УНУТИЛГАН КАТТА ИНСОН

Ўтмишнинг турли даврларида, шунингдек яқин тарихимизда ўз истеъдоди, ташкилотчилиги билан  халқаро майдонларда катта обрў-эътибор қозонган юртдошларимиз кўп бўлган. Афсуски, биз уларнинг аксариятини тириклигида қадрламаган эдик, вафотларидан сўнг ҳам  уларни хотирлашни, эл-юртга қилган хизматларидан ёшларни хабардор этишни ёдимиздан чиқариб қўймоқдамиз. Ана шундай унутилганлардан бири — таниқли дипломат, давлат ва жамоат арбоби, адиб ва драматург, адабиётшунос Сарвар Азимовдир.

Бу йил бу буюк инсон таваллудига 95 йил тўлди. Лекин минг афсуски, мен яқин йиллар оралиғида ўзбек матбуотида Сарвар Азимов ҳақида ҳеч бўлмаса биттагина мақола ёки ёднома чоп этилганини билмайман.

Бугунги ёшлар Сарвар Азимов ҳақида деярли ҳеч нарса билмайдилар. Ёшларни-ку қўя туринг, мен  мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида ўрта ёшдаги ижодкорлардан ҳам сўраб кўрдим, ҳатто улар ҳам Сарвар  Азимовнинг фақат номинигина эшитганларини, унинг фаолиятидан буткул бехабар эканларини айтишди. Демак, бу иқтидорли ижодкор, маҳоратли дипломат, қатъиятли раҳбар ҳақидаги  чорак асрлик  сукунат бизга анча қимматга тушибди. Биз ўз вақтида дунёга таниқли бўлган ҳамюртимизни буткул унутибмиз.

Хўш, Сарвар Азимов ким эди? Унинг тарихимизда тутган ўрни қандай?

Сарвар Азимов

Сарвар Азимов атоқли шоир Ҳамид Олимжоннинг укаси бўлиб, 1923 йилнинг 20 майида Жиззахда туғилган. Болалигидан илмга, китобга ҳавас руҳида улғайган Сарвар Азимов ўз таржимаи ҳолида шундай ёзади:

«Мен ўқишдан, китоб кўришдан қайтган бола бўлмадим. Шўхлигим  ўзимга яраша. Ўйнаб чарчамасдим. Тошкентдай  катта шаҳарда (Ҳамид Олимжон  Тошкентда Зулфияхонимга уйлангач, аяси ва укаларини ҳам  пойтахтга кўчиртириб  келган эди – муаллиф изоҳи) эса қишлоқ  боласини  чалғитадиган  нарсалар  етиб  ортарди. Лекин ўқиш меним тиниқ ҳавасим эди. Мураббийларимиздан бирининг «Бу бола ўқишни, ўқиш бу болани  яхши кўради» дегани ҳалиям эсимда… Мен  учун  яна бир  муҳим  мактаб — Ҳамид Олимжоннинг  саралаб йиғилган, адабиёт ва  санъат асарларига чунон бой кутубхонаси эди. Унинг ичидан  чиқмасам дердим, ҳатто аямлар буюрган иш ҳам малол келарди…».

Сарвар Азимов мактабни битиргач, Ўрта Осиё Давлат Университетида таҳсил олди. Унинг ўқиш даври Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги оғир йилларга тўғри келди. Маълумки уруш даврида Москва ва Ленинграддан А.Якубовский, Е.Бертельс, В.Жирмунский, Д.Благой, Б.Мейлах, А.Боровков сингари кўплаб олимлар Тошкентга келиб, университетда талабаларга маъруза ўқишар, ижодий-илмий жамоатчилик орасида турли тадбирлар  ўтказиб туришарди. Марҳум адабиётшунос олим, Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарофиддинов ёзганларидек, «бундай сарбаланд олимлар ёнида юриб, улардан таҳсил олгач, «мулла»  бўлмасликнинг иложи йўқ эди. Айни ўша кезларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб турадиган адабий кечалар, баҳс-мунозаралар, янги асарлар муҳокамалари, у ёки бу ёзувчининг  ижодий кечалари Сарвар Азимов учун иккинчи дорилфунун  бўлган эди. Уларнинг ҳаммасига канда қилмай қатнаган Сарвар  Азимов адабиёт дошқозонида обдон қайнади».

