиб қочмоқдасиз?

— Жаноби Ҳаққа ва унинг сифатларига қасам ичаманки, Исми Аъзам дуосини кар ва кўрларга ўқиган эдим, улар тузалдилар. Бу дуони баланд чўққили тоғларга ўқиган эдим, дуонинг кучидан у тоғлар иккига бўлиниб кетди. Бу дуони бир жасаднинг қаршисида ўқиган эдим, ўлик тирилди. Бу дуони ҳеч нарсаси бўлмаган фақирга ўқиган эдим, бой-бадавлат бўлиб кетди. Лекин бу дуони аҳмоқ бир одамга минг дафъа, айрича шафқат ва марҳамат ила ўқисам ҳам ҳеч фойда бермади. У аҳмоқ одам аҳмоқлигидан воз кечмади.

Бу сўзларни эшитган одамнинг қизиқиши янада ошиб, ҳазрат Исодан сўради:

— Барча дардлар ва хасталикларнинг давоси, барча қийинчилик ва муаммоларнинг ечими бўлгувчи Исми Аъзам дуоси нега аҳмоқликка таъсир қилмади? Аҳмоқликнинг даво топмаслигига сабаб нимада? Бунда қандай ҳикмат бор?

Исо алайҳиссалом у одамга шундай жавоб қилди:

— Билиб қўйки, аҳмоқлик қаҳри илоҳий бўлган бир хасталикдир. Ҳатто бало ҳам бир хасталик, лекин у ҳам мубталосидан шифо топади. Аҳмоқлик тамғаси – Аллоҳнинг бир муҳридир. Унга ҳеч кимса чора топа олмайди. Аҳмоқлик хасталигидан одатда бошқалар зарар кўрадилар…

АҲМОҚЛАР БИЛАН МУНОЗАРА ҚИЛМАНГ!

Қуръони каримда икки хил аҳмоқлардан сўз юритилади. Улардан биринчиси кофир ва мушриклар бўлиб, Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай марҳамат қилади:

“Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар” (“Бақара” сураси, 171-оят).

Абу Жаҳл, Абу Лаҳаб, Муғира ибн Валид ва шунга ўхшаш кимсалар қалблари муҳрли, кар ва соқов бўлганлари учун ҳам ҳидоятга эриша олмадилар. Улар Расулуллоҳнинг ҳақ пайғамбар эканликларини билганлари ҳолда аҳмоқликлари туфайли ўжарликларидан ва инкорчиликларидан қайтмадилар.

Қуръони каримда зикр қилинган иккинчи тоифа аҳмоқлар – ўзларини ақлли деб биладиган кишилардир. Дунёвий орзулар уларни ғафлатга етаклагани учун кўзлари ҳақиқатни кўрмайди. Бундай кишилар фақат бирор фалокатга йўлиққанларидагина кўзлари бир қадар очилиши мумкин.

Мавлоно Жалолиддин Румий аҳмоқлик ҳақида шундай дейдилар: “Аҳмоқлардан қочингки, Исо алайҳиссалом ҳам улардан қочган эдилар. Аҳмоқлар билан суҳбат ва мунозара қилиш натижасида неча марта қонлар тўкилгандир…”.

Қуръони каримнинг “Қалам” сурасида шундай бир воқеа баёни келтирилган:

“Яманнинг Сано шаҳри яқинида бир кишининг узум, хурмо ва экин тўла боғи бор эди. Мева тўплаш пайтида бу киши фақир-фуқароларга катта улуш берарди. Бу киши вафот қилгандан кейин ўғиллари:

— Оиламиз катта, мол-мулкимиз эса оз. Шунинг учун ҳам ҳосилдан камбағалларга бериб ўтирмайлик. Улар келиб қолмасидан меваларни йиғиштириб олайлик, — деб қарор қилдилар. Шунингдек, боққа тезроқ борайлик, камбағаллардан бирортаси хабар топиб қолмасин, деб бир-бирларига шивирлаб гапирдилар. Боғларига етиб келганда эса, шубҳасиз бу ер бошқа бир ер бўлса керак, деб ҳайратга тушдилар. Чунки боғлари харобага, қуруқ ерга айланган эди. Ниҳоят, улар бунинг сирини идрок этиб, бизга надоматлар бўлсин, чунки биз ҳақиқатан ҳам аҳмоқ эканмиз, деб афсус чекдилар”.

Бу ҳодиса келтирилгандан кейин ушбу сура давомида бундай дейилади: “(Аллоҳнинг амридан четга чиққан кимсалар учун) мана шундай азоб бордир. Агар билсалар, охират азоби, шак-шубҳасиз, янада каттароқдир” (“Қалам” сураси, 33-оят).

Аҳмоқлик охир-оқибатда ғафлатга олиб келади. Ғафлат эса келажакни барбод қилувчи бир воситадир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятда “Ғофиллардан бўлманг”, демоқда, аҳмоқлик инсонни ғафлатга олиб келишини таъкидламоқда.

АҲМОҚЛИКНИНГ БЕЛГИЛАРИ

Мавлоно Жалолиддин Румий “Маснавийи маънавий” асарларида юқоридаги воқеага бағишлаб шундай ёзадилар:

“Қуръони каримда Асҳоби Дарвон қиссасини ўқиган бўлсангиз керак. Бир қанча аҳмоқ фақирларнинг ризқини кесиш учун ҳийла қилмоқчи бўлдилар ва тонгга қадар ўтириб, маккорлик режасини туздилар”.

