ИТБОЗГА «ЭҲТИРОМ»

Шўро замонида қорга ёзиб, офтобда қуритиладиган ваъдалар анчагина эди. Масалан, собиқ иттифоқдаги барча миллатлар тенг ҳуқуқли, бир халқ иккинчи халқни камситиши мумкин эмас…

Чиройли шиорлар! Шунақа-ку… Ҳамма миллатлар тенг, аммо шоир зоти борки, йилда ақалли бир марта “уёққа” таъзим қилиб, ақалли икки сатр ҳамду сано битмаса, косаси оқармайди. Гоҳ ошкора, гоҳ яширин шовинизм бўлиб туради-ю, кўриб-кўрмаганга соласан. Ғиринг десанг, ўзингни “миллатчи”га чиқариб, кунингни кўрсатишади…

Саксонинчи йиллари қўлимга “Клуб служебного собаководства” деган китоб тушиб қолди. 1979 йили Москвадаги ДОСААФ нашриётида чоп этилган китоб. Эътироф этиш керак, китоб муаллифларининг бағоят тажрибали итшунос экани кўриниб турарди. Биласиз, ит – инсоннинг дўсти. Шарқ шеъриятида ҳам ит вафо рамзи сифатида кўп чиройли тасвирланган.

Бу китобчада итваччани қандай боқишдан тортиб, қандай чўмилтиришгача, ит зотини қандай аниқлашдан тортиб, қайси соҳа бўйича “мутахассис” қилиб тарбиялашгача – ҳаммаси баён этилган экан. И.Духновский дегани эса “Итларга қандай лақаб қўйиш керак?” сарлавҳали каттагина мақоласи билан чиққан. Мақолада кўп жўяли фикрлар бор. Духновский итга инсон исмини лақаб қилиб бериш тўғри эмаслигини таъкидлайди. Яхшиси, ҳайвонлар номи, табиат ҳодисаси ёки жўғрофий номларни танлаган маъқул экан, масалан, Бўрон, Момоқалдироқ, Тайфун, Казбек, Дон, Амур, Бўри, Олмахон дегандек…

Муаллиф шу тарзда итларга қўйиладиган лақаблар рўйхатини давом эттиради: Акбар, Алишер, Анвар, Араб, Асқар, Бек, Ботир, Жўра, Комила, Лола, Мухтор, Наим, Нодир, Наргис, Нодира, Умар, Падар, Рафиқ, Садир, Султон, Тоҳир, Тойир, Ҳайдар, Ҳасан, Шайх, Амир ва ҳоказо… Ана, сизга итларга мўлжалланган “одам эмаслар” номи! Хоҳлаганингизни танлаб олаверинг! Итингиз эркак бўлса – “Алишер”, урғочи бўлса – “Нодира”!

Майли, Духновский деган кимсанинг итдан бошқа ташвиши бўлмай қўя қолсин. Аммо ўша китобни минглаб нусхада чоп этган ноширлар ҳам ит билан ҳамтовоқми? Наҳотки, улар Алишер Навоийдек даҳо шоирни билмайдиган даражада нотавон бўлса? Умар Хайём деган буюк зот номини эшитмаган бўлса? Мухтор Авезов қозоқ халқининг машҳур адиби экани, ўзбек шоираси Нодира бутун бир хонликни идора этган давлат арбоби бўлгани наҳот қулоғига ҳам чалинмаган бўлса?! Буни бошқа халқларни ҳақорат қилиш – шовинизм демай, нима деб аташ керак?!

“Дўстлик ҳурматдан бошланади” деган аччиқ ва изтиробли мақолам шу мисол билан бошланган, унда марказий нашрларнинг Ўзбекистон устидан тоғора-тоғора мағзава ағдараётгани исботлаб берилган эди. Унинг бир нусхасини ДОСААФ нашриётига юбордим. Табиийки, жавоб беришни ҳам лозим топмадилар. Мақола ўзимиздаги газеталарда босилди, китобларга киритилди.

Барибир, Духновский каби итфеъллар қилмиши кўнглимнинг бир четида иштибоҳ бўлиб ётар эди…

Орадан бир-икки йил ўтгач, дилхиралик бирдан тарқаб кетди. Олис тоғ қишлоқларидан бирига борган эдим. Нотаниш бир киши уйига таклиф қилди. Мактаб ўқитувчиси экан. Бир пиёла чой ичиб кетмасам, қаттиқ ранжишини айтди. Турфа хил мевалар ғарқ пишиб ётган кенг саҳнли ҳовлига киришимиз билан этак томондаги молхона девори тагида ётган, қулоқ-думи кесилган ит важоҳатли акиллаб қолди. Мезбон итга ҳайқирди:

— Ўчир овозингни, Духновский!.. Ёт, Духновский!.. Духновский, сенга айтяпман!..

Ит норози алфозда ғингшиб, нари кетди.

Беихтиёр кулиб юбордим:

— Бунақа лақабни қаердан олдингиз?

— Сизнинг мақолангизни ўқигандим, — деди мезбон. Айтишича, шу қишлоқнинг ўзида олтита Духновский бор экан!

Ўткир ҲОШИМОВ

2018 йил 9 июл сонидан олинди

1+