АДИБ, ФАН ДОКТОРИ, ПРОФЕССОР, МИНИСТР, ЭЛЧИ, ФИДОЙИ РАҲБАР…

Ҳамид Олимжоннинг укасидан умидлари катта эди, афсуски, уканинг келажагини кўриш буюк ижодкор акага насиб этмади. Сарвар Азимов 1945 йилда акасининг вафоти туфайли қаттиқ қайғу ичида қолганига қарамай, унга берган ваъдасининг устидан чиқиш учун аспирантурада таҳсил ола бошлади ва Ҳамид Олимжон ижоди  бўйича тадқиқот ишлари олиб бориб, номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади.

Келинг, шу ўринда Сарвар Азимов фаолияти билан қисқача танишиб ўтайлик. У 1948-55-йилларда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг тил ва   адабиёт  институтида илмий ходим, бўлим бошлиғи, директор ўринбосари;

1955-56-йилларда Марказқўмда фан ва маданият бўлими мудири;

1956-57-йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби;

1957-59-йилларда Ўзбекистон маданият министри;

1959-69-йилларда Ўзбекистон министрлар кенгаши раисининг ўринбосари ва ташқи ишлар министри;

1969-74-йилларда собиқ иттифоқнинг Ливандаги фавқулодда ва мухтор элчиси;

1974-80-йилларда собиқ иттифоқнинг Покистондаги  фавқулодда ва мухтор элчиси;

1980-88-йилларда яна Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби;

1988-91-йилларда Ўзбекистон республикаси ташқи ишлар  министри;

1990-91 йилларда республика Президенти Кенгашининг аъзоси   сифатида фаолият кўрсатди.

Сарвар Азимов Адабиёт институтидаги фаолияти даврида  мактаблар учун ўзбек адабиётидан дарсликлар яратишга бош бўлди. Озод Шарафиддиновнинг хотирлаб ёзишларича, «ўша пайтда кўп йиллардан бери мактабларда  ўзбек адабиёти тайинли дастурсиз ва ҳеч қандай дарсликларсиз  ўқитилар эди. Ўқитувчиларнинг умри материал қидириш билан ўтарди. Қаердаки ўзбек адабиёти тўғрисида, ўзбек ёзувчилари  ҳақида шапалоқдек материал чиққан бўлса, уни қидириб топиб, чатиб-ямаб, олақуроқ ҳолга келтиришар ва ҳар ким ўзбек адабиётини билганича ўқитарди». Ана шундай даврда Сарвар Азимовнинг ўзи бош бўлиб дарслик яратгани адабиёт ўқитувчилари учун катта совға бўлди.

1956-57-йиллардаги Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик даврида,  шахсга сиғиниш йиллари қатағонга учраб, қамоқда ўтириб келган  кўплаб адибларнинг оқланишига, уларга зарур шароитларни яратиб бериш ва асарларини чоп эттириш ишларига ҳам бош бўлди. 1957 йилда ўтказилган илк халқаро тадбир — Осиё ва Африка ёзувчиларининг биринчи конференцияси очилишида ўзининг катта ташкилотчилик қобилиятини кўрсатди. Энг асосийси, ўша йили  Тошкентнинг Чилонзор мавзесида қурилган янги уйлардан  ёзувчи ва шоирлар учун ўттизга яқин хонадон ажратиб берилишига эришди.

Маданият министри сифатидаги фаолияти давомида олис туманлар ва чекка қишлоқларда маданият уйлари, кутубхоналар барпо эттирди. Қишлоқ мактабларида мусиқий ансамбллар ташкил қилдириб, у ансамбллар қатнашчиларини Москвада бўлиб ўтган Жаҳон ёшлар фестивалида намунали қатнашишини таъминлади.