“Эй инсонлар! Ғафлат пахтасини қулоғингиздан чиқаринг ва Асҳоби Дарвон каби фақирларнинг ризқига кўз тикманглар”.

“Фақирлик ва зарурат ичида зорланган кишининг ҳикоясига қулоқ тутинг, уларга дардкаш бўлинг”.

“Фақирлик ва зарурат ичида бўғилган кўнгиллар – тутун тўла уйга ўхшайди. Сиз уларнинг дардини тинглаш билан бу тутун тўла уйга бир дарча очингки, у тутундан фориғ бўлсин. Ўзингизнинг қалбингиз ҳам бундан марҳаматга тўлиб, руҳингиз қувонсин”.

Яна Мавлоно ҳазратлари “Маснавийи маънавий”нинг баъзи байтларида аҳмоқликнинг белиларини шундай таърифлайдилар:

“Аҳмоқлар қанча ўлим кўрсалар ҳам, ўз ўлимларини хотирларига келтиришни истамайдилар…”.

“Ҳамманинг камчиликларини қирқ ёриб текширадилар ва уларни барчага айтадилар. Фақат хомликлари туфайли ўз камчиликларини кўрмайдилар”.

“Бу дунёга шунчалар алданганларки, барча нарса маҳв бўлишини билганлари ҳолда, талон-тарождан жуда қўрқадилар. Ҳолбуки, яланғоч кишининг ўзини ўғрилар талон-тарож қилишидан қўрқиши ғалати ишдир”.

“Инсон бу дунёга яланғоч ҳолда келиб яланғоч ҳолда кетади. Аҳвол шундай бўла туриб, улар ўғриларнинг номини эшитгандаёқ юраклари така-пука бўлади. Ўлим онида бойликлари ўзлариники эмаслигини тушуниб етадилар. Лекин бу пайтда вақт ўтган бўлади”.

“Дунё ҳаёти бир тушдан иборат. Дунёда бойлик соҳиби бўлиш – тушда хазина топиш кабидир. Дунё моли муайян вақт ичида наслдан наслга ўтиб, яна дунёга қолади”.

“Ўлим фариштаси ғофил бойнинг жонини олиш билан уни уйқудан уйғотади. У ўзи ҳақиқий эгаси бўлмаган бойликлар учун дунёда чеккан қийинчилик ва заҳматларини ўйлаб, ҳайртага тушади, минг марталаб пушаймон бўлади. Лекин энди бу пушаймонликлар унга фойда бермайди…”.

АЛДАНИШ ВА ЗИЁН ЮРТИ

Ҳақиқий ақллилик – илоҳий амрга итоат қилиш бўлиб, асл истиқбол шу итоатдадир. Бу айни замонда абадий ҳаётга жиддий ҳозирлик кўриш ҳамдир.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло ақл ҳақида шундай марҳамат қилади:

“Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар” (“Бақара” сураси, 197-оят).

“Ваъз-эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар” (“Бақара” сураси, 269-оят).

“…ақл эгаларигина эслатма оладилар” (“Раъд” сураси, 20-оят).

Бир одамни Пайғамбар алайҳиссаломга кўп мақтадилар. У зот (с а в) бу одамни ҳар мақташганда: “Ўзи ақллими?”, деб сўрар эдилар.

Бир ҳадисда: “Ақлли киши нафсини ҳою-ҳавасга бермаган, ўлимдан кейинги охират ҳаёти учун ҳозирланган кишилардир” дейилади.

Аллоҳ таоло аҳли донишларга ибратли ҳодисалардан ўрнак олишлари лозимлигини марҳамат қилади. Бу дунёнинг алданиш ва зиён юрти эканини; ҳаёт – бешик билан тобут орасидаги тор йўлак эканлигини билдиради.

Қуръони каримдаги пайғамбарлар ҳақидаги қиссаларда ўзини ақлли деб ҳисоблаган бадбахт, золим ва ғаддор кишиларнинг аҳмоқона хатти-ҳаракатлари ибрат ўлароқ келтирилади. Масалан, Мусо алайҳиссаломнинг амакиваччаси Қорун Худо ярлақаган кишилардан бўлиб, Тавротни жуда яхши ўқир эди. Унга сирли илмлардан “симё илми” ҳам раво кўрилган эди. Зуҳд ва тақво соҳиби эди. Аллоҳ таолонинг хазиналар тўла бойлик бериши уни Ҳаққа яқинлаштириш ўрнига, ундан узоқлаштирди. Бойлигини бут ҳолига келтириб, унга сиғина бошлади.

Мусо алайҳиссалом Қорунга бойлигидан берилиши лозим бўлган закот миқдорини айтганда:

— Бу бойликларни ўзим тўплаганман, — деб, закот беришдан бош тортди. Дунё моли кўзини кўр қилиб қўйгани учун Мусо алайҳиссаломга туҳмат қилишгача бориб етди. Натижада Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб, хазиналари билан бирга уни ер ютди…

Усмон Нурий ТЎПБОШ,

турк олими.

Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ таржимаси

2018 йил 13 август сонидан олинди

1+