Маҳоратли ва кучли дипломат сифатида БМТ ва бошқа халқаро минбарлардан нутқ сўзлади. Ўн бир йил мобайнида Ливан ва Покистон давлатларида фавқулодда ва мухтор элчи  сифатида муваффақиятли ишлади.

Россиянинг «Международная жизнь» деган интернет нашри бор. Ўша нашрда қаҳрамонимизнинг дипломатик фаолиятидан яхшигина хабардор шахслар Михаил Цвигун ва Игор Халевинскийларнинг Сарвар Азимовнинг Покистон ва Ливандаги фаолияти, ушбу давлат раҳбарлари билан дўстона алоқалари ҳақида мисоллар билан сўз юритилган мақолаларини ўқисангиз, бу инсонни ўз даврининг нуфузли шахсларидан бири бўлганига янада ишонч ҳосил қиласиз.

МЕЧКАЙЛИК БАЙРАМИДАН УСТУН ЗИЁЛИ

Сарвар Азимов умр бўйи илм билан шуғулланишни канда қилмаган. У филология фанлари доктори даражасига, профессор  унвонига ҳам эга эди. Шу ўринда устозимиз Озод Шарафиддиновнинг «Ижодни англаш бахти» китобида келтирган хотираларидан бир ибратли воқеликни эътиборингизга ҳавола этмоқчиман. Устоз ёзадилар:

«Сарвар Азимов оғир-вазмин табиатли, эл қатори, ҳаммага ўхшаб  умргузаронлик қиладиган, оила ва бола-чақа ташвиши билан яшайдиган одам эди. Айни чоғда у ҳаммага ўхшамасликка, ҳамма ишда ўз йўлидан боришга, ўзига хос қиёфасини йўқотиб  қўймасликка ҳаракат қиларди. Ҳарҳолда, унинг эътиқодига мос келадиган, синалган яшаш принциплари бор эдики, (баъзан шу туфайли одамларнинг таъна-дашномларига дуч келса-да), уларга оғишмай  амал  қиларди.

Яхши эсимда, Сарвар Азимовнинг докторлик ҳимояси Гоголь  кўчасидаги 70-уйда — Фанлар академиясининг конференц залида  бўлди. Ўша куни шу катта ва кенг зал ҳам йиғилганларни сиғдира олмади. Одамлар ичида олимлар ҳам, шунчаки томошаталаблар  ҳам кўп эди. Яширишга ҳожат йўқ — меҳмонлар ичида зиёфат  иштиёқида келганлари ҳам етарли эди. Гап шундаки, ўша кезларда  диссертация ҳимоясидан кейин дастурхон ёзиш, банкет қилиш, олим бўлганини «ювиш» борган сари чуқур томир ёймоқда эди. Ўзбекнинг табиатида борми – билмадим — ҳар ҳолда, бу борада  ҳам мусобақалашиш, ҳаммадан олдинда бўлиш авж олганди. Оқибатда, бунақа банкетларда 200-300 киши иштирок этар, ҳатто карнай-сурнайлар чалиниб, зиёфат росмана тўйдай ўтарди. Одамлар  «Фалончининг диссертациясида нима янгилик бор экан?» деб  сўрашмас, «Ҳимоядан кейин зиёфат қандоқ бўлди?» деб  сўрашарди. Албатта олий рутбалик олимларнинг дастурхонидан  баҳраманд бўлиш ҳар куни ҳам насиб бўлаверадиган иш эмас. Ахир, бунақа зиёфатларнинг тавсифи таърифга сиғмас — дастурхонда қўзиқориндан тортиб, осетра балиғигача, Франциядан  келтирилган винолардан тортиб, Америка вискиси ва арман  коньякларигача муҳайё этиларди…

Биз кекса адабиётшунос Порсохон ака Шамсиев билан ёнма-ён  ўтириб, ҳимоядаги гапларни чала-ярим тинглаб, олимларнинг эзмалигидан ранжиб ўтирибмиз. Баъзан ҳадемай ёзилажак  дастурхоннинг ноёб ва тансиқ таомлари ҳақида шивирлашиб гаплашиб, бир-биримизнинг иштаҳамизни қитиқлаб қўямиз. Ниҳоят, ҳимоя тугади, ҳисоб комиссияси овоз бериш якунларини эълон қилди, кенгаш раиси диссертантни табриклади, диссертант  миннатдорчилик билдирди. Мана, ҳозир у камтарлик билан ерга қараб туриб, «Энди  ҳаммангиз бир пиёла чойимизни  баҳам кўрасизлар, марҳамат», деб илтижо қилади. Лекин диссертант негадир  одамларни таклиф қилишга ошиқмаяпти. У стол устидаги  қоғозларини йиғиштириб, папкасига жойлади-да, аста ўрнидан  туриб, бир-икки одам билан хайр-маъзур қилиб чиқди-кетди. Зиёфат дардида келганлар оғизлари очилганча қолишаверди. Порсохон ака билан икковимиз ҳам бир-биримизга тикилиб, сўлакларимизни ютганимизча қолавердик. Кейин Порсохон ака «Ҳе, ўша…» деган маълум сўзлар билан воқеага муносабатини  билдирди. Сўнг икковимиз ҳам чўнтакларни қоқиштириб, бор пулимизни санаб кўрдик-да, яқин ўртадаги ресторанга йўл олдик…

Сарвар Азимов эса аллақачон эскириб, бачкана бўлиб қолган, ҳақиқий зиёлиларга сира ярашмайдиган, мечкайлик байрамидан  ўзга нарса бўлмаган одатдан устун туришини, бу масалада  одамларнинг гап-сўзлари-ю, ғийбатларидан мутлақо  чўчимаслигини намойиш қилиб чиқиб кетганича, ҳеч нарса  бўлмагандек,  ўз фаолиятини  давом эттираверди».

«ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ — БЕКОРЧИХЎЖАЛАР САЛАНГЛАБ ЮРАДИГАН, ГАП СОТИБ, ВАЛАҚЛАШИБ ЎТИРАДИГАН,  КЎНГИЛОЧАР ГУЗАР ЭМАС!»

Сарвар Азимов адабий-илмий фаолияти давомида ҳикоя ва  қиссалар, киносценарийлар, рисолалар ёзди. Шунинг баробарида масъулиятли раҳбарлик ишларини ҳам уддалади, ташкилотчилик қобилияти, қаътиятлилиги, ғоятда маданиятлилиги, вақтнинг қадрига етишдек ноёб фазилатлари билан ҳаммага ибрат бўлди.

Келинг, яна Озод Шарафиддиновнинг хотираларига қулоқ тутайлик:

«Сарвар Азимов умри давомида ҳар хил масъулиятли лавозимларда  ишлади ва қаерда ишламасин, ўзининг раҳбарлик санъатида ноёб хислатларга эга эканини намойиш қилди. Унинг ташкилотчилик  қобилияти ҳам зўр эди. Сарвар Азимов талабчан, бир сўзли, қаттиққўл одам бўлган. Теварагида ҳамиша қатъий тартиб  бўлишини, ҳамма ишлар саришта бўлмоғини талаб қиларди. Айни чоғда у одамларга яхшилик қилишни ҳаётининг асосий шиори  қилиб олган эди. Ҳар ҳолда, мен уни таниган ва билган одамлардан Сарвар ака  тўғрисида шикоятомуз гаплар эшитмаганман. Тўғри, баъзи бир ёзувчилар билан унинг ўртасида анча кескин баҳслар  бўлганидан, унинг юзига қаттиқ-қаттиқ гаплар айтилганидан хабарим  бор. Лекин булар ўткинчи гаплар эди. Яхлит олганда эса у ўз фаолияти билан янги ўзбек адабиёти тарихида чуқур из қолдирди. Ана шу ҳар томонлама, иқтидорли ва истеъдодли   инсоннинг умр йўлини ўйласам, бир нарсага ҳайрон қоламан, ҳатто  шундай одамнинг ҳаёти ҳам фақат ғалабалардан, кўтарилишлардан  иборат бўлган эмас, муайян ишлари, муайян хизматлари учун у мукофотлар ҳам олган, албатта, лекин одамларнинг бир оғиз мададига муҳтож бўлган кезларда, атрофидагиларнинг   биронтасидан ўзини ёқловчи, дардига малҳам бўлгувчи сўз эшита олмай, изтиробда юрган пайтлари ҳам кўп бўлган…».

Хўш, раҳматлик Озод  акадек мунаққид  тан  берган  Сарвар Азимовнинг умр йўлларидаги  қайғули, «баъзи  бир  ёзувчилар  билан унинг  ўртасида  анча кескин  баҳслар  бўлган, унинг  юзига  қаттиқ-қаттиқ  гаплар  айтилган» ҳолатлар қандай эди?

Ўзбекистон Халқ Ёзувчиси  Тоҳир Малик «Ёзувчининг бахти ва бахтсизлиги»  китобида бу ҳақида шундай фикр билдирадилар:

«Сарвар  ака  юқори  мартабаларда  ишлаганлари  учунми, ички  тартиб-қоидаларни  ҳам юқори  даражада  бўлишини  талаб  қилардилар. Ёзувчилар уюшмасига раислик қилган вақтларида у кишининг  қабулхоналарига  етиб  бориш  қийинроқ  эди. Бу ҳолни одамлар «бюрократлик» деб  атаб,  қоралардилар. Тўғри, раиснинг  хонасига  ҳамма  ҳам  киравермаслиги керак. Ўринбосарлар  ҳал  қиладиган  масалалар бўлса, келганлар уларнинг  қабулига  юбориларди…».

Озод Шарафиддинов ҳам  Сарвар аканинг  уюшмадаги раҳбарлик  фаолиятини  қисман ёритиб  ўтганлар:

«У уюшмада ишни  қатъий  тартиб-интизом  ўрнатишдан  бошлади. Уюшмада  ишлайдиган  ҳар бир  ходим, ҳар қайси маслаҳатчи  ўз вазифасини  сидқидилдан  бажармоғи шарт  эди. «Ёзувчилар уюшмаси  бекорчихўжалар  саланглаб  юрадиган, гап сотиб,  валақлашиб  ўтирадиган,  кўнгилочар  гузар эмас», дерди. Бошқалардан  талаб  қилмоқ учун  раҳбар, аввало, ўзига талабчан  бўлмоғи керак. У ишини  шундай  уюштирдики, бирор  дақиқа  ҳам бекорчи  вақти  бўлмас эди. У ҳатто  ёзувчиларни  қабул  қиладиган  вақтини  ҳам аниқ режалаштириб  қўйди  ва бунга  қаътий  амал қилди. Котибият  мажлислари, секцияларнинг  ишлари  ҳам  қатъий  режа асосида  ўтказиладиган  бўлди».

Келинг, шу ўринда яна адибимиз Тоҳир Маликнинг хотираларини ўқийлик:

«Сарвар ака Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида иш бошлаган дастлабки кунлариданоқ уюшма мавқеини кўтариш ҳаракатини бошладилар. Қарангки, ўша вақтда икки-уч миллион аҳолиси бор Гуржистон ёзувчилар уюшмасининг аъзолари мингдан ортиқ бўлгани ҳолда,  Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг сони тўрт юзтага ҳам етмас экан. Албатта, бадиий адабиётнинг салмоғини уюшма аъзоларининг сони белгиламайди. Ҳазрат Навоий даврларида ҳеч қандай уюшма ҳам, унинг аъзолари ҳам бўлмаган. Лекин Совет тузуми даврида ёзувчиларга яхши шароит яратиб берилиши учун аъзолар сонининг аҳамияти бор эди. Шуни эътиборга  олиб, вилоятларда уюшманинг кўчма мажлислари ўтказилиб, унда кўплаб ёшлар аъзоликка қабул қилинди. Ҳатто, китоблари чиқмаган, аммо умидли ёшларни ҳам қабул қилишди. Бу ҳаракат эътиборли ёзувчилар томонидан қаттиқ танқид қилинди… Шунга қарамай, уюшма аъзолари сони кескин кўпая бошлади. Шунга қараб Москвадан талаб қилиб олинадиган нарсалар ҳам кўпайди. Биринчи галда уюшмада ишловчи адабий маслаҳатчилар сони ошди, вилоятлардаги бўлимлар фаолияти яхшиланди. Ҳар йили декабр ойида бериладиган ўн дона «Москвич» автомашинаси ўрнига «Жигули» берила бошланди. Йиллар давомида автомашина олиш  учун навбатда туриш ҳам барҳам топди. Бошқа идораларда бу навбат рўйхатига  ёзилган  одам тўрт-беш йилдагина ниятига етарди. Ёзувчилар уюшмасида эса «Кимга  машина, кимга гилам керак?» деб сўрайдиган бўлишди. Тошкентнинг Дархон аталмиш жойида  олимлар учун  шинам  уйлар қурилган  эди, шунинг бир қаноти  ёзувчиларга берилди. Хуллас,  Сарвар Азимов раислик қилган даврда Ёзувчилар уюшмаси  катта вазирлик имтиёзларига  эга  бўлди».

Ўша вақтларда Сарвар Азимов «Ўткан кунлар» романининг қайта нашр этилишига ҳам эришган ва бу йўлда кўплаб қаршиликларни енгиб ўтишига тўғри келган эди. Ҳатто «Ёшлик» журналининг ташкил этилишига ҳам айнан Сарвар Азимов бош-қош бўлган.

Тоҳир Малик 1981 йилнинг августида  Латвияга боргани, ўша ерда Сарвар ака билан бемалол суҳбатлашишга имконият туғилгани  ҳақида сўз юритар экан, Ригага қилинган биргаликдаги сайр  давомида  шоир Ян Райнис қабрини  зиёрат қилишганини шундай хотирлайдилар:

«Қабристондаги энг катта ҳайкал Латвиянинг буюк шоири Ян Райнис қабрига  қўйилган экан. Аммо ҳайкалда биздаги каби  шоирнинг қиёфаси  акс  этмаган, балки  денгиз тўлқинларидан  кўтарилаётган, уйғонаётган  йигит  акс эттирилганди. Бу  миллатнинг уйғонишига  ишора эди. Шоирнинг қиёфасига  эмас, юрак дардига, юрак орзусига  қўйилган ҳайкал эди у! Айтишларича, бу  ва шаҳар  марказидаги  озодлик  ҳайкалидан  сўнг ҳайкалтарош  бошқа  ишга  қўл  урмаган  экан… Ян Райнисга  қўйилган ҳайкал  Сарвар акага  ҳам  таъсир қилган  эканми, кечки пайт  шу ҳақида  гаплашиб  ўтириб, «Бизнинг  ёзувчиларимизга  нима бўлган, а?» деб қолдилар. Саволга тушунмадим, нима  деб жавоб  беришни  билмай  турганимда  ўзлари мушкулимни  осон қилдилар:

— Бир-бирларини  тинмай  ғийбат  қиладилар. Ғийбат  ҳамма ерда бор, бунга ажабланмайман. Лекин ёзувчиларникига чидаш қийин экан… Қаранг, икки ёзувчи ёшликдан дўст. Мартабасида ҳам, унвону мукофотларида ҳам  бир-биридан  кам  жойи йўқ. Дўстликларини мустаҳкамлаш  учун ҳатто қуда  бўлганлар. Биттаси ҳузуримга  кириб, «Шу довдирни  ишдан  олиб  яхши  қилдингиз», деса, иккинчиси  «Бу  аблаҳ  нашриётдаги ўйнашларига тўймай, энди менинг  қизимга ҳам шилқимлик  қилаяпти», дейди! Ўйнаш  ҳақидаги гапларни эшитгандим, лекин ўз келинига  шилқимлик  қилиши, яна  бу гапни қизнинг отасидан  эшитиш  мени ларзага солди! Шилқим  қайнотани  Худо урган бўлса, қизнинг  отаси  бу  шармандали  гапни  бегона одамга  қайси юз  билан  айтяпти?..».

РАШИДОВНИНГ ЯГОНА ҲИМОЯЧИСИ ВА НОНКЎР ЁЗУВЧИЛАР

Озод Шарафиддинов ўша  йиллардаги серғалва  воқеликларни эсларкан, машъум XVI пленумдаги Шароф Рашидовни  қоралаш  кампаниясида  фақат Сарвар Азимовгина жасорат билан   ҳақиқатни баралла айта олганини таъкидлайдилар:

«Пленумда  танқид ҳар қандай чегарадан чиқиб  кетди, Шароф Рашидовнинг ҳар  қандай  ижобий  томонларини  исботсиз-далилсиз  рад  қилиш  йўлини  тутдилар. Ўзбекнинг атоқли арбобига  нисбатан  жуда  катта  адолатсизлик бошланди. Бундай  муносабат  ўзбек халқининг  шаънига  ҳам ярашмайдиган  бир  иш эди. Энг ёмони  шу  бўлдики, зални  тўлдириб  ўтирган  одамларнинг  ҳаммаси Шароф Рашидовни кўрган, шахсан танийдиган, унинг  яхшиликларидан  баҳраманд  бўлган, ҳаётлигида  унинг  соясига  кўрпача  ёзиб  юрган  одамлар  эди. Рашидов шаънига  ёғдирилган  бўҳтонларни  кимдир   ачиниш  ва таассуф  туйғуси  билан, кимдир лоқайдлик  билан, лекин ҳаммалари  қўйдай  юввошлик  билан,  индамай  ўтириб  эшитишди  ва қарсаклар  билан  қўллаб-қувватлашди  ҳам. Фақат  бир одамгина дадиллик билан минбарга чиқди ва Шароф  Рашидовга  нисбатан бундай бир ёқлама  муносабатни  кескин  қоралади. Унинг  нутқи   Рашидовни фош  қилишдек  ношойиста ишга  бош-қош  бўлганларнинг  юзига  урилган  қаҳрли  тарсаки  бўлди. Қизиқ, Сарвар Азимов  ўша куни  минбарда  туриб  сўзлаётганида  яқин  ўртада  шунга  ўхшаш  бошқа бир  пленумда ўзи ҳам  Шароф  Рашидовнинг  аҳволига  тушажагини  ўйлаганмикин, унинг  устидан  куракда  турмайдиган  бўҳтонлар  сели  қуйилганда, унга нисбатан  ҳам  ўта адолатсизлик  қилинганда  ҳеч ким  ўрнидан  туриб, уни ёқлайдиган бирон гап  айтмаслигини  хаёлига  келтирганмикин? Билмадим… Ҳар ҳолда, ўшанда  Сарвар Азимовнинг  минбардан  туриб айтилган  қиличдан ҳам  ўткир,  рост  гаплари  бир қатор  мутасаддиларни  тўнини  тескари  кийиб  олишга ундади  ва улар  Азимовга қарши  ялпи  ҳужум  бошлаш  учун баҳона  излай  бошладилар».

Хуллас, мафкура бўйича  номи  чиққан  котиба   Сарвар  Азимовга қарши  турли бўҳтонларни уюштирди. Бироқ  бу  «айбловлар» ҳам, олтмишдан ортиқ думалоқ хатлар  ҳам ўз исботини топмади. Шундай  бўлса-да,   мафкуравий хўжайин    Азимовни   уюшма раҳбарлигидан олишга эришди. Бу  ҳақида раҳматлик Озод ака шундай хотирлаганди:

— Котиба кимларнингдир  «оқ фотиҳа»сини  олган бўлса  керакки, шошилинч  равишда Ёзувчилар уюшмасининг  пленумини  чақирди ва унда Сарвар Азимовнинг  ишдан олинганини  эълон қилди. Зални тўлдириб  ўтирган  ёзувчилар  бу ахборотни  миқ этмай  эшитишди. Уюшмада чин  юракдан, фидойилик  билан ишлаган, уюшмага   ҳам, ёзувчиларга  ҳам   анча-мунча  хизматлари  сингиб улгурган  Сарвар  Азимов  учун  ҳатто  бир оғиз  раҳмат айтгувчи топилмади. Ҳолбуки, у айни  шу куни — ўзига  нисбатан  мислсиз  адолатсизлик  содир  бўлаётган  анжуманда одамларнинг  мададига  муҳтож, бир оғиз  ширин  гапига зор  эди. Ҳеч  кимдан садо  чиқмади. Сарвар Азимов  йиирик-йирик, лекин  анча маъюс  тортиб  қолган  кўзларини  залга  тикди-да, маънодор  қилиб:

— Ҳаммаларингга раҳмат! – деди.

…Орадан бир  оз вақт ўтиб, ҳамма Сарвар Азимовни «тамом бўлди»га чиқарган бир пайтда у Ўзбекистон Ташқи ишлар министри лавозимига тайинланди. Чунки Москвада  Сарвар Азимовнинг лаёқатини, ишчанлигини жуда қадрлашар ва собиқ иттифоқ  раҳбарларининг ўзи Азимовни қўллаб, шу лавозимга қайта тайинлаган эдилар.

Озод  аканинг хотирлашича, «орадан  кўп  ўтмай, Сарвар Азимов бетобланиб  қолди. Тақдирнинг  адолатсизликларидан тўйган, одамларнинг  хиёнатидан  ва мунофиқлигидан  ҳафсаласи  пир бўлган  бу инсон бетоблигида  кўргани  келганларнинг   бирортасини ҳам қабул қилмай, оламдан  кўз юмди. XX аср  ўзбек  жамиятидаги  энг ўзига хос, энг фаол, энг ишчан, энг ҳақгўй  одамлардан  бирининг  ҳаёти  ана шундай  руҳсиз  бир  ҳолатда  сўнди…». Бу вақтда Сарвар  Азимов  71 ёшда эди.

Тоҳир Маликнинг ёзишича, Сарвар Азимов  1966 йилдаги Тошкент зилзиласига оид  романни  ёзиб бошлаган экан, афсуски, якунлаш насиб бўлмади…

Бу сурат 1969 йилнинг 11 сентябр куни Ливаннинг Баабде шаҳридаги президент саройида олинган.
Суратдагилар: чапда – Иордания қироли Ҳусайн; ўртада — собиқ Иттифоқнинг Ливандаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сарвар Азимов; ўнгда – таржимон М.Цвигун.

Тўла ишонч билан айтаманки, Сарвар Азимов хотирлашга, эъзозлашга лойиқ, муносиб шахс. Хўш, унда бу инсон ҳақида сукут сақлашнинг сабаби нимада? Бефарқликдами? Наҳотки Сарвар Азимовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли уй-жойли  бўлган, катта-катта имтиёзлардан фойдаланган  ижодкорлар бугунги  ислоҳотлар  даврида    ҳам  жим ўтираверсалар?! Бу   Сарвар Азимов хотирасига нисбатан  беписандлик  эмасми?!

Таклифим шуки, Сарвар Азимовнинг номини абадийлаштиришимиз керак. Тошкентдаги  адиблар хиёбонида, она юрти Жиззах  шаҳрида унга ҳайкал ўрнатайлик, асарларини  қайтадан   нашр этиб, саҳнага олиб чиқайлик. Номини  олий ўқув юртларига, кўчаларга қўяйлик. Ёш олимларимиз Сарвар Азимовнинг серқирра фаолияти ҳақида илмий  тадқиқот ишлари олиб борсинлар. У инсон ҳақида ҳужжатли фильм  ишлаб, оммавий ахборот воситалари орқали Сарвар Азимов  ҳаёти, ижоди ва фаолиятини   ёритайлик, кенг оммага  унинг   кимлигини  баралла айтайлик. Насиб бўлса, 2023 йилда Сарвар Азимовнинг 100 йиллигини муносиб нишонлайлик. Сарвар ака бунга арзийди! Зеро, раҳматлик Озод Шарофиддинов айтганларидек, «Сарвар Азимов – катта инсон эди!»

Умид БЕКМУҲАММАД тайёрлади

2018 йил 12 ноябр сонидан олинди

 

1+